Стив Жобс: “Хаёлга ошно бўл, хатодан қўрқма”

Стив Жобс (1955-2011) ҳаётлик давридаёқ машҳурликнинг энг юқори чўққисини забт этган дунёнинг ноёб шахсларидан бири ҳисобланади. У бу мартабага нафақат ахборот технологиялари ва бизнес оламидаги муваффақи­яти, балки ғайритабиий истеъдоди шарофати билан эришган. Уни дунёни ўзгартира олган инсон, узоқни кўра олувчи даҳо, учқур хаёл соҳиби, бунинг устига ўз даврининг овозига айланган нодир нотиқлардан бири деб атайдилар. Компютерни у ўйлаб топган эмас, аммо у маҳорат билан ғояни ҳақиқатга айлантира олган инсон эди.

Стив Жобс 1975 йили «Apple Computer» корхонасига асос солади. Қўлда маҳсулот ишлаб чиқарувчи торгина, деразасиз гаражда устахона сифатида иш бошлаган компания ўн йилдан кейин ахборот технологиялари соҳасида жаҳон миқёсида тан олинган, ихтиролари дунёни бошқарадиган етакчи компанияга айланади. 

Стив Жобс Стэнфорд университети талабалари ҳузурида сўзлаган  ғаройиб нутқида мақсад ва амал ҳақида ҳикоя қилади. Бу нутқда нотиқлик ва драма санъатининг барча қоидаларига риоя қилинган. 

Бу нутқ замонамизнинг энг илҳомбахш ва кишини мақсад сари дадил одимлашга ундовчи нутқларидан бири сифатида тан олинган.

* * *

Стэнфорд университети, 2005 йил 12 июн

Бугун дунёнинг энг нуфузли университетларидан биридаги диплом топшириш тантанасида қатнашиш мен учун улкан шараф. Каминага олий таълим муассасасини битириш насиб қилмаган. Тўғрисини айтсам, ҳозир ана шу бахтга ҳар қачонгидан ҳам яқиндекман. Сизга ўз ҳаётимдан учта ҳикоя айтиб бермоқчиман. Бор-йўғи – шу. Ҳайрон бўладиган жойи йўқ. Учта оддий ҳикоя.

Биринчи ҳикоям нуқталарни бирлаштириш ҳақида.

Мен Рид-коллежда олти ой таҳсил олгач, ўқишни ташладим, аммо коллежни узил-кесил тарк этгунимга қадар яна бир ярим йилча бориб-келиб юрдим.

Хўш, нега мен коллежни ташлаган эдим?

Ҳаммаси мен туғилмасимданоқ бошланган. Биологик онам – эрга тегмаган ёш аспирант – мени бирорта ўзига тўқ оилага фарзандликка беришга қарор қилади. Яна унинг талабига кўра, мени фарзандликка олувчилар олий маълумотли бўлиши керак эди. Шундай оила топилган ҳам. Келишувга биноан туғилганим заҳоти бир ҳуқуқшунос оиласи мени фарзандликка олиши лозим экан. Бироқ дунёга келганимдан сўнг улар қизалоқ асраб олмоқчи бўлганини айтиб, мендан воз кечишибди. Туғруқхонадагилар ярим тунда бола асраб олишни хоҳловчилар рўйхатида турган бошқа оилага қўнғироқ қилади: «Бизда кутилмаган ўғил чақалоқ туғилди. Оласизми?». Улар жон-дили билан рози бўлади. Кейинчалик онам мени асраб олмоқчи бўлган оиладаги аёлнинг коллежни, эркак эса ўрта мактабни ҳам тугатмаганини билиб қолгач, чақалоғини фарзандликка беришга розилик хатини имзолашдан бош тортади. Бир неча ой ўтиб, каминани асраб олмоқчи бўлган ота-онам мени, албатта, коллежда ўқитишларини ваъда қилгандан сўнггина у шаштидан тушади.

Шундай қилиб, ўн етти йилдан сўнг мен коллежга бордим. Аммо оқибатини ўйламасдан Стэнфорд каби қиммат коллежни танлаб қўйган эдим. Бу даргоҳда ўқишда давом этсам, олий маълумоти бўлмаган, одмигина яшаган ота-онамнинг тежаб-тергаб йиққан барча маблағи таҳсил пулини тўлашга кетган бўлар эди. Шунинг учун уларни асраш ниятида ўқишни ташлашга қарор қилдим. Ўқишни ташлаганимдан буён ўзимни қизиқтирмаган нарсалар билан шуғулланишни ҳам йиғиштирдим ва ўзимга қизиқарли туюлган нарсалар билан машғул бўлдим.

Аҳволим унчалик яхшимасди. Ётоқхонада хонам бўлмаганидан жўраларимнинг хоналарида полда ётиб юрардим, егуликка пул топиш учун кола шишаларини йиғиб, 5 центдан топширардим, жилла қурса,  ҳафтада бир марта тўйиб овқатланиш мақсадида якшанба кунлари кечқурун шаҳарнинг у четидан бу четигача етти мил йўл босиб, кришнавийлар ибодатхонасига борардим. Бу менга ёқарди. Мен ўта қизиқувчанлигим ва ички сезгим туфайли  бошимдан ўтказган кўп нарсалар кейинчалик жуда фойдали бўлиб чиқди. Мисол келтиришга ижозат беринг.

Менимча, ўша вақтлар Рид-коллеж мамлакатдаги каллиграфия энг яхши ўргатиладиган муассаса эди. Бутун кампусда барча плакатлар, барча сурилма қутилардаги тамғаларнинг ҳаммаси ҳуснихат хат билан қўлда ёзиларди. Ўқишни ташлаганим учун дарслардан четлатилган эдим. Шу боис ҳуснихатни ўрганиш мақсадида каллиграфия курсига ёзилдим. У ерда мен кертикли ва кертиксиз шрифтлар тўплами, ҳар хил комбинацияларида ҳарфлар ўртасидаги масофанинг ўзгариши, ажойиб типографика асоси нима экани ҳақида билиб олдим. У жудаям нафислиги билан кишини лол қолдирарди. Ундан тарих нафаси уфуриб турарди. Бу шунчалар ажойиб эдики, таърифига тил ожизлик қиларди ва мен каллиграфияга мафтун бўлган эдим.

Ўрганганларимни бир кун келиб амалда қўллайман деган фикр хаёлимга ҳам келмаган. Аммо орадан ўн йил ўтиб, биз биринчи Макинтошни ишлаб чиққанимизда, ўрганганларим менга қўл келди. Уларнинг барчасини Макни ишлаб чиқишда қўлладик. У чиройли типографияли биринчи компьютерга айланди. Агар коллеждаги ўша курсга ёзилиш фикри миямга келмаганида Макда ҳеч қачон бир нечта шрифтлар тўплами ёки пропорционал шрифтлар (ҳарфларининг эни ҳар хил бўлган шрифт, ҳарфларининг эни бир хил бўлган шрифтлардан, масалан, ёзув машинкалари шрифтларидан фарқ қилади) бўлмас эди. Яна Windows учун уларни Макдан шунчаки кўчириб олишганини ҳисобга оладиган бўлсак, компьютерда уларнинг мавжудлиги ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Агар мен ўқишни ташламаганимда ўша каллиграфия курсига ҳеч қачон қатнамаган бўлардим, компютерлар эса шундай ажойиб типографикасиз қолиши тайин эди. Албатта, коллежда эканимда бу нуқталарни бирлаштиришнинг мутлақо иложи йўқ эди. Аммо орадан ўн йил ўтгач, бу нуқталарнинг бир-бирига боғлиқлиги кундай равшан бўлиб қолди.

Қайтараман: сиз келажакка қараб туриб нуқталарни асло бирлаштира олмайсиз; фақат ўтмишга назар солиб уларни бирлаштириш мумкин. Шундай экан, бу нуқталар сизнинг келажагингизда бирон-бир тарзда бир-бири билан бирлашишига астойдил ишонинг. Ўзингизнинг феъл-атворингизга, тақдирингизга, ҳаётингизга, насибангизга ишонинг. Бундай ёндашув менга бирор марта панд бермаган ва ҳаётимни буткул ўзгартириб юборган.

Иккинчи ҳикоям муҳаббат ва йўқотишлар ҳақида.

Менинг омадим келди: дарҳол ўзимга ёқадиган иш топдим. Йигирма яшарлигимда Воз (Стив Возняк – Жобснинг мактабдош дўсти, улар биргаликда «Apple» компаниясига асос солишган) билан бирга ота-онамнинг гаражида «Apple»га асос солдик. Астойдил ишладик ва ўн йилдан сўнг «Apple» гараждаги икки кишидан тўрт минг ходим ишлайдиган, икки миллиард долларлик компанияга айланди. Мен бу пайтда ўттизга киргандим. Бир йил бурун биз ижодимизнинг энг яхши маҳсули – Макинтошни ишлаб чиқардик. Кейин эса мени ишдан бўшатишди. Аммо қандай қилиб компания асосчисини ундан ҳайдаш мумкин? Нима ҳам дердик.

Бунинг сабаби қуйидагича: «Apple» йириклашди ва менинг таклифим билан компанияни мен билан бирга бошқариш салоҳиятига эга бўлган бир кишини ишга ёлладик. Дастлабки кезларда ишларимиз яхши борди. Лекин кейинчалик у билан келажак ҳақидаги қарашларимизда тафовутлар юзага кела бошлади ва ниҳоят биз жанжаллашиб қолдик. Бу можарода директорлар кенгаши унинг ёнини олди. Шу тариқа ўттиз ёшимда мен ишдан бўшатилдим, боз устига ҳамманинг кўз ўнгида. Бутун онгли ҳаётим мобайнида интилган нарсамдан айрилиб, ҳафсалам пир бўлди.

Бир неча ой нима қилишни билмай юрдим. Менга берилган эстафета таёқчасини қўлдан тушириб юбориб тадбиркорларнинг илғор авлодининг ишончини оқлай олмаганимни ҳис қилиб эзилардим. Дэвид Паккард ва Боб Нойс («Hewlett-Packard» ва «Intel» компанияларининг асосчилари) билан учрашиб, йўл қўйган хатом учун узр сўрамоққа чоғландим. Мен ҳамманинг кўз ўнгида муваффақиятсизликка учраб, бу даҳшат водийсидан қандай қилиб чиқиб кетиш ҳақида ўйлардим. Аммо руҳимда нималардир аста-секин уйғона бошлаган эди – ҳамон нима ишни яхши кўрсам ўшани қилардим. «Apple»да юз берган воқеа мени ўзгартира олмаган эди. Кўкрагимдан итаришса ҳам мен ҳануз уни яхши кўрардим. Шу боис ҳаммасини бошидан бошлашга қарор қилдим.

Ўшанда мен буни сезмаган эканман, «Apple»дан қувилишим ҳаётимда юз берган энг яхши воқеа бўлиб чиқди. Ғолибликнинг масъулияти елкасидан босиб турган одамдан бирор нимага ишончи унчалик қатъий бўлмаган беғам бошловчига айландим. Зеро, ўшанда ҳаётимдаги ижодим энг гуллаган даврлардан бирига қадам қўйиш учун ишдан озод бўлган эканман.

Кейинги беш йилда шахсан ўзим «NeXT» деб атаган компанияга, «Pixar» деб атаган яна бир компанияга асос солдим, ажойиб бир аёлни севиб унга уйландим. «Pixar» тарихда биринчи бўлиб компьютерда ишланган анимацион фильм – «Ўйинчоқлар тарихи»ни яратди ва бугунги кунда дунёдаги энг муваффақиятли анимация студияси ҳисобланади. Мени ҳайрон қолдириб, «Apple» «NeXT»ни сотиб олди ва мен «Apple»га қайтдим, «NeXT»да ишлаб чиқилган технология эса «Apple»нинг бугунги юксалишининг негизига айланди. Лорен иккаламизнинг оиламизга эса кўпчилик ҳавас қилади.

Мен шунга аминманки, агар «Apple»дан қувилмаганимда буларнинг ҳеч бири юз бермас эди. Бу жуда аччиқ, аммо касалнинг шифо топиши учун зарур бўлган бир дори эди. Баъзан ҳаёт бошга тўқмоқ билан уради. Ноумид бўлманг. Мен аминманки, ягона суянчим ўз ишимга муҳаббатим бўлган. Нимани яхши кўрсанг шуни излашинг керак. Бу ишга ҳам, муносабатларга ҳам тааллуқли. Иш ҳаётингизнинг катта қисмини банд этиши турган гап, ундан роҳатланишга ёрдам берувчи ягона туйғу жуда катта иш қилаётганингга ишонишдир. Буюк ишни амалга ошириш учун эса уни севиш керак. Агар сиз уни ҳали топмаган бўлсангиз излашда давом этинг. Таслим бўлманг. Юракка тааллуқли ҳамма нарса сингари сиз бу ишни қачон топишингизни кўнглингиз сезади ва барча буюк туйғулар каби йиллар ўтиши билан бу севги фақат кучаяди. Шундай экан, уни топмагунингизча излашда давом этинг. Таслим бўлманг.

Учинчи ҳикоям ўлим ҳақида.

Ўн етти ёшимда бир ҳикмат ўқигандим, мазмуни тахминан шундай эди: «Агар ҳар кунни худди охирги кунингдай яшасанг, бир куни албатта ҳақ бўлиб чиқасан». У менга қаттиқ таъсир қилди ва шундан буён, мана ўттиз уч йилдирки, ҳар куни эрталаб ойнага қараб туриб ўзимдан сўрайман: «Агар бугун умримнинг охирги куни бўлса, бугунга режалаштирган ишларим билан шуғулланишни хоҳлармидим?». Мабодо жуда кўп кунлар мобайнида ўзимга-ўзим кетма-кет «йўқ» деб жавоб берсам, демак, ниманидир ўзгартиришим кераклигини англайман.

Ўзимга ўзим умрнинг ўткинчилигини, яқинда ўлишим мумкинлигини эслатишим ҳар доим улкан ҳаётий қарорлар қабул қилишимга ёрдам берган энг муҳим хусусиятлардан биридир. Чунки бошқа ҳамма нарса – бировларнинг миш-мишлари, мағрурлик, муваффақиятсизликка учраш ёки шарманда бўлишдан қўрқиш ҳисси – ўлим олдида буларнинг барчаси хира тортиб қаёққадир ғойиб бўлади ва ҳақиқатан нима зарур бўлса, ўша қолади. Ўзингга ўзинг ўлимни эслатиш – қопқонга – йўқотадиган нарсаларинг борлиги ҳақидаги фикр­лар таъсирига тушмаслик борасида мен билган усулларининг энг яхшисидир. Сен ростдан ҳам яланғочу ялангоёқсан ва қалбингга қулоқ солмасликка ҳеч бир сабаб йўқ.

Бир йил бурун менинг саратон касаллигига чалинганимни аниқлашди. Эрталаб соат етти яримда ошқозоности безимдаги ўсма яққол кўриниб турган суратни олдим. Бунгача мен ҳатто ошқозоности бези нималигини ҳам билмасдим. Врачлар бу саратоннинг тузалмайдиган тури эканини, узоғи билан олти ойча умрим қолганини айтишди. Врачим менга уйга боришимни ва ишларимни тартибга солишни бошлашимни маслаҳат берди. Бу дўхтирларнинг таъбирида «ўлишга тайёргарлик кўраверинг» деган маънони билдиради. Яъни болаларингизга айтмоқчи бўлган гап­ларингизни айтиб қолинг, оилангиз фаровонлиги учун қила олишингиз мумкин бўлган барча ишни бажарганингизга ишонч ҳосил қилинг, ҳамма билан хайрлашиб қолинг деганидир.

Бир кун вақтим шу ташхис билан ўтди. Кечқурун менга биопсия қилишди: томоғимга эндоскоп тиқишди, ошқозон ва ичаклар орқали ошқозоности безига олиб боришди, унга игна тиқиб, ўсмадан бир нечта ҳужайра олишди. Мен наркозда эдим, аммо жараённи кузатиб турган хотинимнинг айтишича, ҳужайраларни микроскопга қўйиб кўрган врачлар ғала-ғовур қилиб қолишибди. Чунки, маълум бўлишича, мендаги касаллик ошқозоности бези саратонининг жарроҳлик йўли билан даволаш мумкин бўлган кам учрайдиган тури экан. Мени операция қилишди, ҳозир отдайман.

Ўшанда мен ажал остонасига жуда ҳам яқин борганман. Шу боис «Табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб» деганларидай сизга бир гапни қатъий ишонч билан айтмоқчиман.

Ҳеч ким ўлишни истамайди, ҳатто жаннатга тушишни орзу қилувчилар ҳам. Лекин барибир ўлим билан юзма-юз келиш ҳаммамизнинг бошимизда бор. Ҳозиргача ҳеч ким ундан қочиб қутулган эмас. Ўзи шундай бўлиши ҳам керак. Чунки Ўлим табиат ўйлаб топган нарсаларнинг энг яхшиси шекилли. Ҳаёт учун у ўзгаришлар манбаидир. Янгига йўл бериш учун  эски ўчириб ташланади. Ҳозирги вазиятда сиз янгисиз, бироқ ҳадемай ажойиб кунларнинг бирида сиз ҳам эскига айланасиз ва ўчириб ташланасиз. Бўрттириб юборган бўлсам маъзур тутинг, аммо бу бор гап.

Сизнинг вақтингиз чегараланган. Шунинг учун уни бекорга сарфламанг. Догмаларнинг қармоғига илинманг – бошқаларнинг фикри билан яшаманг. Бегона фикрлар шовқини ўзингизнинг ички овозингизни босиб кетишига йўл қўйманг. Энг муҳими, ўз қалбингиз ва ички сезгингиз кўрсатган йўлдан юришга ўзингизда куч топа олинг. Аслида ким бўлишни хоҳлаётганингиз уларга ҳайратангиз тарзда маълумдир. Қолган ҳаммаси иккинчи даражали.

Ўсмирлик чоғимда бизнинг авлоднинг энг севимли нашрларидан бири ҳисоб­ланган «Сайёрамиз каталоги» чоп қилинар эди. Стюарт Бранд деган йигит уни бу ердан унча узоқ бўлмаган жойда – Менло-Паркда чиқарар, каталог саҳифаларини ўзига хос образли услубда тайёрлар эди. Бу 1960 йилларнинг охиридаги гаплар, у вақтлар компьютер, принтер, нусха кўчириш аппаратлари йўқ эди, ҳамма иш ёзув машинкаси, қайчи ва полароидлар ёрдамида бажарилар эди. Ушбу каталог ноёб воситалар ва буюк фикрларга тўла мафкураси билан «Google»нинг ҳозирги ҳамма фойдалана оладиган вариантига ўхшаб кетарди. Эътибор беринг, «Google» ўттиз беш йилдан кейин пайдо бўлган.

Стюарт ва унинг жамоаси «Сайёрамиз каталоги»нинг бир нечта сонини чиқарди, ғоя батамом юзага чиқариб бўлингач, 1970 йил ўрталарида унинг охирги сонини чоп этишди (ўшанда мен сизнинг ёшингизда эдим). Охирги сон муқовасининг орқа тарафида эрталабки шоссенинг сурати берилган бўлиб, у агар сиз саргузаштлар ишқибози бўлсангиз автостоп ёрдамида саёҳат қилишингиз мумкин бўлган шосселардан бири эди. Сурат тагига «Иштиёқмандлигингизча қолинг! Таваккалчилигингизча қолинг!» деб ёзилган эди. Бу уларнинг хайрлашув номаси эди. «Иштиёқмандлигингизча қолинг. Таваккалчилигингизча қолинг». Шахсан мен ўзимга ҳар доим шуни тилаганман. Ҳозир университетни тугатиб, янги ҳаёт остонасида турганингизда, сизга ҳам тилагим шу:

Иштиёқмандлигингизча қолинг. Таваккалчилигингизча қолинг.

Ҳаммангизга катта раҳмат.

Ҳасан Карвонли таржимаси