Аквинолик Фома (1225-1274)

Италиялик файласуф ва илоҳиётчи олим Фома Аквино яқинида жойлашган Роккасекка қалъасида дунёга келди. Унинг отаси граф Ландолф Аквинский қирол Фридрих II саройида рицар бўлган.

Фома Неапол дорилфунунининг тайёрлов куллиётида фалсафа ва мантиқ илмини ўрганди. У 17 ёшида Парижга жўнади ва уч йил давомида ўз даврининг ниҳоятда машҳур олими Буюк Алберт фон Болштедт қўлида таҳсил олди.

Фома 1249-1251 йилларда устози Буюк Албертга эргашиб, Кёлн шаҳрига боради ва у ерда талабаларга илоҳиётдан сабоқ беради. 1252 йилда эса Парижга қайтади ва Париж дорилфунунида йирик илоҳиётчи олим сифатида иш бошлайди. Орадан кўп ўтмай шогирд устоздан ўзиб кетади. Фома Буюк Албертни йўлда қолдириб, ўз илми билан ҳаммани ҳайратга солди. Дунёнинг турли бурчакларидан кўплаб насроний ўспиринлар унинг ҳузурига оқиб кела бошлашади.

Ўта мулойимлиги ва ювошлиги учун Фомага «Фаришта доктор» деб ном беришган.

Фома 1272 йили Италияга жўнайди ва қадрдон Неапол дорилфунунида илоҳиётдан дарс бера бошлайди. Шуниси ҳайратланарлики, бу илоҳиётчи олимнинг илмий асарлари луғати қарийб 13 000 000 атамадан иборат. Бу рақамнинг салмоғини англаб етишингиз учун мана бу далилларга диққат қилинг:

— рус тили илмгоҳининг маълумотларига қараганда, рус тилида жами 440 000 та сўз мавжуд;

— сермаҳсул ижодкор А.С. Пушкиннинг асарларида жами 60 000 та сўз ишлатилган.

Фоманинг қуйидаги асарлари бизгача етиб келган:

«Тафаккурнинг яхлитлиги хусусида ибн Рушдга қарши мулоҳазалар».

«Оламнинг мангулиги ҳақида вайсақиларга қарши мулоҳазалар».

«Мўъжизалар хусусида».

«Оллоҳнинг қудрати хусусида».

«Фаришталар хусусида».

«Иблислар хусусида».

«Табиатнинг сирли ишлари хусусида».

«Арастунинг «Метафизика» китобига шарҳ» ва ҳоказо.

Фома 1274 йилнинг баҳорида вафот этди.

* * *

Шундай одамлар борки, уларни Оллоҳ ҳам рад этади.

* * *

Руҳ ҳақида мушоҳада юритиш учун жисм ҳақида фикрлайман. Жисм мушоҳадаси орқали алоҳида бир хилқат ҳақида ўйлайман. Хилқат фикридан мақсад эса Оллоҳнинг зикридир.

* * *

Тафаккур ёрдамида англаш мумкин бўлган Оллоҳ ҳақидаги ҳақиқатларни билиш учун аввалданоқ кўплаб илм сирларидан хабардор бўлиш жуда муҳимдир. Зеро, фалсафа илмига доир барча изланишлар ўз олдига Оллоҳни англашни мақсад қилиб қўйган.

* * *

Илоҳий ҳақиқат бошқа ҳар қандай ҳақиқатнинг мезонидир… Ҳар қандай асосли ҳақиқат Тангри ҳақиқати билан ўлчанмоғи зарур.

* * *

Оллоҳнинг мавжудлигини беш йўл билан исботлаш мумкин.

1. Биринчи ва аниқ йўл — ҳаракат тушунчаси билан белгиланади. Модомики, бирор жисм ҳаракатланар экан, уни бошқа бир жисм ҳаракатга келтиради. Бундай ҳаракат занжирининг ниҳояси йўқ дегувчилар янглишадилар. Бу занжирнинг интиҳоси бор. Акс ҳолда ҳаракатни биринчи бўлиб бошлаб бергувчининг ўзи ҳам ва табиийки, бошқа ҳеч қандай ҳаракатлантирувчи кучлар ҳам бўлмасди. Шу боис ўзи ҳаракатсиз қолувчи ва бошқа нарсаларни ҳаракатга келтирувчи куч сари интилмоқ зарур. Бу куч — Оллоҳ.

2. Иккинчи йўл сабаб тушунчаси билан изоҳланади. Бир нарса иккинчи бир нарсага сабаб бўлади. Бу сабаблар занжирини келтириб чиқарувчи биринчи сабабкорни ҳаммамиз Оллоҳ деб атаймиз.

3. Учинчи йўл имконият ва зарурият тушунчалари билан боғлиқдир. Умумнинг фикрича, барча нарсаларнинг зарурияти сабабини ўзида жо этган ҳам Оллоҳдир.

4. Тўртинчи йўл нарсаларнинг турли даражада эканлиги билан белгиланади. Масалан, барча нарсалар кўпроқ ёки камроқ даражада мукаммаллиги, асосли ва самаралилиги билан бир-биридан фарқланади. Бошқа муносабатларда ҳам шундай ҳолатга дуч келамиз. Бирор сифатни ўзида зиёда этган нарса, шу сифатнинг учқунига эга бўлган бошқа барча ҳодисаларнинг сабабчиси бўлади. Масалан, олов иссиқликнинг тимсоли сифатида ҳар қандай иссиқликнинг сабабчисидир. Худди шунга ўхшаш барчамиз учун эзгулик ва мукаммаллик сабабкори бўлган бир Мутлақ Моҳият борким, биз уни Оллоҳ деб атаймиз.

5. Бешинчи йўл табиатнинг тартиб-қоидалари билан изоҳланади. Ақл-идрокдан холи бўлган табиат жисмлари муайян мақсадга бўйсунишидан хабардормиз. Уларнинг ҳаракатлари доимо ёки айтиш мумкинки, аксарият ҳолларда эзгулик билан ниҳояланади. Шундан келиб чиқадики, улар бу эзгу мақсадга тасодифан эмас, балки Онгли Идрокнинг ҳукми билан эришади. Аллақандай Олий Тафаккур идрокдан маҳрум табиатни ўқни нишонга йўналтирган мерган каби бошқаради. Табиатда рўй берадиган барча воқеа-ҳодисаларнинг мақсадини белгиловчи ва йўналтирувчи кучни биз Оллоҳ деб атаймиз.

* * *

Вақт ва мангулик айни бир нарса эмас.

* * *

Боэцийнинг фикрича, вақт ва мангулик ўртасидаги фарқ шундаки, мангуликнинг ҳар бир лаҳзаси яхлит воқеликдан иборат. Вақт эса бундай сифатдан маҳрумдир. Мангулик — мавжудлик мезони бўлса, вақт — ҳаракат мезони.

* * *

Вақтнинг чеки йўқ дейдилар. Лекин унинг маълум бир бўлагини олиб бошланиш ва тугаш нуқтасини белгилаш мумкин. Масалан, биз кун ёки йилнинг бошланиши ва охири ҳақида гапирамиз. Аммо мангулик ҳақида бундай деёлмаймиз. У бундай сифатдан холидир.