Фултон, 1946 йил 5 март.
Бугун Вестминстер коллежига келганимдан ва сиз менга илмий даража берганингиздан бахтиёрман. «Вестминстер» номи баъзи бир нарсаларни ёдимга солади. Уни қаердадир эшитгандайман. Ахир мен сиёсат, диалектика, риторика ва бошқа соҳаларда нимаики ўрганган бўлсам, уларнинг катта қисмини айнан Вестминстерда ўрганганман-ку. Аслида сизу биз бир хил ёки ўхшаш ўқув юртларида таълим олганмиз.
Шунингдек, давлат ишлари билан банд бўлмаган каминадек бир киши учун академик аудиторияда Қўшма Штатлар президенти билан бирга ҳозир бўлиш улкан шарафдир. Бу шараф камдан-кам одамга насиб этади. Президентнинг иши, ташвиши бошидан ошиб ётганига қарамай, у ташвишдан қочмайди, сизу бизнинг бугунги учрашувимизда иштирок этиш, унинг аҳамиятини таъкидлаш учун йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб бу ерга келди ва менга ушбу қардош мамлакатга, океаннинг нарёғидаги ватандошларимга, эҳтимол, яна баъзи мамлакатларга мурожаат этиш имкониятини берди.
Президент сизга ўз истагини, яъни ушбу нотинч ва алғов-далғов замонда сизга бемалол ўзимнинг тўғри ва ҳаққоний маслаҳатимни беришимни хоҳлашини айтди, сизнинг ҳам хоҳишингиз шу эканига аминман.
Мен бу илтифотдан жоним билан фойдаланаман, бунинг устига ёшлик йилларимда нимаики орзу қилган бўлсам, ўй-ниятларимнинг барчаси аллақачон ортиғи билан рўёбга чиққани учун ўзимни шунга ҳақлиман деб ҳисоблайман. Аммо шуни қатъий таъкидлашим керакки, бундай нутқ сўзлашим учун менга ҳеч ким расмий топшириқ ҳам бергани йўқ, расмий топшириқ беришлари учун мен бирон-бир расмий лавозимни ҳам эгаллаб турганим йўқ. Шундай экан, гапирсам фақат ўз номимдан гапираман.
Ҳаётда кўп яхши-ёмон кунларни кўрдим. Шу боис мен ҳаётий тажрибамга таяниб жанг майдонларида тўлиқ ғалабага эришганимиздан сўнг дарҳол бизни қуршаб олган муаммолар ҳақида фикр юритишга ҳамда инсониятнинг келажакдаги шон-шарафи ва хавфсизлиги учун шунча қурбонлар ва азоб-уқубатлар эвазига қўлга киритилган нарсанинг сақланиб қолишини таъминлашга бор кучим билан уринишга ҳақлиман деб ҳисоблайман.
Ҳозир Қўшма Штатлар дунёдаги энг қудратли давлат ҳисобланади. Бугун Америка давлати учун тантанали кундир, чунки куч-қудратдаги устунлик билан бирга у келажак олдидаги ҳаддан зиёд улкан масъулиятни ҳам зиммасига олди. Атрофга боқиб сиз нафақат бажарилган бурч ҳиссини, балки сизга ишонганларнинг ҳафсаласини пир қилиб қўйишдан хавотирланиш туйғусини ҳам туюшингиз керак. Қулай имкониятлар мавжуд ва буни бизнинг ҳар иккала мамлакатимиз ҳам тўла тушуниб турибди. Уларнинг қадрига етмаслик, уларни эътиборсиз қолдириш ёки бой бериш келажакда ҳад-ҳисобсиз таъна тошлари остида қолиш билан тенгдир.
Фикрлашдан тўхтамаслик, қунт-матонат билан мақсадга интилиш ва ҳар қандай масаланинг жуда осон ечимини топа олиш худди уруш вақтида бўлгани каби тинчлик вақтида ҳам инглиззабон мамлакатларга хос хусусиятлар бўлиши керак. Биз бу қатъий талабни бажара олишимиз шарт, менимча бу қўлимиздан келади.
Америка ҳарбийлари бирон-бир жиддий вазиятга дуч келсалар одатда «умумий стратегик концепция» номли директива қабул қиладилар. Бунинг ўзига яраша ҳикмати бор, чунки бундай концепциянинг мавжудлиги аниқ-равшан фикрлашга ёрдам беради. Бугун биз амал қилишимиз керак бўлган умумий стратегик концепция барча мамлакатлардаги барча хонадонлар, барча одамларнинг хавфсизлиги ва хотиржамлиги, эркинлиги ва тараққиётини таъминлаш концепцияси бўлиши шарт. Мен аввало миллионлаб коттежлар ва кўп квартирали уйларни назарда тутаяпман, уларда яшовчилар турмуш қийинчиликлари ва машаққатларига қарамасдан оила аъзоларини муҳтожликдан ҳимоя қилишга, худодан қўрқадиган, одоб-ахлоқли қилиб тарбиялашга интиладиларки, ҳаётда бу хусусиятлар муҳим рол ўйнайди. Бу ҳад-ҳисобсиз уй-жойларнинг хавфсизлиги таъминланиши учун улар иккита асосий офат — уруш ва тираниядан ҳимояланган бўлиши лозим. Меҳнат қилиб, турмуш қийинчиликларини енгиб оила боқадиган киши бошига уруш балоси соя солганда ҳар қандай оила чекадиган оғир изтироб барчага маълум. Кўз олдимизда ўтмишдаги барча қадриятлари билан бирга вайрон қилинган Европа ва Осиёнинг каттагина қисмининг харобалари ястаниб ётибди. Ёвуз ниятли одамларнинг кирдикорлари ёки қудратли давлатларнинг тажовузкорона мақсадлари дунёнинг кўп жойларида цивилизацияли жамият асосларини йўқ қилиб ташлаганда оддий одамлар енгиб бўлмас қийинчиликларга дуч келадилар. Улар учун ҳамма нарса аралаш-қуралаш бўлиб кетган, бузилган ёки умуман ер билан яксон қилинган бўлади.
Бу ерда, шундай сокин кунда қаршингизда турарканман, реал ҳаётда миллионлаб одамлар қандай яшаётганини ва бутун ер юзига очарчилик балоси ёпирилса уларга нима бўлишини ўйлаганимда мени қалтировуқ босади. Ҳеч ким «инсон чеккан беҳад азоб-уқубатлар»нинг ҳисобига ета олмайди. Бизнинг асосий вазифамиз ва бурчимиз — оддий одамларнинг оилаларини яна бир урушнинг даҳшатлари ва мусибатларидан асрашдир. Бу борада ҳаммамиз якдилмиз.
Бизнинг америкалик ҳарбий ҳамкорларимиз «умумий стратегик концепция»ни белгилаб олиб, барча ресурсларни ҳисоблаб чиққанларидан сўнг ҳамиша кейинги босқичга ўтишади — уни амалга ошириш воситаларини қидиришади. Бу масалада ҳам умумий якдиллик мавжуд. Аллақачон бош мақсади урушнинг олдини олиш бўлган жаҳоний ташкилот тузилган. Миллатлар лигасидан фарқли равишда АҚШ ва бошқа давлатлар ҳам аъзоси бўлган, мазкур ташкилотнинг вориси бўлмиш БМТ аллақачон ўз ишини бошлади. Бу фаолият сохта эмас, ҳақиқий бўлиши, бу ташкилот шунчаки номигагина ишламасдан, қудратли таъсир кучига эга бўлиши, шунчаки оламшумул Бобил минорасига эмас, кўплаб мамлакатларнинг жанговар қалқонлари осиғлиқ турадиган асил Тинчлик қасрига айланиши учун биз мазкур фаолиятнинг муваффақиятини таъминлашимиз шарт. Ўз-ўзимизни ҳимоя қилиш мақсадида миллий қуролли кучларимизни сақлаб туриш заруратидан халос бўлишдан олдин биз қасримиз билқиллама қумлоқ ёки ботқоқлик эмас, мустаҳкам қоя устига қурилганига амин бўлишимиз керак. Оқил одамлар яхши биладики, бизнинг йўлимиз узоқ ва машаққатли бўлади, аммо агар биринчи ва иккинчи жаҳон уруши мобайнида тутган (афсуски, икки жаҳон уруши оралиғи бундан мустасно) йўлимиздан заррача ҳам оғишмай ҳаракат қилсак, охир-оқибат кўзлаган умумий мақсадимизга эриша олишимизга ишонаман.
Бу борада ишга киришиш учун менинг амалий таклифим ҳам бор. Судлар шериф ва констеблларсиз ишлай олмайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотини ҳам дарҳол халқаро қуролли кучлар билан таъминлашни бошлаш керак. Бу ишимиз аста-секин амалга ошади, бироқ ҳаракатни ҳозирдан бошлашимиз лозим. Таклифим шуки, ҳамма давлатларга БМТ ихтиёрига маълум миқдорда ҳарбий ҳаво кучлари эскадрилясини бериш таклиф қилинса. Ушбу эскадрилялар ўз мамлакатларида тайёрланса, аммо ротация тартибида бир давлатдан бошқасига ўтказилса. Учувчилар ўз мамлакатларининг, аммо фарқлаш белгилари бошқа бўлган ҳарбий формаларини кийиб юрсалар. Улардан ўз юртига қарши ҳарбий ҳаракатларда қатнашишни талаб қилиш мумкин бўлмаса, лекин бошқа барча иш ва муносабатларда уларга БМТ раҳбарлик қилса. Бундай қўшинни тузишни кичик-кичик бўлинмалардан бошлаш ва ўртадаги ишонч ошишига мос равишда кучайтириб бориш мумкин. Бу иш Биринчи жаҳон урушидан сўнг қилинишини хоҳлаган эдим, бу ниятимни ҳозир ҳам рўёбга чиқариш мумкинлигига астойдил ишонаман.
Аммо ҳозирги вақтда фақат Қўшма Штатлар, Буюкбритания ва Канадагина эгалик қилаётган атом бомбасини яратиш тажрибаси ва унга оид махфий маълумотларни ҳали эндигина атак-чечак қилаётган БМТга маълум қилиш нотўғри иш ва эҳтиётсизлик бўлур эди. Ҳали уюшмаган ва алғов-далғов дунёда бу қуролни тарқатиб юбориш жинояткорона аҳмоқлик бўлур эди. Ушбу бомбани яратиш учун керак бўладиган билимлар, воситалар ва хомашёлар айни пайтда асосан Америка қўлида жамланганидан ҳеч бир мамлакатдаги ҳеч бир инсоннинг тинчлик-хотиржамлигига зиён етгани йўқ. Мабодо вазият аксинча бўлиб, ушбу даҳшатли қуролга қандайдир коммунистик ёки неофашистик давлат маълум муддат якка ўзи эгалик қилганида биз ҳозиргидек хотиржам яшай олардик дея олмайман. Унинг олдидаги қўрқувнинг ўзиёқ тоталитар тузумларга эркин демократик дунёнинг бўйнига бўйинтуруқ солиб олиш учун етарли бўлган бўлур эди. Бунинг мудҳиш оқибатлари инсон тасаввурига сиғмаслиги аниқ. Худонинг хоҳиши билан бундай бўлмади ва шундай хавф пайдо бўлгунга қадар уйимизни тартибга солиб олишимиз учун ҳали вақтимиз бор. Аммо ҳатто бор куч-ғайратимизни аямасак ҳам бошқа мамлакатлар атом бомбасини қўллашига ёки қўллаш билан таҳдид қилишига қарши уларни тийиб турувчи самарали воситаларимиз бўлиши учун биз барибир етарлича катта устунликка эга бўлишимиз керак. Пировардида, одамларнинг ҳақиқий биродарлиги қандайдир Жаҳоний Ташкилот шаклида рўёбга чиқадиган ва у барча зарур амалий воситаларга эга бўладиган бўлса, фаолияти самарали бўлиши учун унга шундай ваколатларни бериш мумкин бўлади.
Ана энди оддий одамлар ва оилаларга соя солаётган иккинчи хавф-хатар, яъни тирания ҳақида гапирмоқчиман. Биз Британия империясининг бутун ҳудудида фуқаролар фойдаланаётган эркинликлар кўплаб мамлакатларда мавжуд эмаслигидан кўз юма олмаймиз; уларнинг айримлари жуда қудратли мамлакатлардир. Бу давлатларда ҳар тешикка бурнини суқадиган зўравон ҳукуматлар оддий одамларга ҳукмини ўтказиб, уларни ўз йўриғига солиб олган. Давлат ҳокимияти ҳеч бир чекловсиз диктаторлар ёки чамбарчас уюшган бир тўда олигархлар томонидан имтиёзга эга бўлган партия ва сиёсий полиция ёрдамида амалга оширилади. Олдимизда қийинчиликлар ҳали жуда кўп бўлган ҳозирги вақтда биз билан уруш ҳолатида бўлмаган мамлакатларнинг ички ишларига зўрлик билан аралашиш мажбуриятини зиммамизга ололмаймиз. Биз инглиззабон дунёнинг умумий мероси бўлмиш инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг улуғвор принципларини тинмай, дадиллик билан олға суришимиз керак. Буюк хартияда, Ҳуқуқлар ҳақидаги биллда, Хабеас корпус қонунида, маслаҳатчилар судида ва инглиз умумий ҳуқуқида акс этган ушбу принциплар Мустақиллик декларациясида ўзининг ёрқин ифодасини топган. Улар ҳар қандай мамлакат халқи конституциявий йўл билан, яширин овоз бериладиган ва сохталаштирилмаган эркин сайлов ўтказиш орқали давлатни бошқариш шакли ва хусусиятини танлаш ва ўзгартириш ҳуқуқи ва имкониятига эга бўлиши; сўз ва матбуот эркинлиги ҳукмронлик қилиши; ижро ҳокимиятидан мустақил бўлган ва бирон-бир партиянинг таъсирига берилмайдиган судлар аҳолининг катта қисми томонидан маъқулланган қонунлар ва вақт синовидан ўтган урф-одатларни ҳаётга татбиқ қилиши лозимлигини англатади. Булар ҳар бир уйда билишлари шарт бўлган эркинликка тааллуқли ҳуқуқлардир. Британия ва Америка халқларининг бутун инсониятга мурожаати шундай. Қани келинг, биз нима қилсак, шуни тарғиб этамиз, нимани тарғиб этсак, шуни қиламиз.
Шундай қилиб мен одамларнинг хонадонларига таҳдид солаётган иккита асосий хавф-хатарни таърифладим. Одамларни кўпинча ҳамма нарсадан кўп ташвишлантирадиган камбағаллик ва етишмовчиликлар ҳақида гапирганим йўқ. Аммо агар уруш ва тирания хавфи бартараф этилса, илм-фан ва ҳамкорлик яқин йилларда, узоғи билан бир неча ўн йил ичида урушнинг бор жабр-ситамларини бошидан кечирган дунёга инсоният тарихида мисли кўрилмаган фаровонлик келтириши шубҳасиз. Ҳозир, ушбу қайғу-ҳасратли бир паллада бизни буюк муҳорабамиздан сўнг бошланган очлик ва умидсизлик қийнамоқда. Бироқ бу кунлар ҳам ўтади, эҳтимол, ўйлаганимиздан ҳам тезроқ ўтар, шунда барча мамлакатлар тўкин-сочин, фаровон яшашига одамларнинг аҳмоқлиги ва ваҳшиёна жиноятларидан бошқа ҳеч нарса халақит бера олмайди. Бундан эллик йил бурун гапга чечан ирланд дўстим, америкалик буюк нотиқ Берк Кокран шундай деган эди: «Ҳаммага ҳамма нарса етарли. Ер — сахий она. Агар фарзандлари тотув бўлиб, унга ҳаққоний ишлов беришса, ер уларга тўкин-сочин, тўқ яшашлари учун зарур бўладиган ҳамма нарсани беради». Ўрни келганда мен кўпинча унинг шу сўзларини эсга оламан.
Алқисса, биз ҳозиргача тўла якдилмиз. Шу тобда, бизнинг умумий стратегик концепциямиз методикасидан фойдаланишда давом этиш асносида сизга айтмоқчи бўлган асосий фикримни баён қилмоқчиман. Инглиззабан халқларнинг қардошларча иттифоқисиз эффектив равишда урушнинг олдини олишга ҳам, БМТнинг таъсир доирасини узлуксиз кенгайтиришга ҳам эришиб бўлмайди. Бу Британия ҳамдўстлиги ва Британия империяси ва Қўшма Штатлар ўртасидаги муносабатлар алоҳида аҳамиятга эга эканлигини билдиради. Эзмаланиб ўтиришга вақтимиз йўқ, шу боис мен гапнинг лўндасини айтмоқчиман. Қардошларча иттифоқ қардош жамиятларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни кучайтиришнигина эмас, балки ҳарбийларимиз ўртасидаги қалин муносабатларни давом эттиришни ҳам тақозо қиладики, булар яширин хавф-хатарларни биргаликда ўрганишга, қурол-яроғ ва ҳарбий низомларни мослаштиришга, шунингдек ҳарбий-техник коллежларнинг офицер ва курсантларини алмашишга олиб келиши керак. Бу яна барча ҳарбий-денгиз флоти ва ҳарбий-ҳаво кучлари базаларини биргаликда истифода қилиш йўли билан иккитарафлама хавфсизликни таъминлаш учун бундан кейин ҳам мавжуд воситалардан фойдаланишда давом этишни англатади. Эҳтимол бу Америка флоти ва авиациясининг ҳаракатчанлигини икки баробар оширган бўлур эди. Бу Британия империяси қуролли кучларининг ҳаракатчанлигини анча оширган, шунингдек, дунё қай даражада тинчишига қараб анча пулни тежаш имконини ҳам берган бўлур эди. Аллақачон биз кўпгина ороллардан биргаликда фойдаланаяпмиз; яқин келажакда бошқа оролларни ҳам биргаликда истифода қилишимиз мумкин. АҚШ Британия ҳамдўстлиги ва империясига жуда содиқ бўлган Канада доминиони билан мудофаа тўғрисида доимий битим тузган. Бу битим аксарият ҳолларда расмий иттифоқ доирасида тузиладиган жуда кўп шартномалардан кўра фойдалироқдир. Ушбу принципни тўла тенглик асосида Британия ҳамдўстлигининг барча мамлакатларига татбиқ қилиш керак. Нима бўлмасин, биз фақатгина шу тариқа, биргаликда хавфсизлигимизни таъминлашимиз ҳамда ўзимиз учун ардоқли бўлган ва ҳеч кимга зиёни тегмайдиган катта-кичик мақсадлар йўлида меҳнат қилишимиз мумкин. Энг охирги босқичда балки умумий фуқаролик ғояси ҳам амалга ошар (менимча, бу ғоя ҳозирданоқ рўёбга чиқмоқда), аммо мазкур масалани буткул тақдир ҳукмига ҳавола этсак бўлади, чунки бу борада бизга толе ёр бўлишини кўпчилигимиз аниқ сезиб турибмиз.
Аммо биз ўзимизга бериб кўришимиз керак бўлган бир муҳим савол бор.АҚШ ва Британия ҳамдўстлиги ўртасидаги қалин муносабатлар айни пайтда уларнинг Жаҳоний Ташкилотга содиқ қолишларига халал бермайдими? Менинг жавобим шу: бундай муносабатлар, аксинча, мазкур ташкилотнинг мақоми ва қудратини оширишнинг, эҳтимол, бирдан-бир чорасидир. АҚШ, Канада ва Жанубий Америка республикалари ўртасида ўзига хос муносабатлар мавжуд. Биз ҳам Россия билан ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам кўрсатиш тўғрисида 20 йиллик шартнома тузганмиз. Мен Буюкбритания ташқи ишлар вазири жаноб Бевиннинг гапига қўшиламан, унинг фикрича, агар хоҳласак бу шартномани 50 йилга ҳам тузишимиз мумкин. Бизнинг ягона мақсадимиз ўзаро ёрдам кўрсатиш ва ҳамкорлик қилишдир. Бизнинг Португалия билан иттифоқимиз 1384 йилдан бери амал қилади ва ўтган урушнинг оғир дамларида анча фойда берди. Ушбу битимларнинг ҳеч бири жаҳон миқёсидаги муросаи мадоранинг умумий манфаатларига зид эмас. Аксинча, улар БМТ ишига кўмаклашиши мумкин. «Оллоҳнинг уйида ҳаммага жой етади». Бирлашган Миллатлар ўртасидаги бирон-бир мамлакатга қарши қаратилмаган ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг низомига мос келмайдиган режаларни ўз ичига олмаган алоҳида муносабатлар нафақат зарарсиз, балки, менимча, фойдали ва керакли ҳамдир.
Мен Тинчлик қасри ҳақида гапирган эдим. Бу қасрни барча мамлакатларнинг меҳнаткашлари барпо этишлари керак. Агар ушбу бинокорларнинг иккитаси бир-бирини жуда яхши билса, эски дўстлар бўлса, агар улар қуда-анда бўлиб кетган бўлсалар, ўтган куни қаердадир кўзим тушганидек «агар улар бир-бирларининг мақсадлари рўёбга чиқишига, келажаги порлоқ бўлишига ишонсалар, бир-бирларининг яхшисини ошириб, ёмонини яширишга уринсалар», унда нега умумий мақсад йўлида дўст ва ҳамкор сифатида биргаликда ишлай олмас эканлар? Нега улар иш қуролларидан биргаликда фойдаланиб, бир-бирларининг меҳнат қобилиятини ошира олишмас экан? Улар нафақат шундай қила олишади, балки шундай қилишлари шарт, акс ҳолда қаср барпо бўлмайди ёки нўноқ шогирдлар томонидан қурилган тақдирда ҳам тезда қулайди ва биз яна, таассуфки, учинчи марта уруш жабр-ситамларини бошдан кечиришга мажбур бўламиз. Унда кечагина тугаган урушнинг машаққатлари бу галгисининг олдида ҳолва бўлиб қолади.
Ўрта асрлар даври қайтиши мумкин, илм-фаннинг ярқироқ қанотларида тош асри қайтиб келиши мумкин, инсониятга ҳозир беҳисоб моддий бойлик келтириши мумкин бўлган нарса унинг буткул йўқ бўлиб кетишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун сизни огоҳ бўлишга даъват этаман. Эҳтимол, вақт жуда оз қолгандир. Келинг, жуда кеч бўлмасидан мудҳиш воқеалар юз беришига йўл қўймаймиз. Модомики, биз мен ҳозиргина гапириб ўтганимдек иккала мамлакатимизнинг ҳам қудратини оширадиган ва хавфсизлигини таъминлайдиган қардошларча иттифоқ бўлишини хоҳлар эканмиз, келинг, шундай қиламиз, бу улуғ иш бутун дунёга маълум бўлсин ва тинчликни мустаҳкамлашга хизмат қилсин. Касалликни даволагандан кўра унинг олдини олган маъқул.
Дунёнинг иттифоқчилар ғалабасидан сўнг яқиндагина ёришган юзига яна соя тушди. Совет Россияси ва унинг халқаро коммунистик ташкилоти яқин келажакда нима қилмоқчи эканини ва уларнинг босқинчилик ва бузғунчиликка интилишларининг чеки бор-йўқлигини ҳеч ким билмайди. Мен шавкатли рус халқига ва уруш давридаги дўстим маршал Сталинга тан бераман ва уларни жуда ҳурмат қиламан. Англияда — бу ерда ҳам шундайлигига шубҳам йўқ — Россиянинг барча халқларига чуқур ҳамдардлик билан, яхши ният билан қарайдилар ва мустаҳкам дўстона муносабат ўрнатиш учун кўплаб келишмовчилик ва зиддиятларни енгиб ўтишга тайёрдирлар. Биз Россия Германия яна тажовуз қилишидан хавфсирашини, шу боис ўзининг ғарбий чегаралари хавфсизлигини таъминлаши зарурлигини тушунамиз. Биз уни ўз ўрнида — жаҳоннинг етакчи давлатлари орасида кўришдан хурсандмиз. Биз денгизларда унинг кемаларини кўрсак олқишлаймиз. Энг аввало биз Атлантиканинг ҳар иккала томонидаги халқларимиз ва рус халқи орасидаги доимий, қалин ва мустаҳкамланиб борувчи алоқаларни маъқуллаймиз. Бироқ мен сизга Европадаги ҳозирги аҳвол ҳақидаги баъзи фактларни баён қилиб беришни ўз бурчим деб биламан. Сиз уларни менга қандай тақдим этишса шундай ҳикоя қилиб беришимни хоҳлаётганингизга аминман.
Қитъада Болтиқ денгизи соҳилидаги Штеттин шаҳридан то Адриатика денгизи бўйидаги Триест шаҳригача темир парда тортилди. Марказий ва Шарқий Европадаги қадимий давлатларнинг барча пойтахтлари — Варшава, Берлин, Прага, Вена, Будапешт, Белград, Бухарест, София парданинг у томонида. Ушбу машҳур шаҳарларнинг ҳаммаси ва уларнинг теварак-атрофидаги аҳоли совет таъсир доираси деб аталадиган ҳудудда қолиб кетишди, уларнинг барчаси у ёки бу шаклда нафақат совет таъсири, шунингдек Москванинг салмоқли ва тобора кучайиб бораётган назорати остидадирлар. Фақат абадий шон-шарафга бурканган Афинагина Британия, Америка ва Франция кузатувчилари иштирокида сайловда ўз келажагини ўзи эркин белгилай олади. Руслар ҳукмронлигидаги Полша ҳукумати Германияга қарши улкан ва адолатсиз суиқасдга гижгижланаяпти, бу эса миллионлаб немисларнинг оммавий равишда ўта ачинарли ва мисли кўрилмаган кўламда қувғин қилинишига олиб келмоқда. Шарқий Европанинг ушбу давлатларидаги камсонли коммунистик партиялар аъзолари сонига мутлақо номутаносиб бўлган фавқулодда кучга эга бўлиб, ҳамма жойда тоталитар назорат ўрнатишга интилмоқдалар. Мазкур давлатларнинг деярли барчаси зўравон ҳукуматлар томонидан бошқарилмоқда, шу кунгача уларда ҳақиқий демократия йўқ, Чехословакия бундан мустасно. Туркия ва Эрон уларга Москва ҳукумати томонидан билдирилаётган эътироз ва кўрсатилаётган босимлардан чуқур хавотир ва ташвишга тушиб қолишган. Берлинда руслар босиб олинган Германиянинг совет зонасида сўл немис раҳнамолари гуруҳларига махсус имтиёзлар бериш орқали квазикоммунистик партия тузишга уринишмоқда.
Бултур июн ойидаги жанглардан сўнг Америка ва Британия армиялари илгари эришилган келишувга мувофиқ деярли 400 милга чўзилган фронт бўйлаб ғарбга, баъзи жойларда 150 милгача ичкарига чекиндилар. Келишувга кўра ғарб давлатлари эгаллаган бу кенг ҳудуд бизнинг рус иттифоқчиларимиз ихтиёрига ўтди. Агар ҳозир совет ҳукумати биртомонлама хатти-ҳаракатлари билан ўз зонасида коммунистпараст Германия давлатини тузишга уринса, бу Британия ва Америка зоналарида янги жиддий қийинчиликларни келтириб чиқаради ҳамда мағлубиятга учраган немисларга советлар ва ғарб давлатлари ўртасида ўйин қилиш имконини беради. Буларнинг бари бор гаплар, улардан қандай хулоса чиқармайлик, Европа унинг учун биз курашган ва озод этган ўша озод Европа, мустаҳкам тинчлик ўрнатиш учун зарур шарт-шароитга эга Европа бўлмаслиги аниқ.
Дунёнинг хавфсизлиги Европада янги ҳамжиҳатликка эришишни тақозо қилади, ундан ҳеч бир тарафни батамом четга суриб қўйиш керак эмас. Европадаги ушбу қудратли икки асосий ирқ ўртасидаги низолар туфайли илгари қанча қирғинбаротлар бўлган, кўз ўнгимизда жаҳон урушлари бўлиб ўтди. Умримиз мобайнида икки марта Қўшма Штатлар ўз хоҳиши ва анъаналарига хилоф равишда, яққол кўриниб турган далилларга қарши ўлароқ даҳшатли хунрезликлар ва йўқотишларга қарамай ҳақ ишнинг ғалабасини таъминлаш учун енгиб бўлмайдиган кучлар томонидан ушбу урушларга жалб этилди. Икки марта Қўшма Штатлар ўзининг миллионлаб ёшларини Атлантика океанининг нарёғидаги урушга жўнатишга мажбур бўлди. Бироқ ҳозирги вақтда ҳар қандай мамлакат, мағрибу машриқнинг қаерида жойлашганидан қатъи назар, уруш балосига йўлиқиши мумкин. Биз шубҳасиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида, унинг низомига мувофиқ Европани ялпи тинчитишдек улуғ мақсад йўлида ҳаракат қилишимиз керак. Бу, менинг фикримча, ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга сиёсатдир.
Европани кўндалангига ажратиб қўйган «темир парда»нинг бошқа тарафида хавотирланиш учун бошқа сабаблар бор. Италияда коммунистик партиянинг фаолияти коммунистлар таълимини олган маршал Титонинг Адриатика марказидаги Италиянинг собиқ ҳудудига қилаётган даъвосини қўллаб-қувватлаш зарурати туфайли танг аҳволга солиб қўйилган. Шунга қарамай Италиядаги вазият ноаниқлигича қолмоқда. Бундан ташқари, тикланган Европани қудратли Франциясиз тасаввур қилиб бўлмайди. Умр бўйи мен дунёда қудратли Франция мавжуд бўлишининг тарафдори бўлиб келдим, ҳатто энг оғир кунларда ҳам унинг келажаги порлоқ бўлишига ишонганман. Бунга ҳозир ҳам ишонаман. Лекин Россия чегараларидан олисда жойлашган кўпгина мамлакатларда коммунистик бешинчи колонналар тузилган. Улар батамом ҳамжиҳатликда, коммунистик марказдан олинадиган кўрсатмаларга тўла бўйсунган ҳолда иш қиладилар. Коммунистик партиялар ёки бешинчи колонналарнинг христиан цивилизациясига солаётган хавф-хатари ва таҳдиди тобора кучайиб бормоқда, коммунизм ҳали гўдаклик палласида бўлган Британия ҳамдўстлиги ва Қўшма Штатлар бундан мустасно. Буларнинг бари тинчлик ва демократия учун қўлда қурол билан елкама-елка курашиб биргаликда эришилган ғалабадан сўнг кўп вақт ўтмай айтишга тўғри келаётган нохуш фактлардир. Аммо ҳали вақт борида уларни пайқамаслик ўтакетган калтафаҳмлик бўлур эди. Узоқ Шарқдаги, айниқса Манчжуриядаги вазият ҳам кишида хавотир уйғотади. Ялтада эришилган келишув, унга мен ҳам дохилман, Россия учун ниҳоятда мақбул битим бўлган эди. Аммо у ҳеч ким уруш 1945 йилнинг ёзида ё кузида тугайди деб айта олмайдиган ва Япония билан бўладиган уруш Германияга қарши уруш тугаганидан сўнг 18 ой ичида кечиши кутилаётган бир пайтда тузилган эди. Сиз Узоқ Шарқда бўлаётган ишлардан жуда яхши хабардорсиз ва Хитойнинг содиқ дўсти ҳисобланасизки, менинг у ердаги аҳвол ҳақида гапириб ўтиришимга ҳожат йўқ.
Мен сизга Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам бутун дунёни қоплаётган кўланкани тасвирлаб беришга ўзимни бурчлиман деб билдим. Версал шартномаси тузилаётганда мен вазир ҳамда Буюкбританиянинг Версалдаги делегациясига раҳбарлик қилаётган жаноб Ллойд Жоржнинг яқин дўсти эдим. У ерда эришилган шартлашувларнинг кўпига қўшилмаган бўлсам ҳам менда ўша даврдаги вазият ҳақида ёрқин таассурот қолган эди. Уни ҳозиргиси билан таққослаш мен учун жуда оғир. У давр қалбларни бошқа уруш бўлмайди ва Миллатлар лигаси ҳар нарсага қодир кучли ташкилотга айланади деган улкан орзу-умидлар ва чексиз ишонч ҳисси қамраб олган давр эди. Бугун мен дунёмизнинг ҳорғин чеҳрасида шундай ишонч ва орзу-умидларни кўрмаяпман ҳам, сезмаяпман ҳам.
Иккинчи томондан, мен янги уруш муқаррар, бунинг устига у яқин орада бошланади деган фикрни хаёлимдан қуваман. Шунинг учун қуваманки, тақдиримиз ўз қўлимизда эканлигига, урушнинг олдини ола олишимизга ишонаман. Қулай фурсат ва имконият туғилган экан, ушбу масала бўйича фикр билдиришни ўз бурчим деб биламан. Мен Россия урушни хоҳлашига ишонмайман. У нимани хоҳлаётган бўлса, бу урушнинг ҳамда ўз қудрати ва таълимотини кенг ёйишнинг натижаларидир. Аммо биз бу ерда бугун, ҳали вақт борида урушнинг абадий олдини олиш ва барча мамлакатларда иложи борича тезроқ эркинлик ва демократия қарор топиши учун шарт-шароит яратиш ҳақида ўйлашимиз шарт. Агар қийинчилик ва хавф-хатарларни кўриб кўрмасликка олсак ёки нима бўлар экан деб кутиб ўтирсак ёхуд яраштириш сиёсатини юритсак, улар ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетмайди. Биз уларни ҳал қилишга эришишимиз керак, бу қанча кўп вақтни олса шунча қийин кечади ва олдимиздаги хавф-хатарлар янада даҳшатли тус олади. Уруш давридаги иттифоқчиларимиз бўлмиш рус дўстларимизнинг хатти-ҳаракатларини кузатиб шундай хулосага келдимки, улар ҳеч нимани куч-қудратни қадрлаганчалик қадрламайдилар ва ҳеч нимага ҳарбий заифликка қараганчалик нописандлик билан қарамайдилар. Шу сабабга кўра эндиликда кучлар тенглигига асосланган эски доктрина яроқсиздир. Биз озгина қўлимиз устун-ку деган фикрдан келиб чиқиб ҳаракат қилишни ўзимизга эп кўра олмаймиз, чунки бу кучни синаб кўриш васвасасини келтириб чиқаради. Агар ғарб давлатлари биргаликда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти низоми принципларига қатъий содиқлигича қолсалар, уларнинг ушбу принциплар ривожига кўрсатадиган таъсири жуда катта бўлади ва ҳеч ким уларнинг барқарорлигига путур етказа олмайди. Бироқ улар тарқоқ бўлишса ёки ўз бурчини бажара олишмаса ва ушбу ҳал қилувчи йилларни ўтказиб юборишса, унда ростдан ҳам ҳаммамиз фалокатга йўлиқамиз.
Ўтган сафар, воқеаларнинг худди шундай ривожланишини кузата туриб, мен бор овозим билан ватандошларимни ва бутун дунёни хавфдан огоҳлантирмоқчи бўлдим, аммо ҳеч ким гапларимга қулоқ солишни истамади. 1933 йилгача, ҳатто 1935 йилгача ҳам Германияни бошига тушажак даҳшатли қисматдан асраб қолиш мумкин эди, шунда Гитлер инсоният бошига бахтсизлигу кулфатлар ёғдира олмаган бўларди. Ўз вақтида чора кўрилганда кечагина тугаган, ер юзининг катта қисмини вайронага айлантирган урушнинг осонгина олдини олиш мумкин эди, тарихда ҳали бунақаси бўлмаган. Аминманки, битта ҳам ўқ отмасдан унинг олдини олса бўларди, Германия эса бугун қудратли, гуллаб-яшнаётган ва обрўйли мамлакатга айланарди; аммо ўшанда мени эшитишни истамадилар ва даҳшатли гирдоб бизни бирин-кетин ўз домига тортиб кетди. Биз бу ҳол такрорланишига йўл қўймаслигимиз керак. Ҳозир бунга фақат бугун, 1946 йилда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг умумий раҳбарлигида ҳамма масалалар бўйича Россия билан тил топишиб, ҳамжиҳат бўлиб, ушбу эзгу тушунчани инглиззабон дунёнинг бутун куч-қудрати ва у билан боғлиқ барча-барчага суянган ҳолда узоқ йиллар мобайнида ҳимоя қилиб эришиш мумкин. Токи ҳеч ким Британия империяси ва ҳамдўстлигининг буюк кучига нописандлик билан қарамасин. Бизнинг оролимизда 46 миллион киши озиқ-овқатдан қийналаётганини, 6 йиллик урушнинг чексиз машаққатларидан сўнг бизда саноатимиз ва экспорт савдосини тиклашда қийинчиликлар мавжудлигини кўриб турган бўлсангиз ҳам бизни бу йўқчиликларни уруш машаққатларини шараф билан енгиб ўтганимиздек енгиб ўтолмайди деб, ёки бизни ярим асрдан сўнг ер юзининг ҳамма ҳудудларида яшовчи ва анъаналаримизни, турмуш тарзимизни ҳамда сиз билан биз амал қиладиган умумбашарий қадриятларни ҳимоя қилиш ишида якдил бўлган 70-80 миллионлик халққа айланмайди деб ўйламанг. Агар Британия ҳамдўстлиги ва Қўшма Штатлар аҳолиси ҳавода, денгизда, илм-фан ва иқтисодиётда чинакам ҳамкор бўлиб, биргаликда ҳаракат қилсалар, кучлар нисбатининг жиззакиликка ёки авантюризмга ундайдиган хавотирли ўзгаришига йўл қўймайдилар. Аксинча, хавфсизликка бўлган ишонч тўкис бўлади. Агар биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти низомига виждонан амал қилсак ва бировларнинг ерлари ва бойликларига даъво қилмасдан, одамларнинг маслаклари устидан асоссиз назорат ўрнатишга интилмасдан, хотиржамлик ва зийраклик билан олға қадам боссак, агар Британиянинг барча маънавий ва моддий кучлари сизларники билан қардошларча иттифоққа бирлашса, нафақат биз учун, балки ҳамма учун, нафақат ҳозир, балки келгусида ҳам келажак сари кенг йўл очилади.
Ҳасан Карвонли таржимаси