Акрагантлик Эмпедокл (м.а. 490-430)

Эмпедокл Сицилиянинг Акрагант шаҳрида туғилиб ўсган. У бадавлат ва таниқли оиланинг фарзанди бўлган. Эмпедокл фалсафа билан шуғулланиш мақсадида шоҳ саройидаги мансабни рад этган. Эмпедокл биринчи бўлиб нотиқлик илмини ривожлантиришга киришди.

Файласуф оёқларига мис бошмоқ ва бошига олтин тож кийиб Юнонистон шаҳарларини айланиб чиққан. Унинг жами 5000 та шеъридан 450 тасигина бизгача етиб келган. Эмпедоклнинг икки асари маълум: «Табиат ҳақида», «Покланиш».

Унинг машҳур ибораси қуйидагича ифодаланади: «Йўқ, йўқ, биз ҳеч нарсани сезмаймиз ва ҳеч нарсани кўрмаймиз. Барча нарсалар биз учун пинҳондир, оламда бирон нарса йўқки, биз унинг нима эканлигини аниқлашга қодир бўлсак».

* * *

Муҳаббат ва Адоват! Уларнинг ҳар иккиси абадийдир. Яралиш ва ибтидо ташбеҳлари бу икки туйғуга бегона. Чунки улар аввалдан охир қадар яшайдилар. Шунингдек, Муҳаббат ва Адоват доимо биргаликда мавжуддир.

Борди-ю, Муҳаббат ва Адоват буткул маҳв этилиб, йўқликка юз тутганида, Коинот қандай пайдо бўларди?

* * *

Аҳмоқлар — унсурлари енгил ва сийрак жойлашган кимсалардир. Улар калтафаҳм ва сусткаш бўладилар. Унсурлари мўл, аммо майда бўлаклардан иборат одамлар эса таъсирчандирлар. Улар ҳар ишга ўзларини ураверадилар-у, бироқ қизиққонликлари боис ишларини охирига етказолмайдилар. Маълум турдаги унсурлар меъёрида жойлашганлар эса бирор-бир билим закийларидир. Яъни бундай одамларнинг баъзиси яхши нотиқ, бошқа бирови уддабурондир. Чунки унсурлар улардан баъзисининг қўлида бўлса, бошқа бировининг бўғзида макон топган. Энг ақлли одамларда эса ҳамма унсурлар аралаш ҳолда бир текис тақсимланади. Ва бу унсурлар катта ҳам, кичик ҳам эмасдир.

* * *

Муҳаббат ҳамма нарсани бирлаштиради. Адоват эса ажратади.

* * *

Ҳисларга ишонма ва фикрла.