Зенон Италияда жойлашган Элея шаҳарчасида туғилган. У файласуф Пармениднинг маърузаларини тинглаб, сабоқ олган. Баъзи маълумотларга қараганда у Пармениднинг тутинган ўғли бўлган. У биринчи бўлиб «Диалектика»ни кашф этди. Яъни фикрларидаги қарама-қаршиликларни фош этиш орқали рақибнинг сўзларини рад этиш усулига асос солди. У бутун ҳаётини «кўплик»нинг йўқлигини исботлашга бағишлаган. Айниқса, ҳаракатнинг мавжудлигига қарши далил-исботлари билан шуҳрат қозонган.
Зеноннинг қуйидаги асарлари маълум: «Табиат ҳақида», «Баҳслар», «Файласуфларга қарши», «Эмпидокл қарашларига шарҳ».
Зенон ҳукмдор Нархга қарши фитнага қўшилгани учун қатл қилинган.
* * *
Зенон: «Фалсафа инсонга ўлимга нисбатан нафрат туйғуларини инъом этади», деб ёзганди.
* * *
Зенон ҳаракатга оид фалсафий фикрини қатъий ҳимоя қилган. Унинг бу ақидаси «Чопқир Ахиллес» деб ном олган. «Ахиллес қай даражада чопқир бўлмасин ва оралиқдаги масофа қанча бўлишидан қатъи назар, у ҳеч қачон тошбақани қувиб етолмайди, — дейди Зенон. — Чунки бизнинг ҳаракат хусусидаги тасаввурларимиз ёлғондир.
Исбот: Ахиллес тошбақагача бўлган масофани босиб ўтаркан, бу вақтда тошбақа ҳам юришдан тўхтамайди. Бу ҳолат чексиз давом этиши мумкинлигини инобатга олсак, чексиз масофани босиб ўтиш учун чегарасиз вақт керак бўлади. Шундай экан, ҳаракат ҳақида сўзлашга ўрин қоладими?
Бундан ташқари, табиийки, Ахиллес ва тошбақа ўртасида бир неча газ ва чақиримлик «масофа» мавжуд. Ана шу оралиқ масофа Ахиллес ва тошбақани бир-биридан ажратиб туради. Агар Ахиллес қувиб етиб олса-ю, тошбақа билан унинг орасидаги масофа атиги бир неча микронга ёхуд молекулалар узунлигидаги ўлчамга тенг бўлиб қолса, буни масофа, деб аташ мумкинми?
Зенон бу борада шундай фаразни илгари суради: «Тасаввур қилинг: ҳаракатдаги жисм олға бораркан, қаршисидаги ҳавони ҳам олдинга итаради. Демакки, у худди тиқин (поршен) каби рўпарасида учраган барча буюмларни ҳам илгари суриб кетаверади. Бундан кўриниб турибдики, Ахиллес ҳам тошбақага яқинлаша бориб, уни озгина бўлса-да, олдинга итаради. Ахиллес қанчалар тез югурса, тошбақага шунча кучли таъсир этади. Натижада тошбақа ҳамма вақт Ахиллесдан илгарида кетаверади. Хўш, бу қандай ҳаракат бўлдики, чопқир Ахиллес лоақал имиллаган тошбақани ҳам қувиб етолмаса?»
* * *
Зенон «жой»нинг мавжудлигини инкор этиб, шундай фикрни ўртага ташлайди: «Агар жой мавжуд экан, айни дамда у ҳам қайсидир жойда мавжуд бўлиши керак-ку? Ҳар қандай жойнинг ўзига тегишли қандайдир жойи бўлиши табиий ҳолдир. Бу ҳолат узлуксиз давом этаверади. Демак, жой мавжуд эмас».
* * *
Зенон бир бутун нарсанинг бўлинмаслигини тасдиқлайди. У айтадики, бутун нарса бўлингач, кўплаб бирликларга эга бўламиз. Бу бирликларнинг ҳар бири ўз навбатида бирликларга бўлинади. Бу жараён чексиз давом этаверади.
Аммо чексиз кўпликларнинг чексиз кўплиги бемаъниликдир.