Немис файласуфи Гегель Вюртемберг князлигининг пойтахти Штутгарт шаҳрида туғилган. Унинг отаси хазинахона котиби бўлиб хизмат қилган.
Гегель тўлиқ университет таълимини олган.
Илоҳиётшунослик фанлари номзоди ва фалсафа магистри даражасига эга бўлган. 1793 йилдан 1800 йилгача хонадонларда муаллимлик ва тарбиячилик қилган. 1801 йилда Йен шаҳрига келади ва маҳаллий университетда фалсафадан дарс беради.
Гегель Арасту замонидан буён яшаб келаётган мантиқ илми анъаналарини биринчилардан бўлиб қайта кўриб чиқди ҳамда фалсафа тарихидаги энг дадил тамойилни илгари сурди. Унинг мазмуни шундай: «Қарама-қаршилик – ҳақиқат мезони. Қарама-қаршиликнинг йўқлиги эса –хатолар мезони».
Гегель 61 ёшида тўсатдан вабога чалиниб ҳаётдан кўз юмди.
Гегелнинг қуйидаги асарлари маълум: «Халқ дини ва насронийлик» (1793), «Фихте ва Шеллинг тизимлари ўртасидаги тафовут» (1801), «Мантиқ илми» (1812-1816), «Фалсафий илмлар қомуси» (1817), «Ҳуқуқ фалсафаси асослари» (1821), «Ҳуқуқ фалсафаси» (1826).
Гегелнинг шогирдлари томонидан унинг маърузалари, режалари, қораламалари ҳамда чизгилари орасидан танлаб олинган асарлари қуйидагича номланади: «Фалсафа тарихига оид маърузалар», «Тарих фалсафасига доир маърузалар», «Эстетикага оид маърузалар», «Диний фалсафага доир маърузалар».
* * *
Фалсафа ва дин умумий мазмун, эҳтиёж ва манфаатларга эгадир.
* * *
Дин умуман инсон онгининг энг юксак ва сўнгги соҳасидир. У шундай соҳаки, инсон унга мутлақ ҳақиқат оламига кирган каби қадам қўяди.
* * *
Теран ақл ва ажойиб фикрлаш қобилиятига эга бўлган одамлар кўпинча ёмон ўйинчи бўлиб чиқадилар. Бу уларни ўйинлар қизиқтирмаслиги билан эмас, балки уларнинг фикрлаш қобилияти ҳаётнинг қоидаларини қўллаш ҳадисини яхши эгалламагани билан изоҳланади.
* * *
Ўқиб билмоқ бошқаларнинг фикри тўғри эканлигини тушунмоқдир.
* * *
Ҳаракат инсон қиёфасини очиб берувчи энг аниқ воситадир. Инсон қандай ҳаракат қилса, ўшандайдир.
* * *
Дунёга ақл кўзи билан боққан одамга дунё ҳам оқилона қарайди.
* * *
Нутқ ҳайратланарли даражада қудратли воситадир. Аммо ундан фойдаланиш учун ақл соҳиби бўлиш лозим.
* * *
Эркин одам ҳасадгўйлик қилмайди, у буюклик ва юксакликни сидқидилдан тан олади ҳамда уларнинг мавжудлигидан қувонади.
* * *
Чин хушмуомалаликка айнан бурч сифатида қарамоқ жоиз. Умуман, биз ўзгаларга илтифотли бўлмоғимиз керак.
* * *
Инсоннинг бурчлари тўрт турга бўлинади.
1) Ўз олдидаги бурчи. 2) Оиласи олдидаги бурчи. 3) Давлат олдидаги бурчи. 4) Ўзга одамлар олдидаги бурчи.
* * *
Ор-номус тамойилларининг асосий қоидаларидан бири шундан иборатки, ҳар бир одам ким бўлишидан қатъи назар, ўз хатти-ҳаракати билан ўзгалар ундан устун бўлишига йўл қўймаслиги жоиз.
* * *
Инсон ўзига хўжайин бўлмас экан, табиатга ҳам эгалик қилолмайди.
* * *
Инсон билим туфайлигина барҳаётдир. Билим, тафаккур инсон ҳаёти, барҳаётлиги негизидир.
* * *
Шиддат билан таназзулга яқинлашиб бораётган халқнинг тақдирини фақат даҳогина сақлаб қолиши мумкин.
* * *
Ҳақиқатга қалб кўзи билан боқмоқ жоиз. Тандаги кўз билан уни кўриб бўлмайди.
* * *
Ўрни келганда ҳақиқатни айтмаслик яхши эмас. Бу нарса ўзингни ҳам, ўзгаларни ҳам таҳқирлаш демакдир. Бироқ лаёқат ёки ҳуқуқ бўлмаганда ҳақиқатни айтмаган маъқул.
* * *
Оқилона мақсадга эришиш учун интилувчи тиришқоқ одамга иродавий қудрат қанчалар зарур бўлса, қайсарлик шунчалар номақбулдир.
* * *
Мен кўплаб ажойиб фанларни биламан, аммо фалсафадан ажойиброғини тополмадим.