Пок виждонли қиз

Халифалардан Умар (р.а.) бир кечаси кўчаларни айланиб юрарди. Бир уйнинг ёнидан ўтаркан, бир хотиннинг ҳовлида қизи билан жанжаллашиб сўзлаган товушини эшитди ва уй эшиги ёнида туриб уларнинг сўзларига қулоқ солди. Хотин қизига аччиқланиб:
— Нега мен билан олишасан? Эртага сотиладиган сутимизга бир оз сув қўш,— деди.
Қиз қабул қилмай:
— Ахир халифа Умар ҳамма сутчиларга сутга сув қўшиб сотмаслик ҳақида буйруқ берганини унутдингизми?
— Нега бунча бижирлайсан? Сув қўш дедимми, қўшавер, бизнинг сув қўшганимизни Умар қаердан билади?—деб онаси қизига аччиғланиб сўзлади. Қизи:
— Онажон, ахир халифа сутга сув қўшганимизни кўрмаса, виждонимиз кўриб турибди-ку, ҳеч бўлмаса виждонимиз амрига итоат қилайлик, виждонсизлик қилмайлик,— деди қизи ва онасининг буйруғини рад қилиб тураверди.
Сутчи хотин қизининг сўзларига халифа жуда ҳам завқланди, шу номусли, виждонли қизни ўзига келин қилиб олмоқчи бўлди. Саройига қайтгач, бир неча кундан кейин ўша қизни ўғлига иикоҳ қилиб олиб берди, виждонли келинга эга бўлди.

Байт:
Қолмагай тўғрилар иши пинҳон,
Қилмагай тўғри сўз кишига зиён.