Одил Нўширавон

Айтишларича Сосоний ҳукмдорларидан Одил Нўширавон, ёз кунларининг бирида одамлари билан овга чиқди. У тепа ёнбағирларини кезиб чиқаркан, одамлари тоғ эчкисини овлашди. Ундан кабоб тайёрлаб шоҳга тақдим қилишмоқчи эди. Гўштни шох шаббаларига илдириб, тагига олов ёқдилар. Овни тўхтатиб, овқат тайёрлаш билан машғул бўлишди. Бир маҳал қарашса, туз йўқ. Шу яқин орада бир қишлоқча бор эди. Туз олиб келиш учун бир аскар юборишди. Аскар йўлга чиқар-чиқмас Одил Нўширавон уни чақиртириб олди. Ва унга:
–Тузни пулини бериб ол! – деди. – Акс ҳолда текин олиш одати чиқиб, қишлоқ хароб бўлади.
Атрофидагилар ҳайрон бўлиб:
–Шу озгина нарсадан қандай қилиб зарар келиши мумкин, шоҳим, – дея сўрашди.
–Дунёда зулмнинг тамали увоқча эди. Аммо ҳар бир келган уни катталаштирди. Ва ҳозирги вазиятга келиб қолди. Агар шоҳ халқнинг боғидан бир олма олса, ёнидагилар дарахтнинг илдизи билан қўпориб оладилар. Подшоҳ беш тухум учун зулм этса, аскарлари минг товуқни идиши билан урадилар, – дея чиройли жавоб қайтарди Одил Нўширавон.

Ҳикмат

Кичиклар катталардан кўрганларини қилишга уринадилар; қиладилар ҳам. Ҳатто бундан ҳам ўтказишга ҳаракат қиладилар.

“Гулистон”дан
Кавсар Шодиева таржимаси