• Узоқдаги сурнай ёқимли эшитилади.
• Олдинга қарамай қадам ташлама, атрофга қарамай сўз бошлама.
• Беҳуда акиллаган ит бўрига ем бўлади.
• Ғийбатни эшитиш ― касаллик, эшитмаслик ― дори.
• Чиройли қиз эски кўйлакда ҳам чиройли.
• Муқаррар мағлубиятдан чекиниш қўрқоқлик эмас.
• Яхши сўз тоғни ҳам жойидан жилдиради.
• Мевадек ширин бўлма, ким олдингдан ўтса, еб кетади.
• Гўзаллик ― кечгача, эзгулик ― ўлимгача.
• Иккита хотини борга ит керак эмас.
• Совуқ бўлмаса кўлнинг сатҳи муз билан қопланмайди.
• Булутсиз ёмғир ёғмайди, кулфатсиз кўзга ёш келмайди.
• Тешик идишни тўлдириб бўлмайди.
• Оқ қўллар бошқанинг меҳнатини севади.
• Бойлик билан ақл сотиб ололмайсан.
• Вайсақини балиқ овлашга ҳам олиб борма.
• Акасиз ука ― қанотсиз лочин, акасиз сингил ― яланғоч хипчин.
• Дайди ит таёқ емай қолмайди.
• Баъзида аравани қайиққа ортишади, баъзида қайиқни ― аравага.
• Тезоқар сув денгизгача етолмайди.
• Буқа сути сигирникидан қуюқ.
• Мевасиз дарахтни қоқмайдилар.
• Қайси овулда қоронғи тушса, ўша овулда туна.
• Аҳил бўлмаган оилада яхшилик бўлмайди.
• Бир кафтга икки тарвуз сиғмайди.
• Бировлар учун тешган тешикка ўзинг тушасан.
• Хушмуомалалик қулликдан тахтга эриштиради, ёмон феъл тахтдан қулликка етаклайди.
• Ғазабланган от қозиққа қоқинади.
• Сув бошидан тоза.
• Тишсиз бўри бўлмайди, совуқсиз ― қиш.
• Қариган бўри чигирткаларни ов қиларкан.
• Ўғри ўғрини танийди.
• Биринчи марта бойиган кундузи ҳам чироқ ёқади.
• Қуёш нур сочган ерга ― уруғ эк, уруғни қаерга эксанг ― сояси тушади.
• Ботқоқ бўлган жойда нам қолади.
• Нодон бойиб кетса хотинни иккита қилади, доно ― уй кўтаради.
• Онанинг ғазаби қорга ўхшайди: кўпгина ёғиб, тезда эрийди.
• Кўп гапириш ― кумуш, сукут ― олтин.
• “Меҳмон сув сўраса ― демак оч эмас, сўрамаса ― рўза тутган”, ― дейди хасис бека.
• Аравадаги юкнинг қанчалигини унинг эгаси билади.
• Нок дарахтининг ёнига нок тўкилади.
• Асли кирни сув билан ҳам тозалаб бўлмайди, асли тозага ўт ёқиб бўлмайди.
• Дўстинг берган отнинг тишига қарама.
• Икки душман бир том остида яшолмайди.
• Икки марта айтилганни булут ҳам эшитади.
• Ҳаракат ― ўсмирнинг бахти, ҳаловат ― қизнинг бахти.
• Онаси мақтаган қизнинг қадри паст.
• Ейиш учун олмани ол, маза учун ― нокни, олхўрини битта тишлаб, ташлаб юбор.
• Кеч қолганнинг ҳақини мушук еб қўйди.
• Дўстларнинг қадр-қиммати уларнинг сонида эмас.
• Узоқдаги дўст қўриқланадиган қўрғонга ўхшайди.
• Дўстнинг эскиси яхши, пўстиннинг ― янгиси.
• Аҳил мушуклар ноаҳил бўриларни енгади.
• Овқат ― тана озиғи, туш ― тетиклик озиғи.
• Халқ бирлиги ― мустаҳкам қалъа.
• Уч кишига қилинган овқат тўрт кишига етиб ортди.
• Гўшт қуртласа тузлаймиз, туз ачиса нима қиламиз?
• Агар ҳўкиз озимаса, оила семирмайди.
• Агар уйда ҳурматинг бўлмаса, уйнинг деворида ҳам ҳурматинг бўлмайди.
• Кўп есанг асал ҳам тахир.
• Таъбингга моси топилмаса, имкон қадари ҳам бўлади.
• Иложи бўлганда отанинг терисини ҳам олиб қолишарди.
• Ота егани билан боласи семирмайди.
• Нодон одам меҳмонга келса ҳам, уни яхшилаб боқ.
• Сен тулки бўлсанг, мен унинг думиман.
• Инсонни билмоқчи бўлсанг, унинг дўстларига боқ.
• Аёлнинг ақли қурбақанинг думидан қисқа.
• Дарё бўйида яшаган кечувни билади.
• Маърасанг ― бўрига ем бўласан, маърамасанг ― чўпон сўйиб юборади.
• Кир бўлсанг сувни аяма.
• Кўпни хоҳласанг ― озга эришасан.
• Соғлом беморнинг аҳволини билмайди.
• Келинга ғижирлаган тиш боласини тишлаб олди.
• Энг гўзал одамга ҳам унинг бўйни узун экан, дейишди.
• Совчиликда итнинг охурини ҳам мисдан дейишади.
• Тўқ бўлсанг ҳам йўлга овқат емай чиқма, кун иссиқ бўлса ҳам кўйлаксиз чиқма.
• Эшакни тарбиялаганинг билан от бўлиб қолмайди.
• Эчкининг шохидан соп чиқмайди, опанинг боласи бола ўрнини босмайди.
• Бегона жойда този ит қуённи тута олмади.
• Мингта дўсти бор ― қолди, минг бош ҳўкизи бор ― ўлди.
• Қабоҳат қидирган ёмонликдан қолмади.
• Оти бор қолиб, эгари бор манзилга етди.
• Омадсизнинг уйига кундош келади.
• Ҳамма ўз бошини қашийди.
• Тош қолиб, сув кетади.
• Бекорчи гапдан бўтқа яхши.
• Нодон қўлидаги ҳанжар ботирнинг қиличидан хавфли.
• Калла бўш бўлса, оёқ чарчайди.
• Энг чиройли нарсани келтириш амр қилинганида, қарға жўжасини олиб келди.
• Оч қолсанг ҳеч қачон тўймасам керак деб ўйлайсан, тўқ бўлсанг ҳеч қачон оч қолмайман деб фикр қиласан.
• Нима яхши, деб сўрашганда, қуён жавоб берди: “Ит сени кўриб қолмасидан аввал уни кўриш”.
• Агар бўри кўриб қолмаганида эчки Каъбагача бормоқчи эди.
• Ухлаб қолсанг, ёстиқ танламайсан, севиб қолсанг, чирой танламайсан.
• Тиканак бошида жуда ўткир ўсади.
• Мушукка ― байрам, сичқонга ― ўлим.
• Қишлоққа қарши курашган ― уйсиз қолади, шоҳга қарши курашган ― бошсиз.
• Ўтин ташиган кулини ҳам ташийди.
• Натижасини ўйлаган ботир бўлолмайди.
• Туз еган сув ҳам ичади.
• Эчкини еганнинг боши оғрийди.
• Ёзда бир кун йўқотган қишда ўн кун оч қолади.
• Бировнинг ёмонлигидан қўрқмаган ўзининг яхшилигидан ҳам қувонмайди.
• Ҳўкиз боқишни хоҳлаган курак ишлатишни ёмон кўради.
• Каттанинг гапига кирмаган катта чуқурга қулади.
• Саримсоқ сотгани кетган пиёз олиб қайтди.
• Игна қаерга бўлса, ип ҳам ўша ерга ҳаракатланади.
• Онаси қаерга сакраса, эчкича ҳам ўша ерга сакрайди.
• Меҳмон назар қилмаган жойга хайр ҳам назар қилмайди.
• Хўроз бўлиб қичқирмоқчи бўлган товуқ синиб қолди.
• Яхши сўз илонни инидан чиқаради.
• Ёмон бўлиш осон, яхши бўлиш қийин.
• Ёзда ишламасанг, қишда қозон қайнамайди.
• Дангасанинг ювиниши ҳам узоқ бўлади.
• Куздаги буғудан қўлингдаги бедана яхши.
• Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни афзал.
• Ер инсонни боққанидай она болани боқади.
• Қасос эскиради, лекин унутилмайди.
• Вақтида ёлғон яхши, ҳар доим рост яхши.
• Кафтингга урсалар таёқ билан жавоб бер.
• Қишдан қўрқма, ортидан баҳор келади, куздан қўрқ, кетидан қиш келади.
• Фарзанд бўлмагунча бошпана ҳам бўлмайди.
• Дарё доим ҳам битта ўзанда оқмайди.
• Бир кунда тўлаш керак бўлган қарзни ўша куниёқ тўламасанг, бир йил азобда ўтасан.
• Билмадим ― битта сўз; биламан, кўрдим ― мингта сўз.
• Ҳўкизни эмас, майсани қидир.
• Дарё ҳар куни ҳам ахлат олиб келмайди.
• Ўйламай гапирма, гапирдингми ўз сўзингдан қолма.
• Сихни қиздирмай кабобни пиширолмайсан.
• Отни уролмаган эгарни уради.
• Сўзингда турмасанг, қасамингдан ҳам тонасан.
• Кетмонга ўхшаб фақат ўзинг учун ҳаракат қилма, чопқига ўхшаб фақат бошқаларга ишлама, аррага ўхша: ўзинггаям, бошқаларга ҳам фойданг тегсин.
• Камбағалликда яшаш осон, бой бўлиб яшаш қийин.
• Дўст бўлмоқчимасмисан ― танишма.
• Осмон ёруғ ― гўр зулмат.
• Қайноқ бўтқани ейиш ҳам осон иш эмас.
• Булутли ҳаво очиқ ҳаво билан алмашади, лекин ёмон одам яхши бўлиб қолмайди.
• Ўзини тута олмаслик ― нодонлик, сабр ― ақл.
• Ишончдан қимматли нарса йўқ.
• Ҳаётдан ширин нарса йўқ, кўздан тез нарса йўқ.
• Пакана одам доим ўзини севади.
• Шўрвадан куйган сувни ҳам пуфлаб ичади.
• Эрингга ҳушмуомала бўл, лекин сиртдан кафан тайёрла.
• Оловни фақат олов билан ёқилади.
• Олов сув билан чиқишмайди.
• Ёзнинг бир куни қишнинг бир ойини боқади.
• Битта учқун бутун овулни ёндирди.
• Семиз эшак жардан йиқилди.
• Эшак ― бойлик эмас, сомон ― ем эмас, зардоб ― садақа эмас.
• Эшак унинг қулоғидан тортишганидан сўнггина эшаклигини билиб қолди.
• Кўчиш ― хонавайрон бўлиш.
• Кузда очирилган хўрозча хўроз бўлолмади.
• Ёмон авлод аждодларини мақтайди.
• Тегирмонда бўлган урушда бўлган билан тортишди.
• Сувга боришни ўрганган кўза дарёда қолди.
• Оғиздан чиқмаган сўз ― сенинг қулинг, чиқиб кетганига сен қулсан.
• Ўлик кафансиз қолмади, келин ― сепсиз.
• Ишлаётганлар орасига тушсанг ― ишла, еяётганлар орасига тушсанг ― е.
• Зотли қуш инидан куйлашни бошлайди.
• Мол ўғирлангандан сўнг молхонани қулфламайдилар.
• Чинор қулаганда овози чиқмаса, қулагандан сўнг ҳам чиқмайди.
• Ёз бўйи ётган қиш бўйи югуради.
• “Айиқ билан бўри урушаверсин, мойли кўзани мен ейман”, ― дебди тулки.
• Уйни ёндирса ҳам олов яхши, далани ёндирса ҳам Қуёш яхши.
• Бир марта қоқилсанг, яна етти марта қоқинасан.
• Қуруқ гап билан меҳмонни боқолмайсан.
• Шармандали ҳаётдан ярадан ўлган афзал.
• Кетишдаги эмас, келишдаги ўлчов тўғри.
• Молбоқарни сўкишса, икки эчкиси бор уялиб кетди.
• Қурол бир киши ўлдиради, тил ― минг кишини.
• Изғиган тулки ётган бўрини ютди.
• Чўнтакда пул билан қорли тоғдан тарвуз оласан.
• Хотининг билан маслаҳатлаш, лекин тескарисини қил.
• Ўт билан ўйнашма, сувга ишонма.
• Яхши дўст билан дунёнинг нариги четига ҳам кетсанг арзийди.
• Қизингга айт ― келининг эшитсин.
• Хунук қарға хунук қағиллайди.
• Эшакнинг олдида турган сигир эшакка ўхшаб ҳангради.
• Кўр бошқанинг кўзидаги доғни кўрибди.
• “Билмайман” сўзи минг динордан қиммат.
• Хотиннинг ўлими ― тўшак алмашиши.
• Итнинг думига сув етмагунча сузмайди.
• Тишланган олмани қайта ёпиштириб бўлмайди.
• Қарисанг ― ёшармайсан, ўлсанг ― иймон келтирмайсан.
• Сувдан қутулиб тегирмон остида қолди.
• Сен мағрур қўй бўлсанг ҳам бўрилар ўша-ўша.
• Қари бола кўрмоқчи эди, зўриқишдан ўлиб қолди.
• Бировнинг танасидаги ўқ дарахтга санчилган кабидир.
• Жинни мастга йўл бўшатди.
• Бола уйланди ― онанинг бели эгилди, қизини чиқарди ― бели тўғриланди.
• Тўкин куз чиройли баҳордан афзал.
• Башанг кийинган менга турмушга чиқмайди, оддий кўйлакдагини мен олмайман.
• Қуёш чиқмаган ер исимайди.
• Сабр ― ғалаба қароргоҳи.
• Писмиққа ишонма, тезобдан қўрқма.
• Фақат урушгина урушга зарба беради.
• Ўғрига фақат ўғри ёрдам беради.
• Юраги бепуштнинг тили серпуш.
• Бўридан қўрққан чўпоннинг қўйлари кўпаймайди.
• Эрта турган чўпоннинг қўйлари иккитадан туғади.
• Эшиги олдида хўроз ҳам ботир.
• Ёмғирдан қочиб, шаршарада қолди.
• Ёзда илонни кўрган қишда арқондан ҳам қўрқади.
• Нодоннинг ақли ― сукут.
• Болаликда олингани тошга ўйилгандек.
• Эшакнинг думига осилган чўкиб кетди, отнинг думига осилган омон қолди.
• Билим ― зиё, билмаслик ― зулмат.
• Мақталган чавандоз билан от узоққа чополмайди.
• Сен турган тепалик баландга ўхшайди.
• Яхши қурбақа ўз ботқоғида яшайди.
• Яхши отга бир қамчи урсанг бир йилга етади.
• Яхши фарзанд ота қалбини қувнатади.
• Яхши фарзанд ― қўрғон, ёмон фарзанд ― кулфат.
• Маккага олиб борсанг ҳам саримсоқнинг аччиқлиги қолмайди.
• Товуқ каби яшагандан хўроз каби ўлган афзал.
• Тиламчилик қилгандан чўпон бўлиш шарафлироқ.
• Қозондагини капгир билади.
• Ақлда бори сўзга сакраб чиқади.
• Сенга нима ёқса, ўша гўзал.
• Олмадан фақат олма пишади.
• Тилнинг оёғи йўқ, лекин узоққа боради.
Давронбек Тожиалиев таржима қилди.
Чеченлар (ўзларини нохчо деб аташади) — асосан, Чеченистон (1,031 минг киши, 2002) ва Ингушиядаги халқ (95,4 минг киши). Россия Федерациясида жами — 1,36 млн. киши (2002). Чечен тилида сўзлашади. Диндорлари — сунний мусулмонлар. Чеченлар қардош ингушлар каби Шимолий Кавказнинг туб аҳолиси ҳисобланади.
Ингушлар (ўзларини галгай деб атайдилар) — Россия Федерациясидаги халқ (413 минг киши, 2002). Ингушия Республикасининг асосий аҳолиси (361 минг кишидан ортиқ). Чеченистон, Шимолий Осетияда ҳам яшайдилар. Ингуш тилида гаплашадилар. Диндорлари исломнинг сунна мазҳабида. Европеоид ирқига мансуб.