Бразил мақоллари (66 та)

• Тўқ қоринга илм сиғмайди.
• Буюк инсонларнинг ортида буюк оналар туради.
• Айтган сўзларинг қули бўлиб қолмаслик учун оғзингга хўжайин бўл.
• Бош фақатгина қулоқларни ажратиб туриш учун берилмаган.
• Кўпни хоҳлаган озига ҳам эришолмайди.
• Худо сахар турган одамга ёрдам беради.
• Вақтида айтилган «йўқ», шошилиб айтилган «ҳа»дан афзал.
• Келажакка ишонган одамгина бугунга ишонади.
• Узук кетар, бармоқ қолар.
• Қармоққа илинган ҳар нарса ҳам балиқ эмас.
• Ҳатто отга ҳам хайрли кун тила.
• Илон чақиб олган мушук арқондан ҳам қўрқади.
• Ярқираган ҳар нарса ҳам олтин эмас.
• Ип ингичка жойидан узилади.
• Яхши сўз мушукка ҳам ёқади.
• Сутдан куйган сувни ҳам пуфлаб ичади.
• Ҳамма кўрпани ўзига тортади.
• Бахт ҳеч кимга пул келтирмайди.
• Ҳосили мўл дарахт ҳар доим ҳам ширин мева беравермайди.
• Тошни тешган сувнинг қуввати эмас, томчиларнинг давомийлиги.
• Ёлғоннинг оёғи қисқа.
• Такрорлаш — билимнинг онаси.
• Кўпинча ташқи кўриниш алдамчи бўлади.
• Қўшнининг боғи доим яшил.
• Шошилиш — омаднинг душмани.
• Ортиқча сув ҳам экинни ўлдиради.
• Бўш калла — шайтон уяси.
• Матросни довул бўлганда кўр.
• Улиган ит тишламайди.
• Узоқ йўлни ҳам аста босиб ўтиш мумкин.
• Ким билан юрганингни айтсанг, кимлигингни айтиб бераман.
• Кўрлар юртида бир кўзли ҳам қирол.
• Ўзинг сотиб олган буюм қадрли бўлади.
• Қўлдаги чумчуқ осмондаги лайлакдан афзал.
• Бир дақиқада умрни йўқотгандан кўра ҳаётда бир дақиқани йўқотган афзал.
• Пулга нон сотиб олиш мумкин, раҳмат сотиб олиб бўлмайди.
• Бош ўйламаса, танага зиён.
• Ўйнамаган ютмайди.
• Касалхонада бемор бўлиб ётмаслигинг учун йўлда эҳтиёт бўлиб юр.
• Битта қалдирғоч билан баҳор келиб қолмайди.
• Ўлимтик бор ерда ўлаксахўр ҳам бўлади.
• Ухлаётган тулки гўшт топа олармиди?
• Бош ва охир орасида доим ўрта бор.
• Аравани отнинг олдига қўйма.
• Ҳеч нарса билмаган ҳеч нарсадан гумон ҳам қилмайди.
• Темирчининг уйида барча безаклар ёғочдан.
• Севгининг кўзи кўр. Қадамингни ўйлаб бос.
• Ҳеч қачон камбағалга ваъда берманг, бойдан қарз олманг.
• Бугун бажариш мумкин бўлган ишни ҳеч қачон эртага қолдирманг.
• Бир кишининг бахти бошқаси учун қайғу.
• Олдинга қарамаган орқада қолади.
• Камбағаллик мусибат эмас. Уни маълум қилиш — нодонлик.
• Ер аскарлар қони ва меҳнаткашлар терига зор эмас.
• Қашшоқнинг шодлиги узоққа чўзилмайди.
• Очлик — энг яхши дори.
• Ҳаёт 40 ёшдан сўнг бошланади.
• Пул дарахтда ўсмайди.
• Пул инсонга бахт ваъда қилмайди.
• Эр-хотиннинг жанжалидан узоқда тур.
• Дўстлик ўз йўлига, бозор ўз йўлига.
• Қари тўти гапиришни ўрганолмайди.
• Сени доим огоҳ этиб турадиган — ҳақиқий дўст.
• Гўшт емоқчи бўлсанг суякка чида.
• Тарихдан сўзловчи ҳар кимнинг ўз ҳикояси бўлади.
• Кутган — эришади.
• Истак — энг катта куч.

Давронбек Тожиалиев таржима қилди.

Бразиллар (ўзларини бразильенуш деб атайдилар) — Бразилиянинг асосий аҳолиси (190 млн. киши (2010) бўлган халқ. Умумий сони 193 млн. киши. Парагвай, Аргентина, АҚШ ва Португалияда ҳам яшайдилар. Бразиллар португал тилида сўзлашадилар.