“Энг гўзал ҳикоятлар-2” танловига
Юляни мактабга беришмоқчи бўлишди. Қизалоқ ўқишни бошлаши мумкинлигини текшириш учун у тест топшириши керак эди.
— Оддий нарсалардан бошлаймиз, — деди руҳшунос ва вазадаги мумдан ясалган меваларни олиб стол устига қўйди, — Олма, нок, апельсин, шафтоли. Бир сўз билан улар нима деб аталади?
Юля гапирмай кўзларини ерга тикди.
— Давом этамиз. Мана бодринг, помидор, редиска, картошка ва пиёз. Улар бир сўз билан нима дейилади?
Юля лабларини тишлади.
— Қулупнай, малина, гилос… Улар қандай номланади?
— Ёдимдан чиқди, — пичирлади қизалоқ, кўз ёшларини зўрға тийиб,
— Ҳали мактабга боришга эрта, — деди руҳшунос Юлянинг онасига, — Бир йилча кутинг, шуғулланинг. У оддий нарсаларни ҳам билмайди.
Она қизига ажабланиб қаради:
— Юлинка, шуларни бир сўз билан айтилишини наҳотки билмасанг?
— Эсладим, ойижон! — чеҳраси очилди қизалоқнинг. — Нусха. Мева ва сабзавотларнинг мумдан ясалган нусхалари.
Рус тилидан Хуршид Нуруллаев таржимаси