Маймун ва тошбақа (“Калила ва Димна”дан)

Рожа браҳманга деди: – Мумкин бўлса, шундай бир ҳикоя сўзлаб берсангки, унда биров бир нарсани қўлга киритмоқ учун ҳаракат қилса-ю, лекин мақсадга етгандан кейин беғамлик қилиб уни қўлдан бериб қўйган бўлса.

Браҳман деди: – Бир нарсани қўлга киритмоқ уни сақламоқдан осондир, чунки қимматли, нафис ва нодир нарсалар баъзан бахтли тасодиф туфайли ҳеч бир меҳнатсиз қўлга кириб қолади, лекин мияни ишлатмасанг, уни сақламоқ жуда қийиндир. Масалан, тошбақа меҳнат сарф қилмасдан меҳрибон ва фидокор бир маймунга ошна бўлиб қолди-ю, лекин ақлсизлиги ва нодонлиги туфайли ундан айрилиб, пушаймон бўлди.

Рожа сўради: – Қандай қилиб?

Ҳикоят: Браҳман деди: – Бир оролда маймунлар кўп эди. Уларнинг Кордон номли бир подшоҳлари бор бўлиб, сиёсат ва раёсат бобида тенги йўқ, одил ва ақли комил эди. Умрнинг баҳори ўтиб, қарилик уни исканжасига ола бошлади. Кўзининг нури, белининг қуввати кетиб, унга заифлик юзланди…

Бечора қари маймун қайғу-ҳасратга тўлиб-тошиб йўлга равона бўлди, юра-юра бир денгиз қирғоғидаги қалин ўрмонга келди. У ерда бир анжир дарахтини топиб олди-ю, унинг меваларини еб, кун кечира бошлади. Бир куни маймун анжир дарахтининг устида ўтириб унинг меваларини маза қилиб еяётганида бир анжир сувга тушиб кетди. Анжирнинг шопиллаб сувга тушган овози маймунга жуда ёқиб тушди. Маймун дам-бадам сувга анжир ташлар ва бундан катта завқ олар эди. Ўша сувда бир тошбақа яшар эди, сувга тушган анжирларни иштаҳа билан ер ва “маймун буларни атайин мен учун ташламоқда, таниш бўлмагани ҳолда менга шунча меҳрибонлик кўрсатмоқда, дўстлашсам менга нималар қилиши мумкин”, деб ўйлар эди. Маймуннинг яхшилигини қайтариш орзусида тошбақа қирғоққа чиқиб, у билан саломлашди. Улар суҳбатлашиб ўтириб, бир-бирларига меҳрибон дўст бўлиб қолдилар, гўё икки танда бир жон ва бир кўкракда икки юрак каби…

Маймун ўз мамлакати ва давлати қўлдан кетганлигини сўзлаб берди. Тошбақа унинг гапига маҳлиё бўлиб ўз уйи ва оиласига қайтишни унутиб қўйди. Тошбақанинг хотини унинг узоқ муддат йўқ бўлиб кетганидан хавотирланиб, нима қилишини билмай қўшнисига ҳасрат қилди.

Қўшниси деди: Хафа бўлма, унинг қаерда эканлигини сенга айтиб беришим мумкин.

Тошбақанинг хотини деди: – Эгачи, тезроқ айтинг, у қаерда?

Қўшниси деди: – Мен эшитдимки, эринг бир маймун билан дўстлашиб, унга мафтун бўлибди, унинг васлини сенинг ҳижронингдан устун тутиб, сенинг фироқинг оловини унинг висоли суви билан ўчириб юрибди. Энди ғам чекишнинг фойдаси йўқ. Бир тадбир кўриш керакки, эринг уйга қайтсин.      Улар иккаласи бир бўлиб маслаҳатлаша бошладилар. Охирида маймунни ўлдиришдан бошқа чора йўқ, деган қарорга келдилар. Тошбақанинг хотини ўзини касалга солиб, қўшнисидан эрига хабар юборди. Тошбақа хотинининг касал бўлганини эшитгач, маймундан уйига бориб келиш учун ижозат сўради ва йўлга тушди.

Уйга келиб қараса, хотини кўрпа-ёстиқ қилиб ётибди. Унинг атрофида парвона бўлиб ҳол-аҳвол сўради, лекин хотини бир сўз айтмади.

Тошбақа хотинининг хасталиги ва нима учун гапирмаслиги сабабини қўшнисидан сўради.

Қўшниси жавоб берди: – Беморнинг дарди оғир бўлиб, соғайишдан умиди узилган бўлса, қандай қилиб гапира олсин.

Тошбақа деди: – Унинг дардининг давоси нима экан? Агар бу ерларда бўлмаса, бошқа жойлардан ахтарай, дўстлардан илтимос қилай, душманларга ёлворай.

Қўшниси деди: – Бу биз хотинларга хос касалликдирки, уни маймуннинг юрагидан бошқа ҳеч нарса билан муолажа этиб бўлмайди.

Тошбақа деди: – Маймун юрагини қаердан топсам бўларкин?

У ғамга ботди. Ўйлаб-ўйлаб ҳеч бир чора топа олмагач, дўсти маймун ёдига тушиб, ўз-ўзига деди: “Агар орамизда бўлган дўстлик ва садоқатга қарамай унга хиёнат қилсам, бу номардлик ва инсофсизлик бўлади; агар аҳдга вафо қиламан десам, уйимнинг таянчи, ҳаётимнинг безаги, фарзандларимнинг паноҳи бўлган хотинимдан ажралиб қоламан”.

Анчагина вақт бу ҳақда ўйлаб изтироб чекди, шубҳа ва тараддуд ичида қолиб, ниҳоят, хотинининг ишқи ғалаба қилди. Шундай қилиб, у вафодорлиқдан воз кечиш қарорига келди… Лекин яхши билардики, маймунни бу ерга келтирмагунча мақсадига эриша олмайди. Шулар ҳақида ўйлаб-ўйлаб маймуннинг ҳузурига борди. Айрилиқ вақтларида муҳаббати янада кучайиб кетган маймун тошбақани зўр қувонч билан кутиб олди ва унинг касал хотинининг аҳволи, болаларининг, қавм-қариндошларининг соғлиқ-саломатликлари ҳақида сўраб-суриштирди.

Тошбақа деди: – Сенинг фироқинг ўти шундай ёндирдики, уларни кўришдан бирон лаззат ололмадим. Ёлғизлигинг эсимга тушганда тинчлигим бузилиб, дунё кўзимга қоронғи бўлиб кўринарди. Мана энди ёнингга келдим. Марҳамат қилиб менинг уйимга борсанг, фарзандларимни кўриб, хотинимни севинтирсанг, қавм-қариндошларим, дўст-ошноларим олдида бошим осмонга етарди. Улар тайёрлаб қўйган овқатларини олдингга қўйиб, ўз меҳмондўстлик бурчларини бажарадилар. Шу билан яхшиликларингни, бироз бўлса ҳам қайтарган бўлар эдим.

Маймун деди: – Қўй, бу ҳақда ўйлаб кўп азият чекма. Сен дўстлик ва аҳд-вафода мени ўзингдан устун қўйма, чунки орамиздаги дўстлик ипини бошлаб сен мустаҳкамладинг. Энди мен ўз кўнглимнинг хоқониман. Бахт-саодат ичида яшамоқдаман. Агар бу озодлик ва роҳат шамоли менинг димоғимга аввал етганида эди, бундай тинч, бахтли яшашнинг шундай ширин эканлигини аввалроқ билсайдим, фойдаси оз, ғами кўп ҳукмдорликдан аллақачон воз кечган бўлардим. Лекин шу билан бирга мен ватандан, қавм-қариндош, дўст-ошноларимдан узоққа тушган бир бечора махлуқман. Мен шундай айрилиқ азобида маҳв бўлиб кетаётганимда сен менга дўстлик қўлини узатдинг. Саховат аҳли назарида дўстлик ғоят бебаҳо нарсадир. Ҳақиқий дўстлик беғараз бўлур. От ва эшак бирга хашак есалар ҳам, ораларида дўстлик пайдо бўлмайди. Аммо ҳақиқий дўстларнинг бири машриқда, бошқаси мағрибда бўлса ҳам, барибир, бир бирларини эслаб ва шундан тасалли топиб яшайверадилар…

Денгиз сафарига чиққан одам ўзига ҳамроҳ ахтаради, лекин дўстлари бундай сафарга боришга рози бўлмасалар, буни душманлик деб ҳисобламаслик керак. Сен менга оилангни бориб кўришни таклиф қиляпсан, майли, қабул қилай, лекин менинг дарёдан ўта олмаслигимни биласанми?

Тошбақа деди: – Хотиринг жам бўлсин, сени ўз орқамда кўтариб, манзилимга олиб бораман. У ерда роҳат ва фароғатда яшайсан.

Хуллас, тошбақа турган жойини шу қадар мақтадики, ниҳоят, маймун боришга розилик берди ва ўз муқаддаротини унга топширди. Тошбақа уни ўз орқасига миндириб уйи томон равона бўлди. Сувнинг ўртасига етганда ўйлаб қолди ва ўз-ўзига деди: – “Олимлар вафосизлик ва хиёнат, айниқса, эътиборсиз хотинлар учун қилинган хиёнат энг катта гуноҳдир, дейдилар. Улуғларнинг яна шундай гапи бор: “Олтиннинг софлигини ўтда, ҳайвонинг кучини оғир юк ортилганда, инсоннинг тўғрилигини омонатга хиёнат этмаслигида билса бўлади”. Ҳар ҳолда, донолар хотинларнинг макр-ҳийлаларига алданмасликни маслаҳат кўради”.

У шундай бир-бирига зид муҳокамалар юритиб, сувнинг ўртасида тўхтаб қолди… Унинг тараддудга тушганлигини ва қандайдир жиддий бир нарса ҳақида ўйлаётганини сезган маймун, шубҳаланиб тошбақадан сўради: – Нима бўлди, нима учун фикр дарёсига ғарқ бўлдинг, балки мени кўтариш сенга оғирлик қилаётгандир?

Тошбақа деди: – Сен нимага асосланиб бундай савол беряпсан? Ё мен бирор ҳаракатим билан буни ошкор қилиб қўйдимми?

Маймун деди: – Мен кўриб турибман: сен виждон азобини чекмоқдасан, ўз нафсинг билан курашмоқдасан, тараддуд ва изтироб ўтида ёнмоқдасан.

Тошбақа деди: – Тўғри айтасан. Сен биринчи марта бизникига кетяпсан, хотиним эса касал, уйлар остин-устин бўлиб ётгандир. Кўнглим истаганидек сени яхши қабул эта олмасам, меҳмондорчиликни жойига қўя олмасам, ҳамманинг олдида расво бўламан, деб қўрқаётирман.

Маймун деди: – Сенинг номусли ва тўғри бўлганлигинг, мени дилдан дўст ҳисоблаб яхши ният билан уйингга олиб бораётганинг маълум. Ўтиришимиз қанчалик содда, дастурхон қанчалик фақирона бўлса, суҳбатимиз шунчалик самимий ва ширин бўлади. Сенинг тоза юракли эканингни билганлигим учун айтишим мумкинки, сен бекорга ташвиш торт­япсан, меҳмонни яхши кутиб олмасам нима бўлади, деб изтироб чекишга асос йўқдир; бу жиҳатдан хотиржам бўл, ўзингни бекорга хафа қилма.

Тошбақа бироз сузиб бориб, яна тўхтаб қолди, яна аввалгидек ўй-хаёлга толди.

Маймуннинг шубҳалари орта бошлади ва ўз-ўзига деди: “Дўстидан шубҳа қилган одам ўша соат тадбир кўриб, унга нисбатан эҳтиётли муносабатда бўлиши, ўзини сақлаши керак. Агар шубҳалари тўғри чиқса, муқаррар бўлган фалокатдан ўз жонини сақлаб қолган бўлади, гумони хато бўлиб чиқса, эҳтиёткорлик қилгани учун уни койимайдилар. Юрак тез-тез ўзгариб тургани учун уни қалб, деб атаганлар. Ҳар дақиқада у нима хаёлга тушади, нияти яхшими, ёмонми, билиб бўлмайди”. Сўнгра тошбақага деди: –Яна нима бўлди, хаёл дарёсига шўнғиб кетдинг?

Тошбақа деди: – Нима қилай, хотинимнинг касаллиги, унинг сиҳатининг ёмонлиги хаёлимни паришон қилмоқда.

Маймун деди: – Дўстлик ҳурмати учун бу нарсани менга очиқ айтиб бердинг. Энди уни нима билан соғайтириш, дардига нима даво топиш мумкин, айта оласанми?

Тошбақа деди: – Табиблар шундай дармон белгиладиларки, уни ҳеч қаердан топиш мумкин эмас.

Маймун сўради: – У қандай дармон экан?

Тошбақа деди: – Маймуннинг юраги.

Буни эшитиб дарё ўртасида турган маймуннинг қути ўчиб кетди, кўз ўнги қоронғилашди ва ўз-ўзига деди: “Мени бу даҳшатли фалокатга суд­раган нарса баднафслик ва очкўзлик бўлди; мени бу қўрқинчли гирдобга шуҳратпарастлик ва ҳарислик солди. Энди эса мени ҳийла ва тадбирдан бошқа ҳеч нарса халос эта олмайди. Агар оролга борсам, ўлишим муқаррар, ўзимни бу ерда сувга ташлаб қочмоқчи бўлсам, чўкиб ҳалок бўлишим аниқ”. Маймун бу фикрларини хаёлидан кечириб, тошбақага деди: – Олимлар айтибдурларки, халққа зарур бўлган озуқани яширган шоҳ, дўстларнинг бахтли бўлиши учун керак нарсани бермаган дўст, шоҳ ва дўст деган номларга нолойиқдурлар. Мен хотинингни қанчалик севишингни биламан, унинг соғайиб кетиши учун зарур бўлган дармонни бермаслик дўстликка хиёнат қилиш демакдир. Мен хотинингни дардини биламан, чунки бизнинг маймун хотинларда ҳам шундай хасталик бор. Биз юракларимизни бериб, уларни муолажа этар эдик. Ўзимиз эса юраксиз яшай берар эдик. Агар сен буни соҳилда айтганингда, мен юрагимни ўзим билан бирга олиб чиқар эдим. Қариган вақтимда менга юракнинг эҳтиёжи йўқ. Менга юрагимни кўтариб юриш жуда оғир, чунки унга қўнган ғам-андуҳ ҳаддан ташқари кўп ва оғирдир. Шунинг учун юрагимнинг дарди бироз камайсин, деб олиб қўйган эдим.

Тошбақа деди: – Нима учун юрагингни уйда қолдирдинг?

Маймун деди: – Маймунларда бир одат бор: яқин дўстларининг уйига кетаётганларида, меҳмондорчилик яхши ва ширин ўтсин деб, юракларини ўзлари билан олиб бормайдилар, чунки юрак ғам ва алам масканидир. Сенинг ақлли ва иффатли хотинингни хасталигини эшитгач, юрагимни олиб юрсам эзилиб кетади, деб ўйладим. Албатта, сен менинг дўстлигимни синагансан, шунинг учун сўзларимга ишонасан. Лекин сенинг қавму қариндошинг, қалин дўст бўлса ҳам, ўзига унча зарур бўлмаган бир нарсасини бизга беришдан бўйин товлади, деб бадгумон бўлишлари мумкин. Яхшиси, орқага қайтсак, юрагимни олиб келаман.

Тошбақа суюниб дарҳол орқасига қайтди. Қирғоқ бўйига етгач, маймун сакраб бир дарахт устига чиқиб олди.

Тошбақа бир соатча кутди, сўнгра маймунни чақирди ва деди: – Эй, азиз дўстим, юрагингни олиб туш, фурсат ўтмасин. – Маймун кулиб деди: – Мен узоқ яшаб, кўп нарсаларни бошимдан кечирган, дунёнинг иссиқ-совуғини кўрган, аччиқ-чучугини тотганман. Энди келиб-келиб сендан панд ейми? У хом хаёлингдан воз кеч ва бундан сўнг ҳеч кимга аҳду вафодан сўз очма. Сенинг бевафо эканлигингни илгарироқ пайқаган эдим. Мени, тулки айтган “юраги ва қулоғи йўқ эшак”, деб гумон қилмагин.

Тошбақа сўради: – Тулки нима деган экан?

Ҳикоят: Маймун деди: – Бир шер қўтир касалига мубтало бўлгандан кейин қуввати кетиб, ов қилолмай қолди. Унинг хизматида бир тулки бор эди. У шердан қолган таом билан кунини ўтказарди. Шер овга ярамай қолгандан кейин, тулкининг ризқи кесилди. У бир кун шерга деди: – Шоҳим, дардларини муолажа қилиш фикрида эмасмилар?

Шер деди: – Эй тулки, агар дармони топилса, бу азобга бир зум ҳам чидаб ўтирмас эдим. Эшитишимча, эшакнинг қулоғи билан юраги дардимга даво эмиш.

Тулки деди: – Агар ижозат берсангиз, эшакни топиб келтирсам. Бу яқинликдаги булоққа бир одам ҳар куни кир ювгани келади. Унинг бир эшаги бор, ҳар келганида булоқ атрофида ўтлаб юради. Зора ўшани ҳийла билан олиб келсам. Шоҳим, унинг юраги ва қулоқларини еб, қолганларини ўз хизматчисига берса.

Шер рози бўлди. Тулки булоқ тарафига жўнаб кетди. Узоқдан бир эшакни кўриб қолди. Унинг ёнига келиб салом берди, меҳрибонлик кўрсатиб, у ёқ-бу ёқдан сўз бошлади, сўнгра сўради: – Нима учун сен жуда чарчаган, хафа ва ориқ кўринасан?

Эшак деди: – Хўжайиним борган сари кўпроқ юк ортиб, камроқ овқат беряпти. Нима қилишимни билмайман.

Тулки деди: – Сен содда ва гўл бўлмасанг, қочиб бу азоб-уқубатдан қутулган бўлар эдинг.

Эшак деди: – Қаерга бормайин, мен бу азобдан қутулолмайман.

Тулки деди: – Хўп десанг, сени шундай бир чаманзорга олиб бориб қўяйки, у жойнинг ҳавоси жуда мусаффо, кўм-кўк ўт белингдан келади… Бундан илгарироқ бир урғочи эшакка насиҳат қилиб эдим, у ҳозир ўша чаманзорга бориб, юк ҳам ташимасдан, еб-ичиб, маза қилиб юрган эмиш…

Бу сўзлардан эшакнинг оғзига сув келди ва хурсанд бўлиб тулкига деди: – Сенинг маслаҳатингга кирмасдан бўлмайди, чунки сен буни дўстлик, шафқат ва хайрихоҳлик юзасидан айтмоқдасан.

Тулки эшакни шернинг ҳузурига келтирди. Шер очкўзлик қилиб бўкирганича эшакка ташланди, лекин заифлиги туфайли уни ушлай олмади. Эшак эса қочиб қутулди.

Тулки шернинг заифлигидан таажжуб қилиб деди: – Бахтсизлигингизни қаранг, бир ориқ эшакни ҳам тутиб ея олмадингиз-а!

Бу сўз шерга оғир туюлди, у ўз-ўзига деди: “Агар, ўзим жўрттага тутмадим десам, уни таажжублантирган бўламан, агар заифлигим туфайли тута олмадим десам, ожизлигимни эътироф этган бўламан”.

Сўнгра тулкига қараб деди: – Шоҳларнинг қилаётган ишлари сабабини раиятнинг билиши шарт эмас. Сен бу саволни менга бермаслигинг керак эди. Эндиликда бу фикрингдан кеч. Яна бир ҳийла ишлатиб, эшакни қайтариб келсанг, сенинг садоқатинг ҳамда фидокор эканлигинг яна бир карра исбот этилган бўлар эди.

Тулки ўрнидан туриб эшакнинг ёнига келди. Эшак уни кўриб койиб деди: – Сен мени қаерга олиб борган эдинг?

Тулки деди: – Сенинг одамлардан кўрган азоб-уқубатларинг ҳали ҳам ёдингдан чиқмаганга ўхшайди. Шунинг учун ҳар нарсадан кўрқаверасан. Аслида, у ерда таҳликали ҳеч нарса йўқ эди. Сенинг кўрганинг мен сенга айтган урғочи эшак эди. У эҳтироси шиддатидан ўзини унутиб қўйиб сенга ташланди. Агар бироз сабр қилсанг эди, унинг қанчалик меҳрибон ва юмшоқ муомалали эканлигини кўрар эдинг.

Тулки урғочи эшакни шундай мақтаб кетдики, охири бу эшак унинг гапига ишонди (шу вақтга қадар шерни кўрмаган эди) ва тулкининг олдига тушиб, шернинг ҳузурига равона бўлди. Тулки олдинроқ бориб шерни огоҳлантириб қўйди. То эшак шерга яқинлашмагунча ҳамла этмаслигини илтимос қилди.

Шер тулкининг айтганини қилиб, эшакни меҳрибонлик билан қарши олди, бир неча ширин сўз айтди. Эшак тап тортмай шернинг олдига жуда яқин келди. Шунда шер сакраб туриб эшакни пора-пора қилиб ташлади, сўнг тулкига деди:

– Мен булоққа бориб чўмилиб келгунимча буни пойлаб тур, келганимдан сўнг унинг юраги ва қулоқларини ейман. – То шер чўмилиб келгунча тулки эшакнинг юраги ва қулоқларини еб тўйиб олди.

Шер келиб эшакнинг юрак ва қулоғини топмагач, тулкига деди: –Бунинг юраги ва қулоқлари қани?

Тулки деди: – Шоҳим саломат бўлсинлар. Бу эшакнинг қулоғи ҳам, юраги ҳам йўқ эди. Агар унинг юраги бўлса эди, хавф-хатарни сезган, қулоғи бўлса, биринчи ҳужумингиздан сўнг менинг ёлғонларимга қулоқ солмаган ва ўз оёғи билан гўрга кирмаган бўлур эди.

Бу масални шунинг учун келтирдимки, сен билгин: мен эшак каби қалбсиз ва қулоқсиз эмасман. Сен ҳийла ва макрларингнинг ҳаммасини ишлатдинг, мен эса уларни ўз ақл-идроким билан тушуниб олдим. Энди сен яна орқага қайтишни хоҳлайсан, йўқ, бу ҳийлангдан энди иш чиқмайди.

Тошбақа деди: – Тўғри айтасан, сенга эътироз этишга ўрин қолмади. Энди сенинг қалбингга шундай доғ тушдики, уни ҳеч нарса ювиб ташлай олмайди. Менинг ҳам бетимга бир разолат тамғаси босилдики, уни ҳам ҳеч нарса йўқотолмайди… Энди фироқ заҳрини қатра-қатра ютиб, ҳижрон қамчиларига елкани тутиб беришдан бўлак илож қолмади…

Тошбақа бу сўзларни дегандан сўнг минг пушаймон бўлиб уйига қайтиб кетди. Бир қиммат нарсани ёки бир дўстни қўлга киритиб, нодонлик ва ғафлат туфайли ундан айрилиш ҳақидаги ҳикоят мана шундан иборатдир. Ақл ва тажриба эгалари бу қиссадан ибрат олиб, қўлга киритган давлат, орттирган дўст ва бошқа неъматларини эҳтиёт қилиб сақлашга интилишлари ва уларни қўлдан бой бермасликлари лозим. Чунки қўлдан кетган нарсани қайтармоқ мумкин бўлмайди, бир сўз билан айтганда, охирги пушаймон – ўзингга душман.

Форс тилидан Суйима Ғаниева таржимаси