Абхаз мақоллари (57 та)

• Кучсиз одам ― ҳамманинг душмани.
• Бош бўлса, қалпоқ топилади.
• Ҳамма ит ўз уйида кучли.
• Одамнинг қаери оғриса, қўлини ўша ерга қўяди.
• Кулол кўза сопини қаерга хоҳласа, ўша ерга қўяди.
• Меҳмон меҳмонни кўролмади, мезбон иккаласини.
• Биров учун ҳаракат қил, ўзинг учун ўрган.
• Дарахт илдизи билан, одам қариндошлари билан тик туради.
• Буқага шох оғирлик қилмайди.
• Кар учун икки марта карнай чалинмайди.
• Очга туз билан қалампир ― яхши овқат.
• Ёмон акадан яхши қўшни афзал.
• Сутга қарасанг, қора доғ топасан.
• Агар сув ҳам ёнса, нима билан ўчирасан?
• Кўзага бақирсанг, сенга ҳам бақиради.
• Ота урушқоқ бўлса, боласи ҳам жангари бўлади.
• Тирикни ўликка алишмайдилар.
• Кимга ўрганиб қолинса, ўшани ҳурмат қиладилар.
• Ким ёмонлик қилса ― ўзига, яхшилик қилса ҳам ― ўзига.
• Кучига ишонган дўқ қилмайди.
• Касал бўлмаган соғликнинг қадрига етмайди.
• Ким ўзига фойда бермаса, у бошқалар учун ҳам фойдасиздир.
• Айтишдан уялмаган, қилишдан ҳам уялмайди.
• Ёқимтой қўзичоқ икки онани эмади.
• Ортиқча гап ― жоннинг озори.
• От ўлса ― дала қолар, мард ўлса ― сўзи қолар.
• Яхши қуш ҳаммадан орқада учади.
• Бақа ҳам ўз ботқоғининг ҳаммадан катта бўлишини истайди.
• Айиқ ўзини боққанни тишлайди.
• Индамас мушук миёвлаган мушукдан хавфлидир.
• Қўлда бешта бармоқ бор, улар ҳам баробар эмас.
• Ичида нима борлигини билмасдан, хунук мешдан кулма.
• Сих ҳам, гўшт ҳам куймасин.
• Маълумот ― меҳмон, ақл ― мезбон.
• Битта сассиқ нок юзта нокни булғайди.
• Бир сўзни икки марта қайтарсанг ― у ҳам сасийди.
• Эшакка эгар ярашмайди.
• Ёмон ошкора бўлади, яхши яширин.
• Бола йиғламагунча, она эмизмайди.
• Ота-она бола учун, бола ўзи учун.
• Айтилган сўз ― отилган ўқ.
• Аввал сени кимлар эшитаётганини кўр, сўнгра гапир.
• Қари ит ҳам чўчқачани тута олади.
• Тўқ дўстларини ҳам тўқ деб ўйлайди.
• Икки паканага дунё торлик қилибди.
• Терак баланд ўсгани билан, унинг мевасини ҳеч ким кўргани йўқ.
• Заиф одамнинг тили узун бўлади.
• Ўғирланган сигир тўрт пақир сут берармиш.
• Икки ёмон фарзанддан битта яхши қиз афзал.
• Жангда бўлмаган киши ― ботир.
• Девор синч билан, одам одам билан тик туради.
• Одамни тупроқдан бошқа нарса тўйдиролмайди.
• Биров берганида ўтиргандан, бекор юрган яхши.
• Бегона мурда ухлаётганга ўхшайди.
• Ҳазил ― ҳақиқатнинг ярми.
• Меҳмонда бўлмаган меҳмондорчиликни билмайди.
• Ортиқча сўз кишини бездиради, ортиқча шароб оёқни ишдан чиқаради.

Давронбек Тожиалиев таржимаси.

Абхазлар (ўзларини апсуа деб аташади) — Ғарбий Кавказдаги халқ, Абхазиянинг асосий аҳолиси. Умумий сони 115 минг (1992). Абхазларнинг оз қисми қўшни Ажарияда, шунингдек Туркия, Россия (11,3 минг, 2002), Греция ва араб мамлакатларида ҳам яшайди. Абхазлар абхаз тилида гаплашади. Булар тил ва маданият жиҳатидан адигей халқига яқин. Абхазларнинг кўпчилик қисми мусулмон-суннийлар, православлар ҳам бор.