Махатхир Муҳаммад: “Бу иш қўлимиздан келади!”

Ислом конференцияси ташкилотининг олий даражадаги 10-сессияси очилиш маросимидаги нутқи

2003 йил 16 октябр

Алҳамдулиллоҳ, Аллоҳга шукурлар бўлсин, биз – Аллоҳнинг марҳамати билан Ислом конференцияси ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари – маслаҳатлашиш ва умид қиламанки, исломнинг ва бутун дунёдаги мусулмон умматининг келажак режасини ишлаб чиқиш учун бугун шу ерга тўпландик.

Ҳукуматимиз ҳамда турли миллат ва эътиқодга мансуб Малайзия гражданлари номидан Ислом конференцияси ташкилотининг Малайзия маъмурий пойтахти бўлмиш Путражайада ўтказилаётган ушбу олий даражадаги 10-сессиясида ҳозир бўлган барча меҳмонларга хуш келибсиз дейман.

Ушбу сессияни ўз ҳудудида ўтказиш, шунингдек Ислом конференцияси ташкилоти раислигини зиммасига олиш Малайзия учун ҳақиқатан ҳам улкан шараф. Ишонч билдиришгани учун мен ташкилот аъзоларидан миннатдорман.

Мезбон давлат сифатида Малайзия бугунги сессияда Ислом конференцияси ташкилотига аъзо давлатлар юксак даражада иштирок этаётганидан мамнундир. Бу – бизнинг ўз ишимизга бўлган ишончимиз нақадар мустаҳкамлигини, ташкилотимиз унга содиқлигини, барчамизнинг муштарак иродамиз ва мусулмон уммати тақдиридаги ролимизни кучайтириш йўлидаги қатъиятимизни яққол намоён этади.

Мен, шунингдек, ўз юртида кўп сонли мусулмонлар истиқомат қилувчи мамлакатларнинг раҳбарлари ва вакилларини ҳам бугунги учрашувда кузатувчи сифатида иштирок этиш истагини билдиргани учун қутламоқчиман. Мусулмон ё мусулмон эмаслигидан қатъи назар, уларнинг учрашувимизда иштирок этиши ислом ва мусулмонларни тушунишга хизмат қилади, шу тариқа ислом – қолоқлик ва террор дини деган қарашнинг нотўғрилигини кўрсатишга ёрдам беради.

Ҳозир бутун дунёнинг кўзи бизда. Шубҳасиз, 1,3 миллиард нуфусли мусулмонлар – ер юзи аҳолисининг олтидан бир қисми – зулм, истибдод ва хўрликдан азоб чекаётган биродарларимиз ва опа-сингилларимизни озод қилиш у ёқда турсин, бизнинг ислом ва мусулмонлар шон-шарафини тиклашга интилишимиз ва қодирлигимизга шубҳа қилиши мумкин бўлгани ҳолда, биздан ва ушбу учрашувимиздан кўп нарса умид қилиб турибди.

Мен бизнинг камситилиш ва эзилишимизга мисолларни қалаштириб ташламоқчи, душманларимиз ва эзувчиларимизни тағин қораламоқчи эмасман. Бундай қилиш беҳуда сўзламоқдан бошқа нарса бўлмас эди, чунки душманларни айблайверган билан уларнинг бизга муносабати ўзгариб қолмайди. Агар ўз қадр-қимматимиз ва ислом динининг шаънини тиклашни хоҳласак, айнан биз бир қарорга келиб, айнан биз ҳаракат бошламоғимиз керак.

Келинг, шундан бошлаймиз: барча мусулмон мамлакатлар ҳукуматлари жипслашиб, ҳамма масалаларда бўлмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда баъзи асосий масалаларда, масалан, Фаластин масаласида муштарак нуқтаи назарга эга бўлишимиз шарт. Биз ҳаммамиз мусулмонмиз. Ҳаммамизга жабр-зулм қилишмоқда. Ҳаммамизни таҳқирлашмоқда. Аммо биз — диндош биродарларимиз орасидан Аллоҳ азизу мукаррам қилиб мамлакатлар бошқарувини раво кўрганлар — ислом талаб қилганидек бирлик ва биродарлигимизни намоён қилиш учун ҳеч қачон мақомимизга яраша биргаликда ҳаракат қилишга уриниб ҳам кўрмадик.

Лекин нафақат бизнинг ҳукуматлар, балки мусулмон умматининг ўзи ҳам тарқоқдир ва уммат ҳамон бўлинишда давом этмоқда. Охирги 1400 йил мобайнида ислом шориҳлари, уламолар пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам келтирган ягона ислом динини шунчалик турли-туман талқин қилишдики, ҳозир биз кўпинча бир-бирига зид келадиган минг хил динга эгамиз, шу ихтилофларни деб бир-биримиз билан урушмаган, бир-биримизни ўлдирмаган кунимиз йўқ.

Биз ягона умматимизнинг жуда кўп мазҳаб ва тариқатларга бўлиниб кетишига йўл қўйганмиз, уларнинг ҳар бири ўзини ҳақиқий мусулмон қилиб кўрсатишга тиришиб, бошқаларни – бутун умматни адашганга чиқармоқда. Биз душманларимиз ва ғанимларимизни кимнинг ҳақиқий мусулмон ёки ҳақиқий мусулмон эмаслиги ҳақидаги масала мутлақо қизиқтирмаслигини сира англамаймиз. Уларнинг тушунчасига кўра ҳаммамиз терроризмни тарғиб қилувчи дин ва пайғамбарга эргашувчи мусулмонлармиз, барчамиз уларнинг ашаддий душманимиз. Биз сунний ё шиа, алавий ё друзлигимиз ёки яна ким деб аталишимиздан қатъи назар, улар бизга ҳужум қилаверишади, бизни ўлдираверишади, тупроғимизга бостириб кираверишади, ҳукуматларимизни ағдараверишади. Биз эса бир-биримизга ҳужум қилиб, бир-биримизни кучсизлантириб, баъзан эса уларнинг амрини бажо келтириб мусулмон биродарларимизга тажовуз қилишда ўзимизни уларнинг ишончли вакилидай тутиб, душманларимизга ёрдам берамиз. Биз ўз ҳукуматларимизни куч билан ағдаришга интиламиз, шу тариқа ўз мамлакатимизни заифлаштирамиз ва хароб қиламиз.

Биз исломнинг бирлашинг, бир-бирингиз билан биродар бўлинг деган талабини ислом мамлакатларининг ҳукуматлари ва ислом уммати мутлақо менсимаймиз ва эътиборсиз қолдиришда давом этаяпмиз.

Аммо ислом таълимотидан биз эътиборсиз қолдираётган нарсалар шу билан тугамайди. Бизга «иқро», яъни ўқи, билим ол деб насиҳат қилинган эди. Илк мусулмонлар шу ўгитга риоя этиб, қадимги юнон олимлари ва исломгача яшаб ўтган барча олимларнинг асарларини таржима қилиб, ўрганишган. Шу усулда мусулмон олимлари ўз тадқиқотлари билан фан хазинасига ҳисса қўшган.

Илк мусулмонлар орасидан буюк математик ва тадқиқотчилар, олимлар, врачлар, астрономлар ва бошқа алломалар етишиб чиқди. Улар ўз дини бўлмиш исломни ўрганиш ва ҳаётга жорий этиш билан бирга замонасидаги барча фан соҳаларида ҳам муваффақият қозонишди. Натижада мусулмонлар ўз ерларининг бойликларидан фойдаланишга, ташқи савдодан фойда олишга, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга, ўз халқларини ҳимоя қилишга муваффақ бўлди ва исломга мувофиқ ҳаёт кечириш имкониятини яратди. Ўрта асрлар Европаси хурофот ва қолоқлик ботқоғида ётган бир пайтда маърифатли мусулмонлар ҳурматга лойиқ ва қудратли, дунёнинг қолган қисми билан рақобатлашишга ва ўз умматини ташқи агрессиялардан ҳимоя қилишга қодир буюк ислом цивилизациясини барпо этиб бўлган эди. Европаликлар ўз илмий меросига эга бўлиш учун мусулмон олимларга қуллуқ қилиб, шогирд тушишга мажбур бўлган.

Мусулмонларнинг ислом диёри ва умматни ҳимоя қилиш учун қўшинларни жанг майдонларига бошлаб кирган Учинчи Абдураҳмон, ал-Мансур, Салоҳиддин Айюбий сингари буюк раҳнамолари бор эди.

Бироқ ислом цивилизацияси тараққиётининг ярим йўлида исломни янгича талқин қилувчилар пайдо бўлдики, улар маърифат деганда фақат илоҳиётни ўрганишни тушуниб, шуни тарғиб қила бошлади. Табиий фанлар, тиббиёт ва бошқа илмларни ўрганишга эътибор сусайди.

Мусулмон жамиятида маънавий-маърифий таназзул бошланди. Таназзул туфайли ислом цивилизацияси заифлашиб, инқироз бошланди. Агар Усмонийлар империяси лашкари аралашмаса эди, ислом цивилизацияси Гренада қўлдан кетган 1492 йилдаёқ йўқ бўлиб кетар эди.

Бироқ Усмонийлар империясининг илк муваффақиятлари маънавий тикланиш билан бирга кечди деб бўлмайди. Бунинг ўрнига мусулмонлар «тор шим ва соябонли кепка кийиш исломга тўғри келадими?», «босма машинадан фойдаланиш жоизми?», «мачитларни ёритиш учун электр чироқдан фойдаланса бўладими?» каби арзимас масалалар устидаги тортишувларга ўралашиб қолди. Дунёда саноат инқилоби юз берганида улар ухлаб ётар эди. Инқироз инглизлар ва французлар одамларни турк ҳукмронлигига қарши қайраб, қўзғолонга оёқлантириб, мусулмонларнинг энг сўнгги буюк давлати — Усмонийлар империясини ағдариб, унинг ерларини мустамлака қилиб олгунча давом этди. Ҳолбуки, улар одамларни исёнга ундар экан, ўз мустақил давлатларингизни қуриш имконига эга бўласизлар деб ёлғон ваъда беришар эди. Иккинчи жаҳон урушидан кейингина ушбу мустамлакалар мустақилликка эришди.

Янги миллий давлатларга қўшиб биз ғарбча демократик тизимни ҳам қабул қилдик. Бўлинишимизга бу ҳам қўшимча туртки бўлди, чунки демократия йўлида тузган кўпгина сиёсий партия ва гуруҳларимиз ўз мақсади йўлида исломий шиорлардан фойдаланди, бошқа партияларнинг исломий партия деб аталиш ҳуқуқини рад қилди ва ҳукумат таркибига киришга муваффақ бўлолмаса, демократик сайлов натижасини тан олишдан бўйин товлади. Зўравонлик йўлини тутиб, беқарорлик пайдо қилди, натижада мусулмон давлатлари баттар заифлашди.

Неча асрлар давом этган шундай воқеалар туфайли уммат ва ислом цивилизацияси шу қадар кучсизландики, европаликлар мустамлака қилмаган ва уларга тобе бўлмаган биронта ҳам мусулмон давлати қолмади. Бироқ эришилган мустақиллик ҳам мусулмонларнинг кучайишига ёрдам бермади. Доимий нотинчлик гирдобида қолган давлатлар заиф бўлиб, ёмон идора қилинишдан азият чекарди. Европаликлар мусулмонларнинг ерлари билан кўнглига келган ишни қилиши мумкин эди. Улар яҳудийлар масаласини ҳал қилиш учун Исроил давлатини тузиш мақсадида мусулмонлар ерининг бир қисмини тортиб олганига ажабланмаса ҳам бўлади. Бўлиниб кетган мусулмонлар Балфурнинг кирдикорлари ва сионистик жиноятларнинг олдини олиш учун айтарли ҳеч нима қила олмади.

Шунга қарамай айримлар бизни турмушимиз ғанимларникидан яхшироқ эканига ишонтирмоқчи бўлишади. Баъзилар ислом бизни камбағал бўлишга буюрган, азоб-уқубат чекишга мойиллик ҳам мусулмонларга хос деб ишонади. «Бу дунё биз учун эмас. Нариги дунёда бизни ҳузур-ҳаловат кутиб турибди. Бизнинг ишимиз — муайян тартиб-таомилларга риоя қилиш, муайян кийимларни кийиш ва муайян ташқи кўринишга эга бўлишдир. Бизнинг заифлигимиз, қолоқлигимиз ва жабр-зулм чекаётган биродарларимизу опа-сингилларимизга ёрдам беришга ноқобиллигимиз Оллоҳнинг иродаси биландир, у дунёда жаннатга ноил бўлиш учун бу дунёда мана шу уқубатларни бошдан кечиришимиз керак. Биз пешонамизга ёзилган тақдирга рози бўлишимиз шарт. Нимадир қилишга зарурат йўқ. Оллоҳнинг иродасига қарши ҳеч нима қила олмаймиз» дейишади.

Аммо буларнинг ҳаммаси Оллоҳнинг иродаси, биз ҳеч нима қилмаслигимиз керак деган гап тўғрими? Оллоҳ «Раъд» сурасининг 11-оятида бизга «Албатта, Аллоҳ бирор қавм ўзларидаги нарсани (неъматларга нисбатан муносабатни) ўзгартирмагунларича, улардаги нарсани (ҳолатни ёмон ҳолатга) ўзгартирмас» деб насиҳат қилади.

Биз ҳозир қандай эзилаётган бўлсак, илк мусулмонлар ҳам шундай эзилган эди. Аммо улар ислом таълимотига мувофиқ ўзларига ўзлари ёрдам бермоқ учун астойдил ва жидду-жаҳд билан ҳаракат қилганларидан сўнг Оллоҳ уларга душманларини тор-мор қилиш ва қудратли ислом цивилизациясини барпо этишда ёрдам берди. Қўлимизда Оллоҳ берган шунча имконият, бойлик бўла туриб биз нима қилдик?

Бизнинг кучимиз – сон жиҳатидан кўплигимизда. Биз 1,3 миллиард нафармиз. Бутун дунёдаги нефт захираларининг катта қисми бизники. Сон-саноқсиз бойликларимиз бор. Биз жоҳилият даврида исломга кирган арабларчалик билимсиз эмасмиз. Жаҳон иқтисодиёти ва молия тизими қандай ишлашини биламиз. Жаҳондаги 180 та мамлакатнинг 50 таси бизнинг қўлимизда. Бизнинг овозларимиз халқаро ташкилотларни бор ёки йўқ қилиши мумкин. Лекин биз жоҳилият даврида исломга кириб, пайғамбарни раҳнамо деб қабул қилган камсонли араблардан ҳам ожизу нотавон кўринамиз. Нега? Бу Оллоҳнинг иродасими ёки динимизни нотўғри тушуниб, унинг тўғри йўл-йўриқларига риоя қилмаганимиз, шунингдек, қилаётган нотўғри ишларимизнинг натижасими?

Динимиз бизга ўз умматингни ҳимоя қил деб насиҳат қилади. Афсуски, биз мудофаа қобилиятини оширишга эмас, пайғамбар давридаги қуролларга эътибор қаратамиз. Бу қуроллар ва отлар энди бизни ҳимоя қила олмайди. Ўзимизни мудофаа қилиш учун энди бизга ўқотар қуроллар ва ракеталар, бомбалар ва самолётлар, танклар ва ҳарбий кемалар керак. Бироқ нариги дунёда бизга заррача фойда бермайди деб табиий фанлар ва математикани ўрганишга лоқайд қараганимиз туфайли бугун мудофаа учун сув ила ҳаводек зарур бўлган қурол-яроғларни мустақил ишлаб чиқаришга қодир эмасмиз. Қурол-яроғларни ғанимлар ва душманларимиздан сотиб олишга мажбурмиз. Қуръонни юзаки тушуниш ва керакли нарсаларга эътибор қаратмаслик натижасида, мана, қандай аҳволга тушиб қолдик; Қуръон ва пайғамбаримиз суннатининг моҳиятига эмас, ҳижрий биринчи асрда қўлланган шакл, усул ва воситаларга маҳкам ёпишиб олишнинг оқибати бу. Исломнинг бошқа ўгитлари хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. Бизни Оллоҳ ўгитларининг моҳияти эмас, зоҳири кўпроқ қизиқтиради ва биз пайғамбар суннатига зоҳиран амал қиламиз.

Эҳтимол, биз ҳижрий биринчи асрдаги исломий турмуш тарзини энг тўғри деб ҳисоблаганимиз учун ўша турмуш тарзини, ўша даврни тиклашни хоҳлагандирмиз. Бироқ бундай қилишимизга имкон беришмайди. Бизнинг ғанимларимиз ва душманларимиз устимиздан ҳукмронлик қилиш учун қолоқлигимиз ва заифлигимиздан фойдаланишмоқда. Ислом фақат эрамизнинг еттинчи асри учун эмас, барча замонлар учун туширилган. Замонлар эса ўзгарди. Хоҳлаймизми, йўқми, биз ҳам ўзгаришимиз керак, динимизни ўзгартириш йўли билан эмас, унинг йўл-йўриқларини ҳижрий биринчи асрдагидан тубдан фарқ қилувчи янги муҳитда қўллаш йўли билан ўзгаришимиз шарт. Ислом нотўғри дин эмас, аммо уламо талқинларида хатолар бўлиши эҳтимолдан холи эмас, чунки улар ниҳоятда билимдон бўлишлари мумкин, лекин пайғамбар эмаслар. Биз исломнинг фундаментал таълимотига қайтиб, ҳақиқатан ҳам пайғамбар ўргатган динга эътиқод қилаяпмизми-йўқми, айнан ўша диннинг кўрсатмаларини бажараяпмизми-йўқми деб ўзимиздан сўраб кўришимиз даркор. Илло, эътиқодларимиз бир-биридан шунчалик фарқ қилиб турган ҳолатда ҳаммамиз чин ва ҳақиқий ислом динига эътиқод қилаяпмиз деб айтишимиз қийин.

Бугунги кунда бутун мусулмон умматига нафрат билан қарашади. У маломатга қолган. Динимизни камситишади. Муқаддас жойларимизни булғашади. Мамлакатларимиз босиб олинган. Одамларимизни ўлдиришмоқда, очлик билан қийнашмоқда.

Давлатларимизнинг ҳеч бири тўлиқ мустақил эмас. Ситамгарларимиз бизни ўз хоҳишлари йўлида мажбурлаб, ўзимизни қандай тутишни, ўз ерларимизни қандай бошқаришни ва ҳатто қандай ўйлашни ўргатиш мақсадида бизга тазйиқ ўтказмоқда.

Бугунги кунда агар улар мамлакатимизга бостириб кирмоқчи, ватандошларимизни ўлдирмоқчи, шаҳар ва қишлоқларимизни вайрон қилмоқчи бўлса, бунга қарши айтарли ҳеч нима қилолмаймиз. Наҳотки, шу ҳолга тушишимизга ислом дини сабабчи бўлса? Балки ўзимиз диний бурчларимизни бажара олмаётгандирмиз?

Қўлимиздан келадиган биргина иш ғазаб ўтида ёниш бўлиб қолаётир. Ғазабланган кишилар эса тўғри фикрлай олмайди. Шу сабабли айримлар воқеликка калтабин қарамоқда. Бундайлар ҳужум уюштириб, ғайридин бўладими, диндоши бўладими, дуч келган одамни ўлдириб, ўзларича ўч олмоқчи бўлишаяпти. Уларнинг ҳукуматлари бундайларни тўхтатиш учун ҳеч нарса қилолмаётир. Душман эса жавоб зарбасини бериб, ҳукуматларни сиқувга олмоқда. Ҳукуматларнинг ғанимларга ён бериш ва улар шартини қабул қилишдан бошқа чораси қолмаяпти.

Буни кўриб ватандошлар ва уммат янаям ғазабланиб, ўз ҳукуматларига қарши оёқланмоқда. Муаммони тинч йўл билан ҳал қилиш йўлидаги ҳар қандай уриниш қаршиликка учраяпти: душманнинг жиғига тегиш ва муаммони осойишта ҳал қилишга халақит бериш мақсадида янгидан палапартиш ҳужумлар уюштирилаётир. Аммо бу ҳужумлар ҳеч нимани ҳал қилмайди. Мусулмонларга нисбатан зулм янада кучаяди, холос.

Мусулмон мамлакатлари ва халқларини иложсизлик ҳисси қийнамоқда. Улар ҳеч бир тўғри иш қила олмасликларини фаҳмлаб турибди. Улар вазият бундан ҳам баттар бўлиши мумкин деб ҳисобламоқда. Мусулмонлар ҳар доим ғарбнинг истибдоди ва ҳукмронлиги остида бўлади, ҳар доим камбағал, қолоқ ва заифлигича қолади деб ўйлайди. Айримлар эса, юқорида айтиб ўтганимдек, буларнинг бари — Оллоҳнинг иродаси, мусулмонларга бу дунёда қашшоқликда жабру-ситам чекиб яшаб ўтиш буюрилган деб ишонади.

Ўзимизни ҳимоя қилиш учун нимадир қилишимиз зарур, бироқ қўлимиздан ҳеч иш келмайди деган гап тўғрими? 1,3 миллиардлик уммат сон жиҳатидан анча кам душманнинг камситиш ва зулмига қарши ҳеч нарса қилолмаслиги тўғрими? Наҳотки, кўр-кўрона ғазабланишдан бошқа чора қолмаган бўлса? Наҳотки, ёшларни ўзини ўзи портлатиб, одамларни ўлдиришга чорлаш ва шу тариқа ўз халқининг жуда кўп вакиллари ғаним томонидан ўлдирилишига сабабчи бўлишдан бошқа йўл йўқ бўлса?

1,3 миллиард мусулмон бир неча миллион нафар душмандан енгилиши мумкин эмас. Қандайдир бир йўли бўлиши керак. Биз мулоҳаза қилиш, ожиз ва кучли тарафларимизга баҳо бериш, қарши ҳужумимизни режалаштириш ва унинг стратегиясини ишлаб чиқиш учун тўхтаб, ўзимизни босиб олсаккина ўша йўлни топамиз. Мусулмон сифатида биз Қуръон ва пайғамбаримизнинг суннатидан йўл-йўриқ излашимиз лозим. Шак-шубҳасиз, пайғамбаримизнинг 23 йиллик кураши қандай йўл тутиш борасида бизга ибрат бўла олади.

Биламизки, пайғамбаримиз ва илк саҳобалар қурайшийларнинг таъқибига дучор бўлишган. У жавоб зарбаларини берганмиди? Йўқ. У стратегик чекинишга тайёр эди. У илк саҳобаларини христиан мамлакатига жўнатди, ўзи эса кейинроқ Мадинага кўчиб ўтди. У ерда тарафдорлар йиғиб, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлади ва умматининг хавфсизлигини таъминлади. Ҳудайбия урушида дўстлари ва саҳобалари қарши чиқса ҳам душманнинг мусулмонлар учун ўнғайсиз бўлган шартларини қабул қилди. Сулҳ тузилгандан кейин ўз кучларини бирлаштирди ва охир-оқибат Маккага киришга ва унда ҳам исломни эълон қилишга муваффақ бўлди. Ҳатто шундан кейин ҳам у қасос олишга интилмади. Оқибатда Макка аҳли исломни қабул қилди, уларнинг кўпчилиги эса мусулмонларнинг ашаддий ҳимоячиларига айланди.

Пайғамбар курашининг қисқача тарихи шундай. Биз унинг суннатига амал қилиш кераклиги ҳақида кўп гапирамиз, кўплаб мисоллар, ҳадислар келтирамиз. Лекин амалда бирортасига ҳам риоя қилмаймиз.

Агар Оллоҳ берган ақлимизни ишлатиб ўйлаб кўрсак, нотўғри иш қилаётганимизни тушунамиз. Душман бизга зиён етказгани учун унга ҳам зиён етказиш истагимизни ҳисобга олмаганда, биз ҳеч қандай мақсадсиз курашмоқдамиз. Душман ён беради деб нодонларча фикрлаймиз. Беҳуда қурбонлар берамиз ва шу билан душманнинг жавоб зарбалари ва ҳақоратлари янада кучайишига эришамиз, холос.

Тўхтаб, яхшилаб ўйлаб олиш вақти аллақачон етди. Аммо бу вақтни бекорга йўқотишни англатмайди. Ярим асрдан зиёд Фаластин учун курашиб нимага эришдик? Ҳеч нимага. Аҳволимиз олдингидан ҳам ёмонлашди. Агарда тўхтаб, яхшилаб ўйлаб олганимизда эди, узил-кесил ғалабага эришиш имконини берувчи режа, стратегияни ишлаб чиқишимиз мумкин бўларди. Тўхташ ва хотиржам мулоҳаза қилиш вақтни бекорга йўқотишни билдирмайди. Вазиятга хотиржамлик билан баҳо бериш учун биз стратегик жиҳатдан ён беришимиз керак.

Ҳақиқатда биз жуда қудратлимиз. 1,3 миллиард кишини шунчаки ер юзидан йўқотиб бўлмайди. Европаликлар 12 миллион яҳудийнинг 6 миллионини ўлдирган эди. Бироқ бугун яҳудийлар дунёни қандай хоҳласа шундай бошқармоқда. Улар бошқаларни ўзлари учун урушиш ва ўлишга мажбур қилаяпти.

Эҳтимол, бу бизнинг қўлимиздан келмас. Балки биз 1,3 миллиард мусулмоннинг ҳаммасини ҳам бирлаштира олмасмиз. Балки барча мусулмон ҳукуматларини биргаликда ҳаракат қилишга мажбурлай олмасмиз. Бироқ ҳатто умматнинг учдан бирини ва мусулмон давлатларининг учдан бир қисмини бирлаштира олсак ҳам нимадир қилишга қурбимиз етади. Эсланг, пайғамбаримиз Мадинага отланганида издошлари жуда кам эди. Аммо у ансорлар билан муҳожирларни бирлаштира олди ва охир-оқибатда исломни муҳофаза қилиш учун етарли кучга эга бўлди.

Биз қисман бирлигимиздан ташқари қўлимиздаги бойликларнинг ҳам ҳисобини олишимиз керак. Мен юқорида одамларимиз сони, нефт бойликларимиз ҳақида гапириб ўтдим. Ҳозирги замонда биз ҳарбий жиҳатдан заифлигимизнинг ўрнини босишга етарли бўлган улкан сиёсий, иқтисодий ва молиявий қудратга эгамиз.

Биз шунингдек номусулмонларнинг ҳаммаси ҳам бизга қарши эмаслигини биламиз. Баъзилари биз билан жуда яхши муносабатда. Айримлари ҳатто бизнинг душманларимизни ўз душманлари деб билишади. Ҳатто яҳудийлар орасида ҳам Исроил қилаётган ишни қўлламайдиганлар кўп.

Биз ҳаммани ўзимизга қарши қилиб қўйишимиз керак эмас. Уларнинг ақли ва қалбларини забт этишимиз шарт. Уларни ёрдам сўраб эмас, ўз манфаатимиз учун курашда намоён қиладиган фазилатларимиз билан оғдириб олишимиз зарур. Исломга тўғри келмайдиган ҳаракатлар билан одамларни ўзимиздан бездириб, душман томонга оғиб кетишига, шу тариқа ғанимларимиз кучайишига йўл қўймаслигимиз шарт. Султон Салоҳиддинни, у салибчиларга, хусусан Англия қироли Ричардга қарши қандай курашганини эсланг. Пайғамбаримиз ислом душманларига ҳам кўрсатган ғамхўрликни ёдга олайлик. Биз ҳам худди шундай қилишимиз керак. Биз учун айнан курашдаги ғалаба муҳим, ғазаб билан қарши ҳужумлар уюштириш ва ўч олиш эмас.

Фақат қуролланиш соҳасида эмас, барча жабҳада қудратимизни ошириб боришимиз лозим. Мамлакатларимиз барқарор, ҳукуматлар салоҳиятли, иқтисодий ва молиявий жиҳатдан бақувват, саноат ривожланган ва технологик жиҳатдан илғор бўлиши шарт. Бунинг учун вақт керак бўлса ҳам шунга эришишимиз зарур, шунда вақтни бекорга кетказмаган бўламиз. Динимиз бизни сабрли бўлишга буюрган. Шубҳасиз, сабрли бўлиш – улуғ фазилат.

Бироқ умматнинг ҳимояси, қарши ҳужум ўз уйимизда тартиб ўрнатиш биланоқ бошланмаслиги лозим. Ҳатто ҳозир ҳам биз ғанимларга қарши қўйиш мумкин бўлган салмоқли мол-мулк ва воситаларга эгамиз. Фақат уларни баҳолашимиз ва душман амалга ошираётган хунрезликларга барҳам бериш учун улардан қандай фойдаланишни билишимиз керак, холос. Агар яхшилаб мулоҳаза қилиш, режа тузиш, стратегия ишлаб чиқиш ва энг зарур биринчи қадамларни қўйиш учун тўхтаб олсак, буни бемалол уддаласак бўлади. Ҳатто шу қадамларнинг ўзиёқ ижобий натижа бериши мумкин.

Биламизки, жоҳилият даврида араблар бор-йўғи турли қабилаларнинг вакиллари бўлгани учунгина ўзаро адоватлашиб, бир-бирларининг қонини тўкар эди. Пайғамбар уларга исломий биродарликни тарғиб қилди ва улар бир-бирларига бўлган нафратни енгишга, бирлашишга ва буюк мусулмон цивилизациясини барпо этишда бир-бирларига ёрдам беришга муваффақ бўлди. Жоҳилият давридаги қолоқ араблар қилолган иш биз, ҳозирги мусулмонларнинг қўлидан келмайдими? Биз ҳам нимадир қила оламиз, ўзимизнинг буюк цивилизациямизни қайта тиклай олмасак ҳам, ҳеч бўлмаганда уммат хавфсизлигини таъминлай оламиз.

Буни амалга ошириш учун биздан халқларимизга хос турли-туман хусусиятлардан воз кечиш талаб қилинмайди. Бизга фақат умумий манфаатлар йўлида, фақат Фаластин муаммоси сингари умумий муаммолар устида биргаликда ҳаракат қила олишимиз учун сулҳга чақиришнинг ўзи кифоя.

Ҳар қандай жангда, ҳар қандай урушда ҳеч нарса жамоавий ҳаракатлардан ҳам муҳимроқ аҳамиятга эга бўлмайди. Талаб қилинадиган биргина нарса муайян даражадаги интизомга риоя қилишдир. Пайғамбаримиз Уҳуд жангида аскарларининг бир қисми сафни тарк этгани учун мағлубиятга учраган эди. Биз буни биламизу шунга қарамай интизомга риоя қилишни, номунтазам ва мувофиқлаштирилмаган ҳаракатлардан ўзимизни тийишни хоҳламаймиз. Биз ботир бўлишимиз керак, лекин бемулоҳаза эмас. Биз нариги дунёдаги ажрлар ҳақидагина эмас, бу дунёдаги миссиямизнинг натижалари ҳақида ҳам қайғуришимиз лозим.

Қуръон бизга агар душманингиз сизга ярашишни таклиф қилса, унинг таклифини қабул қилинг деб ўргатади. Ҳа, таклиф этилаётган шартлар биз учун номақбул. Аммо биз музокарага боришимиз шарт. Пайғамбаримиз Ҳудайбияда шундай қилган ва охир-оқибатда ғалаба қозонган эди.

Тушунаман, ушбу ғояларнинг ҳаммаси ҳам кенг тарқалмайди. Қаҳру ғазабини босолмаганлар гап нимадалигини англамай турибоқ уларни рад қилишдан хурсанд бўлади. Улар ҳатто ким ушбу йўлни қўллаб-қувватласа унинг оғзига уришни хоҳлашади. Уларга қолса янгидан-янги йигит-қизлар ўзларини қурбон қилишда давом этаверишса. Лекин буларнинг барчаси нимага олиб келади? Албатта ғалабага эмас. Охирги 50 йил мобайнида Фаластиндаги жангларда ҳеч қандай натижага эришмадик. Қайтанга вазиятни ёмонлаштирдик холос.

Эҳтимол душман бу таклифларни маъқуллар ва биз тарғиботчилар ғаним фойдасига ишлаяпти деган хулосага келармиз. Лекин ўйлаб кўринг. Биз ақлли одамларга қарши курашаяпмиз. Улар 2000 йиллик қирғиндан қарши ҳужумлар туфайли эмас, ақл билан иш юритишлари сабабли омон қолишган. Улар социализм, коммунизм, инсон ҳуқуқлари ва демократия ғояларини ўйлаб топиб, ҳаётга шундай муваффақият билан жорий этишдики, уларни таъқиб қилиш қонунга хилоф бўлиб қолди, чунки улар бошқалар билан тенг ҳуқуққа эга бўлишди. Буларнинг ҳаммасидан фойдаланиб ҳозирги вақтда улар энг қудратли давлатлар устидан назоратни ўз қўлларига олди ва кичкинагина тўда шу тариқа дунёга ҳукмронлик қила бошлади. Биз фақатгина мушт билан уларга қарши курашолмаймиз, ақлимизни ҳам ишлатишимиз керак.

Ўзларининг қудратли эканлиги ва очиқ-ойдин кўриниб турган муваффақиятлари туфайли улар кеккайиб кетган. Барча ғазабнок кишилар сингари кеккайганлар ҳам албатта хато қилади, мулоҳаза қилишни унутади.

Улар аллақачон хатога йўл қўя бошлади. Бундан кейин хатолари янада кўпаяди. Биз учун – ҳозир ҳам, келажакда ҳам – алоҳида имкониятлар пайдо бўлади. Улардан албатта фойдаланишимиз шарт.

Аммо бунинг учун тўғри ҳаракат қилишимиз даркор. Риторика яхши нарса. У бизга нисбатан қилинган адолатсизликларни кўрсатиш ва, эҳтимол, одамларни озроқ бўлса ҳам ўзимизга мойил қилиш ва қўллаб-қувватлашига эришишга ёрдам беради. У бизнинг руҳимизни кўтариши, иродамизни, қатъиятимизни мустаҳкамлаши мумкин, бу бизга душманнинг кўзига тик қарашимиз учун керак.

Биз нусрат сўраб Оллоҳ таолога сиғинишимиз лозим, чунки ғалаба қозонамизми ёки мағлуб бўламизми, охир-оқибатда айнан у ҳал қилади. Ниятимизга етиш учун унинг марҳамати ва ёрдамига муҳтожмиз.

Бироқ унинг бизни қўллаб, ғалаба инъом қилиш-қилмаслиги ўзимизнинг нима қилишимиз ва қандай ҳаракат бошлашимизга боғлиқ. Тағин «Раъд» сурасини(нг 11-оятини) ёдга оламиз.

Сўзимнинг бошида айтиб ўтганимдек, ҳозир бутун дунёнинг кўзи бизда, бутун мусулмон уммати ислом давлатлари раҳбарларининг ушбу конференциясини умид билан кузатиб турибди. Улар биздан қаҳру ғазабимизни қуруқ гап ё ишоралар билан тўкиб солишимизни ҳам, Оллоҳнинг марҳаматига ноил бўлиш учун унга илтижо қилишимизни ҳам кутаётгани йўқ. Улар биздан нимадир қилишимизни, ишга киришишимизни кутишмоқда. Биз, мусулмон миллатларнинг раҳбарлари, уларга қўлимиздан ҳеч нима келмайди дея олмаймиз. Ҳатто динимиздаги ва умматимиздаги тарқоқлик билан тўқнаш келаётган бўлсак ҳам уларга биз бирлаша олмаймиз дея олмаймиз.

Биламиз, бу иш қўлимиздан келади. Биз амалга ошира оладиган кўп ишлар бор. Ихтиёримизда улкан ресурслар мавжуд. Биздан талаб қилинадигани – интилиш, холос. Мусулмон сифатида динимиз кўрсатаётган йўл-йўриқлар учун шукур қилишимиз, биздан талаб қилинаётган ишни қатъият ва ирода билан бажаришимиз лозим. Ҳокимиятдан ўз мақсадимиз йўлида фойдаланишимиз учунгина Оллоҳ бизни одамларга раҳбар қилиб қўйгани йўқ. Қўлимиздаги ҳокимиятдан халқимиз, умматимиз, ислом манфаати йўлида ақл билан, ҳамжиҳатлик билан фойдаланишимиз шарт. Шунда, иншооллоҳ, ғалаба қозонамиз.

Мен Оллоҳдан Ислом конференцияси ташкилоти Малайзиянинг Путражайа шаҳрида ўтказаётган ушбу 10-конференцияси бизга янги куч-ғайрат бахш этишини, қудратли, марҳаматли, раҳмли Оллоҳнинг ўзи ушбу анжуманимизни хайрли қилишини сўраб қоламан.

Ҳасан Карвонли таржимаси