Арава бузилса ўтин,
Қиз бузилса — хотин.
Беномусга кунда тўй.
Беномусга не номус.
Бешармга арпа уни баҳона.
Беҳаёлар бел боғласа,
Ҳаёлилар уйга кирар.
Бойлик кетса кетсин,
Ор-номус кетмасин.
Бор борини ейди,
Уятсиз — орини.
Боссанг, чувалчанг ҳам қимирлар.
Боссанг, қурбақа ҳам «вақ» этар.
Виждонсиз — имонсиз.
Дашном еганим — беш нон еганим.
Жонингни фидо қилсанг қил,
Номусингни фидо қилма.
Итнинг ори келса, суякка ҳам қарамас.
Йигитни ор ўлдирар,
Туяни — сарбон.
Йигитнинг моли бўлгунча, ори бўлсин.
Йигитнинг сазаси сингунча,
Шайтоннинг бўйни узилсин.
Йигитнинг сазаси ўлгандан
Ўзи ўлгани яхши.
Йигитнинг хуни — юз йилқи,
Ор-номуси — минг йилқи.
Йигитнинг хуни — юз танга,
Ор-номуси — минг танга.
Йигитнинг хўрлиги — ўлимдан қаттиқ.
Йиқилганни ер кўтарар.
Калдан тароқ сўрама.
Кўзи йўқнинг юзи йўқ.
Лафз — пулдан қиммат.
Мол — жоним садағаси,
Жон — орим садағаси.
Мол сақлама, ор сақла.
Мол талашма, орга талаш.
Молингга суянма, орингга суян.
Не ёмон, ор-номус ёмон.
Ножўя ишдан ёш бола ҳам уялар.
Номус — ярим ўлим.
Номус — ўлимдан қаттиқ.
Номусни ёшликдан асра.
Номуссиз юрмоқдан номусли ўлмоқ яхши.
Обрў иситар, уят куйдирар.
Одам очликдан ўлмас, ордан ўлар.
Одамни номус ўлдирар,
Қуённи — қамиш.
Ори бўлмаган йигитдан номусли қиз яхши.
Ори йўқнинг оҳори йўқ.
Орли орига қараса,
Орсиз енгдим дер.
Орли орланиб турар,
Орсиз еб тўяр.
Орсиз турмушдан орли ўлим яхши.
Орсизга — олти кун байрам.
Орсизга тупурсанг, ёмғир дер.
Орсизда ақл бўлмас,
Ақл бўлса ҳам нақл бўлмас.
Ота билан орсиз талашар.
Отали етим — орсиз етим,
Онали етим — орли етим.
Пардали қиз — парига тенгсиз.
Пастак тоғда қор бўлмас,
Ароқхўрда — ор.
Пул кетса-кетсин, обрў кетмасин.
Пулнинг кўзи йўқ,
Бахшининг — юзи.
Саёқ юрган таёқ ер.
Тамизлиси она бўлай деб қайғурар,
Олифтаси оқ сочини кунда бўяр.
Тойдан той қолса, қулоғини тишлар.
Тоғ бошида қор бўлар,
Эр кишида ор бўлар.
Туздаги чўпонга, уйдаги хотинга ўзи инсоф берсин.
Ургандан туртган ёмон,
Сўзлагандан сўккан ёмон.
Уят — ўлимдан қаттиқ.
Хато қилмоқ бордир,
Тузатмаслик ордир.
Хотинсизлик — меҳнат,
Хотинбозлик — лаънат.
Чин бойлик — имон бойлиги.
Шавла кетса-кетсин,
Обрў кетмасин.
Шавла кетса қўлингдан,
Кетганига рози бўл.
Обрў қолса ўзингда,
Хурсанд бўлиб, тўйлар қил.
Шаллақи кўпирса,
Гап айтмай тупур.
Шаллақида гап кўп.
Шарманда, охир қолар армонда.
Шармандага шаҳар кенг.
Шармсизлик — шармандалик нишони.
Шаъни шавқат истасанг,
Шармандалик йўлдан қайт.
Шаҳар — шарманданики.
Элдан чиқсанг ҳам, диндан чиқма.
Эман дарахтининг эгилгани — сингани,
Эр йигитнинг уялгани — ўлгани.
Эр йигитга икки номус — бир ўлим.
Эр йигитни номус ўлдирар.
Эр номуси — эл номуси.
Эчкида эт йўқ,
Орсизда — бет.
Эшикчининг қорни тўқ,
Уйга борса, юзи йўқ.
Юз-юзга тушар,
Уят — ичга.
Ярли бўлсанг ҳам, орли бўл.
Яхши қилар ор,
Ёмондан ҳамма безор.
Ўйнашга ишониб, эрсиз қолма.
Ўғри дўқи билан қўрқитар,
Ёмон аёл — йиғиси билан.
Ўғри кулиб енгар,
Ғар — йиғлаб.
Ўғри қариса, сўфи бўлар,
Ғар қариса, отин бўлар.
Ўғрининг ишига тўғри уялар.
Қаторда нори борнинг ори бор.
Қиз бор — наф текизар,
Қиз бор — гап текизар.
Қизил эт кетар,
Қизарган бет қолар.
Қизил юзинг қизартирма,
Узун тилинг қисқартир.
Қизни эркига қўйсанг, ўйинчига тегар.
Қуданинг моли бўлгунча, ори бўл.
Ғайрат — отда, ҳаё — кўзда.
Ғайрати борнинг имони бор.
Ғанимат — ғарники,
Ундан қолса — карники.
Ғар бўл, ўғри бўл, инсофли бўл.
Ғар ўзига эш тортар,
Ёмон айбини бировга ортар.
Ғар ўзига ғалтак қилар,
Ўғри ўзига ўртоқ қилар.
Ғар қариса, ғамзаси қолмас,
Кўл қариса — қурбақаси.
Ғарни ғар десанг, ўлгиси келар,
Соғни ғар десанг, кулгиси келар.
Ғунажин кўз сузмаса,
Буқача ип узмас.
Ҳаё кетди — бало етди.
Ҳаёли ҳаёдан қўрқар,
Беҳаё недан қўрқар.
Ҳаёлиси бола кўрса, онаман дер,
Таннозлари ўз боласини укам дер.
Ҳаёси йўқнинг имони йўқ.
Ҳаёсизга шаҳар катта.
Ҳаёсизга ҳар кун ҳайит.
Ҳаёсизлар йиғилган ерда ҳаёлилар тоққа қочар.
Ҳазил эди, чин бўлди,
Ўйнаш эди, эр бўлди.
Ҳузур-ҳузур, бетамизники — ҳузур.