Ҳеч гавҳарда Сулаймон узугидаги гавҳардай иззат-қадр йўқ эди. Шу узук туфайли шоҳнинг шуҳрати зиёда эди. Ажабки, бу гавҳар тош ярим донг эди.*
Сулаймон мазкур гавҳарни узугига жойлаганда, ер юзи унга қарам бўлди. Шоҳ Сулаймон мамлакату давлатининг беҳисоб эканлигини билгач, еру осмон ўзига қарамлигини кўргач, узунлиги (ени) қирқ фарсах (тахм.280 км.) келадиган соябон ясатди ва шамол ҳам унинг фармонига бўйсунарди. Гарчи эни қирқ фарсах келадиган соябони бўлса ҳам, лекин бу ўша ярим донг келадиган тош туфайли эди. Деди: ушбу мамлакат, бу савлату шон-шуҳрат ўша тош туфайли доимо мустаҳкам туради. Мен дунё ва дин ишида бундай мулкка эга бўлишни хоҳламайман. Эй Подшоҳ (Аллоҳванд), мен ўз кўзим билан шуни аниқ кўрдимки, бу мулку бойликнинг офати муқаррардир. Бу уқбо (охират) тарафида мухтасар қолсин. Бундан кейин ҳеч кимга бундай мулку бойлик берма. Менинг лашкар ва мулк билан ишим йўқ. Мен замбил тўқишни ихтиёр этаман.
Гарчи ўша гавҳардан Сулаймон шоҳ бўлган бўлса-да, худди шу гавҳар уни йўлда банди-қул қилди. Бу гавҳар Сулаймондай шоҳга нима қилдики, сенга вафо қилиб, хотиржам этса? Ул гавҳар учун қанчалик кон қазиб, меҳнат қилмагин, у бир тошдир, холос. Сен эса фақат Жонон юзини кўриш учун жон бергин. Эй гавҳар (асл) талаб, тошдан бўлган гавҳардан кўнглингни уз ва доимо ягона Жавҳар талабгори бўл!
Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.