Саид Абдуллахон

(?– 1933 йил, Кривой Рог шаҳри, Украина)

(1918-1920)

Хива хони, қўнғиротлардан. Ферузнинг ўғли. Укаси Асфандиёрхон суиқасд натижасида ўлдирилгач, Жунаидхон томонидан Хивага хон қилиб кўтарилган (1918 йил 3-октабр). Саид Абдуллахон жисмоний жиҳатдан заиф ва иродасиз бўлиб, Хива хонлигидаги барча ишларни амалда ясовулбоши Давлатмурод маҳрам орқали Жунаидхон бошқарган. Жунаидхон ўз кишилари: Чориқбой (Тошҳовуз), Сафар Депмечи (Иляли), Қилич Қора (Порсу), Гоклан бола (Манғит), Анна Гелдибек (Тахта), Халил Махсум (Урганч), Шихим Сулғун (Хива)ларни ҳоким қилиб тайинлаган.

Хива хонлиги қизил аскарлар томонидан босиб олингач, Саид Абдуллахон тахтдан воз кечишга мажбур бўлди (1920 йил 2-феврал) ва илтимосига кўра, у Хивада қолдирилган. Бироқ, Хивадаги Муҳаммад Аминхон мадрасасида қозикалон Иброҳим Охун бошчилигида бўлган уламоларнинг қизил аскарларга қарши кўтарган исёни (1920 йил 23-июн)дан кейин, бу исёнга ҳеч қандай алоқаси бўлмаса ҳам Саид Абдуллахон ва унинг ҳарами, яқин қариндошлари, 10 тўра ҳамда Ҳикматилла Охун (қозиаскар), Обид Охун ва бошқалар Хоразм Халқ Совет Республикаси (ХХСР)дан бадарға қилинган (1920 йил ёзи). Дастлаб Москвадаги Лубянка – 2; Новоспасск, Иваново монастирларидаги қамоқхоналарга ташланган. 1923 йилда Саид Абдуллахон ва унинг авлодлари Украинанинг Екатеринослав губернясига сургун қилинган. У сургунликда 10 йил яшаган. Сўнгра касалланиб, вафот этган. Хоразмлик адиб Қўзи Дават Саид Абдуллахон ҳақида “Хусумат” (Нукус, 2001) тарихий романини ёзган.