Сизларнинг байрамона йиғинларингизни самимий ва эҳтиром ила қутларканман, ўзим меҳмонингиз сифатида иштирок этиб, миннатдорчилик билдиролмаётганимдан афсусдаман. Соғлиғим ҳамма вақт яхши бўлмаган, 1933 йилдан кейин Германияда кечган ва бутун ҳаётим давомидаги меҳнатларим маҳсулини йўққа чиқарган алғов-далғов зиммамга оғир мажбуриятларни юклади ва буткул ногирон қилиб қўйди. Бироқ, руҳан синганим йўқ, ўзимни сизлар билан, аввало Нобель жамғармаси асосида ётган ғоялар, руҳнинг миллатчиликдан устун турадиган байналмилаллиги ҳақидаги ўйлар, унинг уруш ва емириш учун эмас, тинчлик ва келишувга хизмат қилишдек мажбуриятлари билан чамбарчас боғланганини ҳис қиляпман.
Айни пайтда, менга мукофот берилиши немис тилини ва немислар маданиятига қўшган ҳиссани эътироф этишни билдиради ва мен, бу марҳаматда тинчликпарварликни, барча халқларнинг маънавий ҳамжиҳатлигини тиклаш учун қўйилган қадамни кўраман. Бироқ, мен бутун одамзодни маънавий жиҳатдан бир қолипга тушириб қўйиш мақсадида миллий хусусиятларни дазмоллаб ташлаш тарафдори эмасман. Йўқ! Бу дилбар ер юзида турфа ранглик, хилма-хиллик ва изчил юксалиш бор бўлсин! Турли ирқлар ва халқлар, минглаб тил, лак-лак дунёқарашлару ақл-заковатларнинг мавжудлиги — улуғ нарса.
Агар мен уруш, босқин ва забт этишларнинг муросасиз душмани бўлсам, бунинг кўплаб сабаблари орасида шуниси ҳам борки, одамзод маданиятининг тарихан шаклланган, чуқур индивидуал ва турли-туман хусусиятлари бу ёвуз кучларнинг қурбони бўляпти. Мен “улуғ соддалаштирувчи”лар душмани ва сифат тарафдориман, шаклланган ва бетақлид нарсаларни ёқлайман ва шунинг учун сизларнинг миннатдор меҳмонингиз, ҳамкасбингиз сифатида мамлакатингиз — Швецияни, унинг тили, маданияти, бой ва мағрур тарихини, ўзининг табиий хислатларини сақлаш ҳамда ривожлантириш йўлидаги барқарорлигини олқишлайман.
Мен Швецияда ҳеч бўлмаганман, лекин мана, неча ўн йиллар давомида мамлакатингиздан юборилган дўстона совғаларни олиб турибман. Биринчи совға чамаси қирқ йил илгари Сельма Лагерлёф шахсан дастхат ёзган “Исо Масиҳ афсонаси” деган китобнинг биринчи нашри эди. Ундан кейинги йилларда ҳам сизларнинг мамлакат билан қимматли мулоқотларда бўлдим ва ниҳоят, кутилмаганда сизлар менга берган навбатдаги улуғ мукофот чиқиб турибди. Чин дилдан миннатдорман.
1946 йил
Русчадан Қудрат Дўстмуҳаммад таржимаси