Тоғу тошларни, қир-адирларни кезишни ёқтирадиган бир кўзи кўр одам бор эди. Бир куни, хилма-хил рангдаги ғалати бир қишлоқни кўриб қолди. Қишлоққа яқинлашди. Бу ернинг йўллари, уйлари ва ҳатто у ерда яшовчи аҳоли ҳам ажабтовур эди. Бунинг боисини қишлоққа киргач, тушунди. Бу ер кўрлар қишлоғи эди. Эркагу аёлнинг, ҳатто болаларнинг ҳам кўзлари юмиқ эди… Одам шу ерда яшашга қарор қилди.
– Ҳеч бўлмаса, менинг битта кўзим бор. “Кўрлар ўлкасида ғилайлар қирол
бўлади”, дейдилар. Мен ҳам буларга бошлиқ бўлиб яшайвераман, – деб ўйлади.
Кўрларнинг кўзи бўлмаса-да, қўллари, қулоқлари, бурунлари жуда сезгир эди. Ўзлари ўйлаб топган қонунлар асосида яшар эдилар. Одам уларнинг хатти-ҳаракатларини кузатар экан, ҳайрон қоларди. Чунки, гапиришлари, юришлари тамоман бошқача эди.
Бир куни кўрлардан биттаси шеригининг нарсасини ўғирлади. Буни кўриб турган бир кўзли одам: “Фалончи фалончининг нарсасини ўғирлади” дея бақирди. Буни эшитган кўрлар:
– Қаердан билдинг? Шунча узоқдан эшитилмайди-ку, – дедилар. Шунда у:
– Мен эшитганим йўқ, кўрдим. Мен кўра оламан, – деди. Кўрлар эса на
кўзни, на кўришни билишарди. Анча бўлган эди бу ҳисни унутиб юборганларига.
– “Кўраман” деганинг нимаси? Қандай қилиб кўрасан? Яъни
эшитилмайдиган масофадан нима бўлаётганлигини билиб турасанми? – деб сўрадилар.
– Албатта, – деди одам.
– Сенга ишонмаймиз. Имтиҳондан ўтишинг керак, – дейишди кўрлар. Ва
одамни ўзлари турган жойдан анча узоқроққа олиб боришди. Бу масофадан ҳеч нима эшитилмаслиги уларга аён эди.
– Айт-чи, биз ҳозир нима қиляпмиз? – деб сўрашди.
– Ўтириб гаплашяпсизлар. Фалончи ўрнидан турди, бу қўлини қимирлатди.
Мана буниси эса, оёғини қимирлатди, – деди одам. Шу пайт кўрлар бир уйнинг ичига кириб додлашди ва:
– Энди-чи?.. – дейишди.
– Ичкарига кирдингиз, кўролмаяпман…
Кўрлар бунинг фарқига бормагани учун:
– Ичкарига кирсак, нима бўпти? Бор йўғи эллик сантиметр фарқ қилади.
– Айт-чи энди, – дедилар ва:
– Сен бизни лақиллатяпсан. Боя тасодифан тўғри чиқди. Мана энди айтолмаяпсан.
– Ташқарига чиқинг, айтаман, – деди одам.
– Шунча узоқдан эшитганингдан кейин; хоҳ ичкариси хоҳ ташқариси бўлсин
нима фарқи бор…
– Мен эшитмаяпман, мен кўряпман, – дер эди одам.
– Бўлиши мумкин эмас. Сенда нуқсон бор. Ғалати гапларни гапиряпсан.
Сени табибга кўрсатиб, даволаш керак, – дея одамни апил-тапил қишлоқ табибига олиб бордилар. Табиб ҳам кўрлардан эди. Қўллари билан пайпаслаб, одамни текшира бошлади. Бармоқларини унинг юзида айлантирди. Ва ниҳоят:
– Топдим. Мана бу ерда нуқсон бор экан, – дея унинг очиқ кўзини назарда
тутарди, табиб. – Шунинг учун ҳам ғалати гапларни гапирган. Қолгани менинг ишим, уни ўзим даволайман, – дея ишга киришиб кетди.
Кўрлар қишлоғига ҳоким бўлишни ният қилган одам зўрға у ердан қочиб қутилди.
Кўрлар кўзи очиқларни билмайдилар. Шунинг учун ҳам, бир кўзи очиқ одамни ўзларига ўхшатмоқчи бўлдилар.
Турк тилидан Сумайро, Муна Холмуродовалар таржимаси
“Сирли, ибратли ва ҳаётий воқеалар” китобидан.