Шиблий Бағдодий ва унинг йўқолиши ҳикояси

Шайх Абубакр Шиблий Бағдодда неча марта йўқолди. Ҳеч ким уни тополмасди. Унинг суҳбатини соғиниб, кўп изладилар, охири биров уни муханнасхона (хунасалар йиғиладиган жой) да кўрди. Шайх ана шу беадаблар гуруҳи орасида кўзида ёш ўтирарди.
Сўфийлардан бири деди:
– Эй сирларни изловчи улуғ шайх, бу ерда нима қиласан, бу ер сенинг жойингми?
Шайх Шиблий деди:
– Бу қавм фосиқ ва бадахлоқликда шу даражадаки, дунё йўлида қайси эркак, қайси хотин эканлиги номаълум. Мен ҳам шуларга ўхшаганман, аммо дин йўлида шундайман. На динимда мардлик қўрсата оламан, на аёллардай ожизу зорман. Ўзимнинг ножавонмардлигим ичра йўқолдим, чунки мардлигимдан уяламан. Кимки ўз жонини бағишласа, ўз яраларини Ёр дастурхонига айлантиради. Чин эркак ўзини паст тутиб, йиқилганларнинг иззату улуғворлиги учун ғамхўрлик қилади. Агар сен назарда бир тукдан ортиқ кўринсанг, ўзинг учун бутдан ҳам баттарсан, чунки ўзингга бут каби сиғинасан. Агар сен учун мақтов ва танқидлар фарқланиб турса, яъни мақтовдан хурсанд бўлиб, танқиддан ранжисанг, бут ясайдиган бутгарсан, холос. Агар Ҳаққа банда бўлсанг, бут ясовчи бўлма, Эзид таоло йўлига кирган мард бўлсанг, (бутпараст) Озар бўлма!
Хос ва авом ўртасида бандалик мақомидан баландроқ мақом йўқ. Бандалик қил, бундан ортиқни даъво қилма, Ҳақодами бўл, иззатни ўзингни улуғлашдан қидирма. Тўнинг ичида юз бут бўлса, яна ўзингни халққа нечун сўфий қилиб кўрсатасан? Эй хунаса, мардлар тўнини еч, ўзингни бундан ортиқсаргардон қилма!

Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.