Арчибалд Маклиш. Китобнинг қудрати

Америка китобчилар ассоциациясининг 1942 йил 6 майдаги мажлисида сўзланган нутқ

Биз бугун хотира куни муносабати билан йиғилдик деб айтсак, хато бўлмайди. Яхши биласиз, яна тўрт кундан кейин машъум китоб ёқиш фожиаси юз берганига ўн йил тўлади — 1932 йил 10 май куни фашистлар йигирма беш минг китобни ўтда куйдирган эди.

Мен бу гапларни саналар тасодифан тўғри келиб қолгани ёки шу воқеага алоҳида эътибор қаратиш учунгина айтаётганим йўқ. Ўнинчи майда Берлиндаги гулханда китоблар ловуллаб ёнган эди, олтинчи майда эса Нью-Йоркда умрини китобга бахшида этган одамлар тантана қилмоқда. Йўқ, менинг таъкидламоқчи бўлганим шуки, ҳар иккала воқеа ҳам китобнинг нақадар улкан қудратга эгалигини яққол кўрсатади.

Янаям, аниқроғи, мен бу икки воқеани шунинг учун таққослаяпманки, маълум маънода, Берлиндаги ёнғин китоб қандай улкан қудратга эга эканлигини кўрсатувчи энг ёрқин далил бўлган эди. Ҳолбуки, унинг ташкилотчилари айнан шуни истамаган. Яна шунинг учун таъкидлаяпманки, бу ёнғин баъзи бир оқибатларни ҳам келтириб чиқарди.

Фашистлар — нотўғри йўлдан юрган нодон ўспиринлардир, улар ҳаётда ўз ўрнини топа олмаган қаланғи-қасанғилар, ўғри, қотил, босқинчилардан ташкил топган тўда, ўз фашистча «тартиби»ни ўрнатган галадир. Фашистлар китоб ёқишдек ушбу жирканч шармандагарчиликка бежиз қўл урмаган, чунки улар нақадар нодон, жоҳил, қаҳру ғазабнинг қули бўлса ҳам, китобнинг қудратли қурол эканлигини яхши билишарди. Улар ҳур фикрли инсонлар яратган китоб фақат ҳур инсонларга хизмат қилишини, озод инсонларнинг мағрур тафаккурини акс эттиришини, маҳв этиш мушкул бўлган ўткир ва қудратли қурол эканлигини яхши тушунишган. Озодликни тиз чўктиришга қасд қилганлар энг аввал китобни — озодлик  ҳуқуқлари халоскорини йўқотиши лозим эканини англаб етишган.

Шу боис мен сизга бир савол бермоқчиман, барчамиз — ўз ҳаётини китобсиз тасаввур қила олмайдиган ёзувчилар ва китоб савдоси вакиллари, ноширлар ва кутубхоначилар, олимлар ва жамоат арбоблари  ўйлаб кўриши лозим бўлган савол бу. Биз — китобни таҳқирлаган фашистлардан шунчалик оташин бўлаётганлар, биз — китоблар устида ишлайдиган, уларни ўрганадиган ва улар ҳақида чиройли гапларни гапирадиганлар — китобнинг қудратига уни оловга ташлаган фашистларчалик юқори баҳо бера оламизми? Биз — китоб ёзувчилар ва уларни тарқатувчилар, тарғиб этувчилар — китобнинг аҳамиятини миридан-сиригача тўлиқ ҳис этамизми, уни фақат тилда эмас, бутун вужудимиз билан идрок эта оламизми, ҳеч қурса, китобдан қўрққани учунгина уни оловга ташлаган нокаслар англаганчалик англай оламизми?

Бу шунчаки бир савол эмас. Жудаям жиддий савол. Назаримда, мен унинг жавобини биламан. Сиз ҳам яхши биласиз. Бироқ яна шуни ҳам яхши биламизки, агар иблиснинг адвокати[1] жиддий хоҳласа, бизга жуда ёқимсиз бўлган яна бир чала жавобни қулоғимизга шипшитиши мумкин.

Иблиснинг билимдон адвокати биздан қутурган фашистлар жаҳолатини бир зумга унутишни ва ўзимизнинг кейинги ўн йилликдаги хатти-ҳаракатларимизни ёдга олиб, тўғрисини айтишимизни талаб қилиши ҳам мумкин: агар биз — ҳаётини китобга бағишлаган одамлар — китобнинг буюк таъсир кучига эга эканини, у инсонлар ва халқларнинг ҳаётини ўзгартирувчи восита эканини англаган бўлсак, шу йилларда ўзимизни китобнинг аҳамиятини дилдан ҳис қилган инсондай тутдикми ёки, аксинча, унга пештахтадаги товарга, пластмассадан ясалган тиш чўткаси, лосьон бутилкаси ва ё дори-дармонга қарагандай қарадикми?

Бундай саволга жавоб бериш осон бўлмайди. Биз, иккиюзламачилик қилмасдан, 1920-йилларда ишлаб чиқилган ва 1930-йилларда кенг қўлланган китоб савдоси усуллари туфайли сотилаётган китоблар сони анча кўпайди, бозоргир китоблар адади эса шундай суръатлар билан ошдики, тез орада улар учун тираж чеклови деган нарса умуман йўқолади деб жавоб беришимиз мумкин. Бироқ жавобимизни тинглаган иблиснинг адвокати биздан яна сўрайди: «Айнан қандай китобларни сотдингиз? Оммавий тарқатишга мўлжалланган бу китоблар қандай тамойилга кўра танланди? Ва ниҳоят, уларнинг кенг кўламда тарқатилишидан қандай мақсад кўзланган эди? Ўша мақсадга эришдингизми?».

Бир нарса аниқ, — дейди у бизга, — ушбу китобларнинг бадиий қиммати масаласини бир четга қўйиб турган тақдиримизда ҳам (ўйлашимча, иблиснинг адвокати мазкур масалани кўтармаса, биз учун айни муддао бўларди) ушбу китобларда, уларга бўлган муносабатингизда сиз китобларга мамлакат ҳаётига ва унинг келажагига таъсир ўтказувчи қудратли қурол каби ёндашганингизни тасдиқловчи жиҳатлар жуда кам. Агар буюк мамлакатнинг халқи қачонлардир атрофида юз бераётган сирли ўзгаришларни пайқамаган бўлса, замона зайлидаги ғайриоддий ўзгаришлардан хабарсиз қолган бўлса, америкаликлар фашизмнинг тобора кучайиб бораётганидан ғафлатда қолгани ва бунга тайёр бўлмаганининг сабаби шу, бошқа изоҳга ҳожат йўқ. Харидоргир китоблар рўйхатида Эрнест Хемингуэйнинг «Қўнғироқ кимни чорлаяпти?» ёки Эд Тейлорнинг «Қўрқув стратегияси» ёхуд «Билл Ширернинг кундалиги» сингари нотинч дунё ҳақидаги, халқимиз эътибор билан ўқиганида душман Гонолулуга[2] бомба ёғдирмасидан ва Атлантика қирғоқларини ҳалок бўлганларнинг жасадлари босиб кетмасидан бурун унга мамлакатга хавф-хатар булути соя солаётганини англаш имконини берувчи атиги бир нечта китоб бор эди, холос. Аммо сотувга чиқарилган китобларнинг аксариятини жаҳон тарихининг охирги ўн йиллигида ҳаммамиз учун ўлим хавфи юзага келиши ҳақида заррача ҳам тушунча бермайдиган асарлар ташкил қиларди. Уларни ўқиган одамлар Испанияда фашистлар уюштирган тўнтариш фашистларнинг оламшумул юриши бошланганининг аломати эканини, у бизнинг ҳам эркинликларимизга, ҳаётимизга хавф солишини; Чехословакиянинг[3] оккупация қилиниши фақат Судет вилоятининг фашизм томонидан босиб олинишини эмас, балки бошқа, Германиядан анча узоқ мамлакатларни ҳам, шу жумладан, бизнинг диёрни ҳам забт этишга уринишни англатишини хаёлига ҳам келтирган эмас.

Америка ёзувчилари, гарчи ўшанда улардан ташқари жуда кам одам Испаниядаги воқеалар ҳақида ҳақиқатни айтишга журъат қилган бўлса-да, франкочиларнинг кирдикорларини ўз номи билан тўнтариш деб атаб, мамлакатимизда фашизмга қарши илк ва жасур курашчилар сифатида майдонга чиққан эди. Шуни айтиб, яна америкалик ноширларнинг аксарияти антифашистик китобларни чоп этиш учун бор куч ва маблағини аямагани; халқни хавфдан огоҳ этишни ватанпарварлик бурчи деб билган ёзувчиларнинг асарлари қўлма-қўл бўлиб кетган ҳолатлар ҳам бўлгани сингари далилларни қалаштириб ташлаб, ушбу хаёлий мунозарани давом эттиришга ҳожат йўқ. Буларнинг ҳаммасини, яна кўп далилларни иблиснинг адвокатига эътироз сифатида келтириш мумкин. Аммо, тан олайлик, умуман олганда биз китоб ёрдамида эришишимиз керак бўлган мақсадларни рўёбга чиқариш учун китобнинг имкониятларидан самарали фойдаландик дея олмаймиз.

Америкада охирги йигирма йил мобайнида бу борада қилинган ишлар қониқарли эмас десам, барчангиз фикримга қўшилсангиз керак. Тарихимизни ёдга олганда устма-уст қилинган хатоларни таҳлил қила туриб, Батаан[4] таслим бўлган ўша фожиали кундан, Коррехидор қўлдан кетган ўша фожиаали кундан хаёлан фожиийликда улардан қолишмайдиган, ўзимизнинг масъулиятсизлигимиз ва калтабинлигимиз туфайли олдинги урушда қўлга киритган ҳамма нарсамиздан мосуво бўлган кунларга ўтишимизга тўғри келади. Энди ортга бир назар ташласак, тарихимизнинг охирги чорак асри жинояткорона лоқайдликдан муқаррар бахтсизлик сари йўл бўлиб кўринади — баайни Европада юз берган фожиа сингари, албатта босиб ўтилиши лозим бўлган, машъум ва даҳшатли йўлдай туюлади, буни ҳеч ким инкор этмаса керак. Орамизда бугун ҳаммамизнинг бошимизга тушган кўргулик учун жавобгар бўлмаган, айниқса ҳаёти китоб билан боғлиқ бўлгани учун ҳам элнинг бошига тушган кўргулик учун жавобгар бўлмаган одам ёки жамоат йўқ, бу фикримга ҳам барчангиз қўшилсангиз керак.

Аммо энди шунчаки ўтмишни кавлаштириш ва йўл қўйилган хатолар учун пушаймон қилиш етарли эмас, умумий масъулият ҳисси ўзининг алоҳида, айнан унга юклатилган бурчини англаб етган ҳар бир кишининг шахсий масъулиятига айланишига эришиш шарт. Бу туйғу бизни ҳаракатга ундамоғи лозим. Масалан, кино саноати ҳақида гап кетганда унинг вакиллари бир, икки ё беш йил илгари кинонинг ягона вазифаси томошабиннинг кўнглини ёзишдир, кинотеатрларнинг электр чироқлари билан чароғон остоналаридан узоқларда нима бўлса бўлар деб ишонтирганларнинг бошига таъна тошларини ёғдириши етарли эмас. Эндиликда кино саноати кўплаб ҳақиқатларнинг кўзига тик боқиши ва ўзи учун зарур хулосаларни чиқариб олиши даркор. Ушбу ҳақиқатларнинг энг асосийси шуки, кинофилмлар мамлакатимиз ҳаётига кучли таъсир кўрсатади, картина муаллифи хоҳлайдими-йўқми, бу бир кунмас-бир кун ўз мевасини беради. Чунки чалғитувчи ёки ҳаёт ҳақида ёлғон тасаввур уйғотувчи картиналар ҳам томошабинларга ҳаққоний, ҳаётни ойнадагидек акс эттирувчи картиналар сингари кучли таъсир қилади-ю, охир-оқибат иллюзияга, ўз-ўзини алдашга олиб келади. Кино саноати тан олиши керак: унинг шунчаки халқнинг димоғини чоғ қилишга интилаётгани ва ижтимоий қарашларни шакллантиришга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини баҳона қилиб Америкада юзага келган ижтимоий фикр учун жавобгарликни ўзидан соқит қилишга уриниши асоссиз ва ножўя уринишдир. Эътироф этиш лозимки, Америка халқи ҳозирги замон қандай хусусиятларга эгалиги ва дунёга қандай хавф-хатарлар соя солиши мумкинлигини илгарироқ, анча илгарироқ англаб етмагани учун кино саноати радио, матбуот, китобчилик, коллежлар, мактаблар, биз ҳаммамиз каби шак-шубҳасиз жавобгардир.

Илгарилари кино саноати кўнгилочар кино билан одамларга таъсир ўтказувчи кино ўртасида фарқ борлигини даъво қилган бўлса-да, тафовут мавжуд эмас. Дунёни ҳаққоний тасвирлашга уриниш томошабинга қандай таъсир қилса, уни аслидагидан бошқача тасвирлашга уриниш ҳам ўшандай таъсир қилади; бизнинг фожиали, хавф-хатарга тўла замонамизда одамлар дуч келаётган ҳақиқий муаммолар кўрсатилмайдиган, бироқ сизга сон-саноқсиз келишган оёқчалардан ҳамда ҳаммасида бир хил табассум жилваланадиган чеҳралардан баҳра олиш таклиф қилинадиган, ҳақиқатдан анча узоқ Ҳолливуд ленталари қандай «тарғибот филмлари» бўлса, «Бир шингил қаҳр»[5] ва «Испан диёри»[6] шундай «тарғибот филмлари» ҳисобланади, заррача ортиқ эмас. Қолаверса, ушбу оёқчалар ва табассумларни «тарғибот» деб аташ тўғрироқдир, чунки америкаликларнинг кўпчилиги уларда тасвирланадиган дунё, аниқроғи, антидунё ҳақиқатан ҳам мавжудлигига аста-секин ишониб қолишди, то осмондан бомбалар ёғилиб, кўз олдини чанг-тўзон қоплаб, олдиларида нурафшон экран ўрнига кинотеатрнинг сувоқлари кўчиб тушган оддий ғишт девори намоён бўлмагунча ишонишди.

Аммо ёзувчилар, вазифаси китобни ўқувчиларга етказиш бўлган инсонлар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Ҳаммамизнинг зиммамизда масъулият бўлгани сингари, китоб сотиш ҳам масъулиятли иш, демак кино саноати каби, ёзувчилар, кутубхоначилар ва бошқалар каби китобчилик ҳам ўз айбини тан олиши керак. Йигирманчи ва ўттизинчи йилларда амал қилинган китоб тарқатиш тамойиллари кинодаги шунга ўхшаш томойиллар қандай оқибатларга олиб келган бўлса, шундай оқибатларни келтириб чиқарди. Китобчиликда ҳам — унчалик ошкора ва аниқ бўлмаса-да — китобга товар сифатида, талаб бўлгани учун сотилиши керак бўлган буюм сифатида қараш шаклланган, сотилган китобнинг мазмуни учун китобчи жавоб бермайди деган фикр кенг тарқалган эди. Китоблар емакхоналарда арзон нархларда сотилгани боис китоб сотувчилар уларга фақат нарх-наво билан қизиқувчи емакхона эгаларининг кўзи ила қарашга ўрганиб қолишди. Китоб баҳоси уч доллар ёки тўқсон саккиз цент бўлган товар ҳисобланар, товар сифатида сотиларди. Китобнинг машҳурлиги юз минг ё беш юз минг ёки миллион нусхада сотилишига қараб ўлчанарди. Йирик дўконларда китоблар муайян бичимдаги костюмлар танлангандек танланарди, иккаласида ҳам харидорга айнан ушбу модел ёқади деган тамойилга амал қилинарди.

Бошқача айтганда, кинода нима юз берган бўлса, китобчиликда ҳам деярли шу нарса юз берди, аммо оқибати жуда аянчли бўлиб чиқди. Ёдда тутиш керакки, йигирманчи йилларгача китобчилик билан бу ишнинг масъулиятини тўла ҳис қилган одамлар шуғулланган, кейинчалик уларнинг издошлари бу масъулиятдан қочишга ҳаракат қилишди. Китобчилик, шубҳасиз, масъулиятни ҳис қилиш жуда ҳам зарур бўлган касблардан бири. Ўтган асрда, ундан аввалги асрда ҳам китоблар уларга товар эмас, китоб сифатида қараган кишилар томонидан; ўзи сотаётган китоб ҳақида маълум бир фикри бўлган ва шу фикрини асослаб бера оладиган кишилар томонидан; харидорлари улар билан бирон-бир роман неча нусхада сотилгани ҳақида эмас, ўша романнинг ўзи, ютуқ ва камчиликлари, фазилатлари ҳақида гурунглашадиган кишилар томонидан сотилган.

Гарчи, бу афсусланарли ҳолат бўлса-да, фожиа китобчиликда китоб савдосининг эски тамойилларига амал қилмай қўйилганидагина эмас. Фожиа шундаки, китоб сотувчилар ўз вазифаларини буткул унутиб қўйишди — ушбу жудаям муҳим вазифа туфайли уларнинг фаолияти китобларда ифодаланган ғояларнинг кенг ёйилишида муҳим аҳамият касб этарди.

Китоблар, ҳақиқий китоблар ўз-ўзидан сотилиб кетмайди. Ҳақиқий китобнинг муқоваси қанчалик чиройли бўлмасин, унда китобнинг мазмун-моҳияти қанчалик маҳорат билан акс эттирилган бўлмасин, китобнинг ташқи кўриниши одамларда уни албатта сотиб олиб ўқиб чиқиш керак экан деган фикрни уйғотолмайди. Ҳақиқий китоблар уларнинг қандай китоблигини биладиган ва уларга ҳурмат билан муносабатда бўладиган одамларнинг ғайрат-шижоати туфайли сотилади. Бу ғайрат-шижоат эса аввало китобни варақлаб чиқаётган ўқувчини ишонтиришга қаратилган бўлиши керак. Энг ҳурматли танқидчи ёзган энг беназир тақриз ҳам ўқувчининг ўқувчи билан гурунгидан камроқ фойда келтиради. Бундай гурунгларда эса ҳар доим ўз китобларини ҳам, ўз харидорларини ҳам яхши биладиган китобчи энг обрўли суҳбатдош саналади. Агар китоб савдосида шундай сотувчилар қолмаса, бу савдо ҳамма нарсани улкан ва ёрқин реклама плакатлари ҳал қиладиган, муваффақият ва муваффақиятсизлик ҳақида эса олинган даромадга қараб баҳо бериладиган совун ёки консерва савдоси каби оддий, ўртамиёна савдога айланади.

Китоб савдосида яна ҳақиқий китобчининг вазифаси ҳақидаги ғоя қарор топмас экан, китоблар ўзининг юксак ролини, даврнинг ижтимоий руҳини белгилаш ролини бажара олмайди; урушаётган мамлакатимизнинг минг-минглаб ўқувчилари ўқиб чиқиши лозим бўлган китоблар уларнинг ўндан бири, ҳатто юздан бирининг ҳам қўлига етиб бориши гумонлигича қолаверади. Мамлакатимиз учун китоб ҳали ҳеч қачон бугунгидек аҳамият касб этмаган эди. Кўпинча ҳал қилиниши зарур бўлган муаммоларни, бартараф этилиши керак бўлган ғовларни бехато аниқлашга фақат китобгина ёрдам бера олади. Фақат китобларгина, масалан, урушдан кейинги дунё қандай бўлиши сингари ҳаммамизни қаттиқ хавотирга солаётган масалаларни муҳокама қилиш учун майдон бўла олади. Ниҳоят, олдимизда турган энг асосий масала — давримиз қандай давр эканлиги масаласи — фақат бунинг учун етарли ўрин ва имкон берувчи китоблардагина ўртага ташланган ва муҳокама қилинган бўлиши мумкин. Бизнинг замонда яшовчи одамлар ҳали унинг ўзига хос хусусиятларини англаб етмаган экан, китоб бизни ундаётган тўхтовсиз изланишгина ҳозирги замон маънисини англаш имконини беради.

Шунинг учун ҳам ҳали кўп ойлар, эҳтимол, йиллар давомида китоблар тарихимизни шакллантириб, ҳаётимизда ғоят катта ва жуда муҳим рол ўйнайди. Мен фақат иқтисод ва сиёсатга оид китоблар ҳақида гапираётганим йўқ. Эндиликда сўз усталарининг, шоирларнинг ҳаётнинг маъноси ва паст-баландини ҳаммамиз учун аниқ-равшан кўрсатиб берадиган асарлари, романчиларнинг бизнинг алғов-далғов ва чалкаш ҳаётимизга тартиб ва маъно бағишловчи асарлари ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Китоблар бундан кейин ҳам ёзилади — бунга шубҳа қилмасангиз ҳам бўлади. Замона эҳтиёжлари давр талабига мос китобларни юзага келтираверади. Аммо китоб ёзишнинг ўзи етарли эмас. Жиддий тақризлар босиладиган кам сонли газета ва журналларнинг адабиёт саҳифаларида улар ҳақида тақриз эълон қилишнинг ўзи етарли эмас. Агар биз китобларда кўтарилган масалаларни жамоатчилик кенг муҳокама қилишини хоҳласак — бу жуда зарур — бундай китоблар уларга эҳтиёжи бор ўқувчиларнинг, шундай эҳтиёжни ҳис қилувчи, лекин уни қандай қондиришни билмайдиган ўқувчиларнинг қўлига етиб боришига эришишимиз керак.

Китобчиларнинг ҳар қачонгидан ҳам аниқ-равшан бурчи, қоғозга ўралган босма маҳсулотларни пуллаш билан шуғулланувчи одамлар бажара олмайдиган, бажаришга уриниб кўриши ҳам керак бўлмаган бурч мана шу. Бу замон ўзгаришларини ҳис қиладиган ҳар қандай кишини илҳомлантирувчи бурч, ҳар ким ўзини қувонч ва ғурур билан бахш этиши мумкин бўлган бурчдир. Бошқача айтганда, бу айнан китоблар ва одамларни жуда қаттиқ севувчи, уларни бир-бирига яқинлаштириш учун жонини ҳам беришга тайёр инсонларнинг бурчидир. Улар учун бундан муқаддасроқ бурч бўлмайди.

Бу бурчга риоя қилиш учун киши аввало ўзининг оғир, аммо муносиб вазифасини — нафақат профессионал, шу билан бирга инсоний вазифасини — ўз эҳтиёжларини билдираётган одамлар ва бизнинг давримизда яратилаётган адабиёт ўртасида воситачи бўлиш вазифасини англаши ва зиммасига олиши лозим. Ҳақиқий китобчигина китобни ҳам, ўқувчини ҳам жуда яхши билгани каби, бу вазифага уларни миридан-сиригача билувчи одамгина лойиқдир. Илм одами илмий даражаларни қандай билса, у ҳам янги-ю эски китобларни шундай билиши, маҳаллий врач ўз ҳудудидаги одамларни беш қўлдай билиб олгани сингари, у ҳам ўз ҳамшаҳарларини шундай билиб олиши даркор. Бошқача айтганда, у ўқувчилар китоблардан нима олишни хоҳлаётганини ва китобларнинг муаллифлари уларга нимани ўргата олишини билиши керак. Ва у ўқувчи билан китобни sub specie aeternitates[7] эмас, келажак кунларнинг бирида эмас, бизнинг оловли, қайғули, аммо умид чироғи ўчмаган шу кунларимизда, бугуноқ юзма-юз учраштириб қўйиши шарт.

Ҳасан Карвонли таржимаси

[1] Ўрта асрларда Европада бирон-бир руҳонийни авлиё деб тан олиш учун черковда муҳокама ўтказилган. Бир киши унинг фазилатларини, яна бир киши нуқсонларини айтиб турган. Нуқсонларни сановчи кишини «иблиснинг адвокати» деб аташган.

[2] Гавайи оролларининг пойтахти, у ва Пёрл-Харбор япон авиацияси томонидан 1941 йил 7 декабрда бомбардимон қилинган.

[3] Чехия ва Словакия 1993 йил 1 январгача битта давлат бўлган.

[4] Филиппиннинг энг йирик оролларидан бири бўлмиш Лузонадаги бурун, 1942 йил 9 апрелда япон қўшини томонидан босиб олинган. Америка қўшини Коррехидор қалъасига чекинган ва бир ойдан сўнг таслим бўлган.

[5] Ж.Стейнбекнинг шу номли романи асосида режиссёр Жон Форд томонидан 1940 йилда суратга олинган бадиий филм.

[6] Ҳолланд режиссёри ва оператори Йорис Ивенс томонидан Э.Хемингуэй билан биргаликда 1937 йили суратга олинган ҳужжатли филм.

[7] Абадият нуқтаи назаридан (лотинча).