Кемадаги қул

Бир куни подшоҳ денгиз саёҳатига чиқди. Унинг ҳали денгизга чиқиб кўрмаган ва йўл азобини тортмаган бир қули ҳам бор эди. Кема сувга туширилиб, тўлқинлар ичра ҳаракатлана бошлаганида, қулни ваҳима ва қўрқув қамраб олди. Ўз-ўзидан қалтираб, йиғлай бошлади. Атрофдагилар уни тинчлантиришга қанча уринишмасин, қулнинг ваҳимаси сира ҳам босилмади. Буни кўрган подшоҳнинг ҳам кайфияти анча бузилди. Лекин, чораси топилмасди. Кемада бир доно қария бор эди. Шунда у шоҳга қараб:
–Султоним амр этсалар, шу қулни ўзим тинчлантирсам… – деди.
–Бизга катта яхшилик қилган бўлардингиз, – деди подшоҳ.
Қария дарҳол: “Белига арқон боғлаб, денгизга улоқтиринг”, – дея кемадагиларга амр қилди. Қария айтганидек қилишди. Уни бир неча маротаба денгизга шўнғитиб олишди. Қул оғзи бурнигача сувга ботиб типирчилай бошлади. Маълум муддат бу ҳолат такрорлангач, қария машғулотни тўхтатди. Ичлари сувдан тўлган қул кемага чиқарилди. Ичган шўр сувларини чиқариб олганларидан сўнг, ҳушига келди ва кеманинг бир четига бориб ўтирди. Ва ниҳоят қул тинчланди. Энди у ваҳимага тушиб бақирмас ва йиғлаб ҳаммани паришонхотир қилмас эди. Қариянинг тутган доно тадбиридан подшоҳ мамнун ҳолда сўради:
–Бунда қандай ҳикмат бор эди?
Қария жавоб қилди:
–Қулингиз денгизга чиқмаганлиги боис унинг қийинчилиги ва чўкиш азобини тортмаган эди. Шу сабабдан кемадаги сокинлик қадрини билмади. Худди шундай, соғлиқнинг қадрига бемор одам етади.

Ҳикмат

Хато йўлда бўлган кимсага берилган юзлаб ўгит, уни тўғри йўлга солмоқ учун етарли эмас. Аммо, тўсатдан бошига келган бир фалокат, унининг уйғонишига бир сабабдир

“Гулистон”дан
Кавсар Шодиева таржимаси