Малала Юсуфзай: «Бизнинг энг қудратли қуролимиз китобу қаламимиздир»

Малала Юсуфзай 1997 йил 12 июлда Покистонда туғилган.

Отаси Зиёвуддин Юсуфзай – шоир, давлат мактаблари тизимида ишлайди. Толиблар улар яшайдиган Сват водийсида ҳукмронлик ўрнатгач, қизларнинг мактабга қатнашини тақиқлаб қўяди. Шу боис 2009 йилдан Малала ВВС учун «Гул Макай» (Бўтакўз) тахаллуси билан блог юрита бошлайди. Унда болаларнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, толиб­ларнинг жоҳиллигини фош этади.

2012 йилнинг 9 октябрида толиблар унинг жонига қасд қилади. Толибларнинг мактаб автобусига уюштирган ҳужуми натижасида Малала ва унинг ёнида ўтирган икки қиз жароҳатланади. Оғир аҳволдаги ярадор қиз Пешовардаги шифохонага олиб борилади. 15 октябрда эса Малала Буюкбританиянинг Бирмингем шаҳридаги ҳарбий госпиталга кўчирилади.

Малалага қилинган суиқасд бутун дунёда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Покистонда икки миллиондан зиёд киши Малала билан бирдамлик рамзи сифатида ҳукумат номига ёзилган «Таълим олиш ҳуқуқи» деган илтимосномага қўл қўйди.

2013 йили октябр ойида Буюкбританияда Малала Юсуфзайнинг инглиз журналисти Кристина Лэмб билан ҳаммуаллифликда ёзилган «Мен Малаламан» номли автобиографик китоби чоп этилди.

Малала Юсуфзай 2014 йил 10 октябрда Нобел мукофотига сазовор бўлган. Шунингдек, Малала яна бир нечта халқаро мукофотлар билан ҳам тақдирланган. У бутун дунё болаларининг таълим олишига кўмаклашувчи «Малала фонди»нинг асосчисидир.

Малала туғилган кун – 12 июл БМТ қарори билан «Малала куни – болаларнинг таълим олиши учун кураш куни» деб белгиланган.

* * *

2013 йилнинг 12 июлида БМТ Ёшлар ассамблеясида сўзланган нутқ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Муҳтарам Бош котиб Пан Ги Мун жаноблари, ҳурматли Бош ассамблея раиси Вук Жеремик, Глобал таълим бўйича БМТнинг фахрий элчиси жаноб Гордон Браун, ҳурматли устозлар  ва менинг қадрдон ака-укаларим, опа-сингилларим, ассалому алайкум!

Узоқ вақтдан сўнг сиз билан яна учрашиб турганимдан ғоят хурсандман. Бу даргоҳда сиздек улуғ одамлар даврасида бўлиш хотирамда умрбод сақланиб қоладиган фараҳбахш ҳодиса. Ҳузурингизга марҳума Беназир Бхуттонинг рўмолини бошимга ўраб келиш шарафига мушарраф бўлганим ҳам менга чексиз қувонч бағишлайди. Азбаройи ҳаяжонланганимдан гапимни нимадан  бошлашни ҳам билмаяпман. Одамлар мендан қандай гап кутаётганини билмайман, аввало, ҳаммамизни инсон қилиб яратгани учун Оллоҳга беадад шукур, менинг тезда оёққа туриб янги ҳаёт бошлашимни сўраб дуо қилганларга мингдан-минг  раҳмат. Одамлар мени шунчалик яхши кўришини тасаввуримга сиғдира олмаганман. Мен бутун дунёдан яхши тилаклар билдирилган минг­лаб мактублар ва совғалар олдим. Уларнинг барчаси учун барча дўстларга ташаккур айтаман. Беғубор тилаклари оғир дамларимда қалбимга далда бўлган болажонлардан миннатдорман. Дуолари билан менга умр тилаб турган ёши улуғларга қуллуқ. Яна оёққа туришим ва кучга тўлишимга ёрдам берган Покистон ва Буюкбританиядаги шифохоналарнинг қўли енгил врачлари, фариштамонанд ҳамширалари ва барча ходимларига ҳамда Бирлашган араб амирликлари ҳукуматига миннатдорлик билдирмоқчиман.

Мен Бош котиб Пан Ги Мун жанобларининг,  БМТнинг глобал таълим бўйича фахрий элчиси Гордон Браун ва БМТ Бош ассамблеяси раиси Вук Жеремикнинг глобал таълимга оид ташаббус ва саъй-ҳаракатларини жону дилим билан қўллаб-қувватлайман. Улар бизни тинмай ҳаракат қилишга ундамоқда. «Интилганга толе ёр» деб бежиз айтмаганлар ахир. Қадрли ака-укалар, опа-сингиллар, шуни доим ёдда тутинг: Малала куни фақат менинг куним эмас. Бу кун ўз ҳуқуқини талаб қилаётган ҳар бир аёлнинг, ҳар бир ўғил-қизнинг кунидир. Ўз ҳуқуқларини нафақат талаб қилувчи, балки эзгу мақсади – тинчлик ва тенгликка эришишга, маърифатга бор кучи билан интилувчи, инсон ҳуқуқлари учун курашувчи юзлаб фидойилар бор.

Террорчилар минглаб кишиларни ўлдирди, миллионлаб кишиларни яралади. Мен жабрланувчилардан биттасиман, холос. Мана қаршингизда турибман. Мана қошингиздаман: кўпчилик орасидаги ёлғиз бир қизча. Мен ўзим ҳақимда гапираётганим йўқ, менинг овозим тинч яшаш ҳуқуқи учун, инсоний ҳақлари учун – уларга одамдек муносабатда бўлишлари учун, ҳаммага тенг имконият берилиши учун, таълим олиш ҳуқуқи учун курашганларнинг овозидир.

Қадрли дўстлар, 2012 йилнинг 9 октябрида толиблар менга қарата ўқ узди. Дўстларимни ҳам ўққа тутди. Улар бизнинг овозимизни ўқ билан ўчирмоқчи бўлди, бироқ бу ниятига эриша олмади. Уларнинг кутганининг акси бўлиб, овозимизга минглаб овозлар қўшилди. Террорчилар бу қизнинг мақсадини ўзгартирамиз, интилишларини тўхтатамиз деб ўйлашди. Аммо мендаги заифлик, қўрқув ва умидсизлик ўрнини куч, жасорат ва ирода эгаллади. Ҳаётимда бундан бошқа ўзгариш бўлгани йўқ. Мен ўша Малаламан, ниятларим, умидларим, орзуларим ҳам ўша-ўша. Қадрли ака-укалар, опа-сингиллар, мен ҳеч кимга қарши эмасман. Бу ерда толибларга ёки бошқа ҳар қандай террорчилик гуруҳига ёмонлик тиламоқчи эмасман. Мен бу ерда ҳар бир бола илм олиш ҳуқуқига эгалиги ҳақида гапирмоқчиман. Мен толибларнинг ва барча террорчи-ю экстремистларнинг ҳам фарзандлари илм олишини, маърифатли бўлишини хоҳлайман. Мен ҳатто ўзимга ўқ отган толибга ҳам ёмонликни истамайман. Ҳатто қўлимда қуролим бўлганда ҳам уни отмаган бўлардим. Бу туйғу мен раҳмдилликда тенги йўқ ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан, Исо Масиҳдан, Буддадан ўрганган раҳм-шафқат туйғусидир. Бундай қараш каминага Мартин Лютер Кинг, Нелсон Мандела ва Муҳаммад Али Жиннадан меросдир.

Ана шу куч ишлатишдан воз кечиш фалсафасини мен Гандидан, Бача Хондан, Тереза онадан ўрганганман. Бу – кечиримлиликдир, у менга ота-онамдан ўтган. Қалбим менга мудом ҳаммани яхши кўр, ҳаммага яхшилик соғин дея амр қилади.

Қадрли ака-укалар, опа-сингиллар, зулматда ёруғлик қадри ортгани каби жим бўлишга мажбур этилганимизда овозимизнинг аҳамиятини яхши англаймиз. Шунга ўхшаш, биз Покистоннинг шимолида, Сват водийсида бўлганимизда қурол-яроғлар уюмини кўриб китоб ва қаламнинг нақадар аҳамиятли эканини янада теранроқ ҳис этдик. «Қалам қиличдан қудратлидир» дейди улуғлар. Ҳақ гап. Экстремистлар китобу қаламдан қўрқади. Илмнинг қудрати уларни чўчитади. Улар аёллардан қўрқади. Аёл овозининг қудрати уларни ваҳимага солади. Улар яқинда Кветтада ўн тўрт нафар бегуноҳ талаба қонини тўкканининг сабаби шу. Айнан шунинг учун улар аёл муаллимларни ўлдирмоқда, ҳар куни мактабларни портлатмоқда. Чунки улар биз интилаётган ҳодиса юз беришидан – жамиятда жиддий ўзгаришлар амалга оширилиб тенглик қарор топишидан қўрқади. Мактабимиздаги бир боладан журналист «Толиблар нима учун болаларнинг илм олишига қарши?» деб сўрагани ёдимда. Бола унга китобини кўрсатиб, лўнда қилиб: «Толиб бу китобда нима ёзилганини билмайди», –  деб жавоб берган эди.

Улар болаларга мактабга боргани учунгина қурол ўқталар экан, Оллоҳнинг амри билан шундай қилаяпман деб кўр-кўрона ўйлайди. Террорчилар ўз манфаатлари йўлида тинчлик дини бўлган муқаддас ислом динини ниқоб қилиб олган. Покистон тинчликсевар мамлакат. Пуштунлар ўғил-қизларининг маърифатли инсонлар  бўлиб вояга етишини орзу қилади. Ислом – тинчлик, инсонпарварлик ва биродарлик дини. Унда ҳар бир муслим ва муслимага илм олиш фарз қилиб қўйилган. Ўғилми-қизми, фарзандининг илм олиши учун шароит яратиш ота-оналарнинг бурчидир. Кўп мамлакатларда, айниқса, Покистон ва Афғонистонда террорчилик, уруш ва низоларларнинг авж олгани болаларнинг мактабга боришига тўсиқ бўлмоқда. Биз биродаркушлик урушларидан жуда чарчадик. Айниқса, бемаъни ихтилофлардан аёллар ва болалар жабр чекмоқда.

Ҳиндистонда бегуноҳ ва нимжон болалар нон топиш учун оғир юмушларни бажаришга мажбур бўлаяпти. Нигерияда аксар мактаблар вайрон этилган. Афғонистонда одамлар экстремизм ваҳимасидан жон ҳовучлаб яшаётир. Она сути оғзидан кетмаган қизлар турмушга чиқишга мажбур қилинаётир. Қашшоқлик, саводсизлик, адолатсизлик, ирқчилик ҳамда энг муҳим ҳуқуқлардан маҳрумлик эркаклар ҳам, аёллар ҳам бирдай дуч келаётган ўта оғир муаммолардандир. Бугун мен аёллар ва қизлар ҳуқуқларига кўпроқ тўхталмоқчиман. Чунки улар ҳаммадан кўп жабр чекмоқда. Аёллар фидойи эркаклардан уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишларини сўраган вақтлар ҳам бўлди. Энди бу ишни ўзимиз қиламиз. Мен одамларга аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан тўхтанг демоқчи эмасман, фақат аёлларнинг ўзларига эътибор қаратмоқчиман, улар ўзлари учун ўзлари курашишга ўрганиши керак. Ҳа, қадрли ака-укалар, опа-сингиллар, бу ҳақда баралла гапириш вақти етди. Шу боис бугун биз барча мамлакатлар раҳбарларини тинчлик ва тараққиётни таъминлаш учун ўз стратегик сиёсатларини ўзгартиришга чақирамиз. Барча битимларда аёллар ва болалар ҳуқуқлари ҳимояси ифодаланиши керак. Бирорта ҳам битим аёллар ҳуқуқларига зид бўлмаслиги даркор.

Биз барча давлатларни дунёдаги ҳар бир бола учун бепул мажбурий таълимни кафолатлашга чақирамиз. Барча ҳукуматларни террорчилик ва зўравонликка қарши курашишга, болаларни шафқатсизлик ва ёвузликдан ҳимоя қилишга даъват этамиз. Мутараққий мамлакатлардан ривожланаётган мамлакатлардаги қизлар учун таълим олиш имкониятини кенгайтиришга кўмаклашишни сўраймиз. Биз дунёдаги барча жамиятларни бағрикенгликка, табақаси, маслаги, дини, мазҳаби, рангига қараб одам ажратмасликка, аёллар учун эркинлик ва тенгликни кафолатлашга чақирамиз. Шундагина улар комилликка эришиши мумкин бўлади. Аёлларнинг ярми асосий ҳуқуқларидан маҳрумлигича қолар экан, давлат ва жамият  муваффақиятга эриша олмайди. Биз бутун дунёдаги опа-сингилларимизни жасур бўлишга, ўзида куч топиб, иқтидорларини тўла рўёбга чиқаришга чорлаймиз.

Қадрли ака-укалар, опа-сингиллар, биз келажаги порлоқ бўлиши учун ҳар бир бола мактабда таълим олиши зарур деб ҳисоблаймиз. Ушбу мақсадимизга эришиш йўлида тинмай ҳаракат қиламиз. Бизни ҳеч ким тўхтата олмайди. Ҳамиша, ҳамма жойда ўз ҳуқуқларимиз ҳақида гапиришдан толмаймиз. Биз сўзларимизнинг кучи ва қудратига ишонамиз, бизнинг сўзларимиз бутун дунёни ўзгартира олади. Мақсадга эришишни хоҳлар эканмиз, келинг, илму маърифатга ошно бўлайлик, қўлни қўлга бериб янада жипслашайлик.

Қадрли ака-укалар, опа-сингиллар, биз миллионлаб одамлар қашшоқлик, адолатсизлик ва билимсизликдан азият чекаётганини унутмаслигимиз керак. Биз миллионлаб болалар мактабда ўқиш бахтидан мосуво эканини ёдда тутишимиз даркор. Ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз эртаси порлоқ бўлишини, тинч замонда бахтиёр яшашни орзу қилишини ҳар лаҳзада ҳис этиб туришимиз зарур.

Шундай экан, бизга ишлаб пул топишга, саводсизликка, қашшоқлик ва терроризмга қарши шонли кураш олиб боришга имкон беринг. Бизга китобларимиз ва қаламларимизни беринг, улар бизнинг энг зўр қуролимиздир. Битта бола, битта муаллим, битта китоб ва битта қалам дунёни ўзгартиришга қодир. Муаммонинг ягона ечими маърифатдир. Энг аввало маърифатдир. Ташаккур.

Ҳасан Карвонли таржимаси