Ҳукмдорлардан Баҳромгўр бир куни овга чиқди. Бир кийикни учратиб уни овламоқчи бўлганда, кийик қочиб кетди. Баҳромгўр унинг орқасидан қувлай-қувлай, ниҳоят бир қабила яшайдиган ерга етиб келди. У қабиланинг Қабийса исмли бир сардори бор эди. Кийик ташналикдан бетоқат бўлиб Қабийсанинг чодирига кириб келди, ҳоб тили билан ундан паноҳ истади. Қабийса унга сув берди, қорнини тўйдирди. Шу топда Баҳром чодир эшиги ёнига етиб келди. Қа-бийсага дўқ қилиб:
— Эй араб, менинг овим сенинг чодирингга кирди. Дарҳол уни чиқариб менга топшир!—деди.
— Эй суворий, яхши йигит, мендан паноҳ истаб чодиримга кирган жониворни сенинг қўлингга топширишим мурувватдан эмасдир,— деб жавоб берди Қабийса.
Баҳромгўр қаттиқ сўзлаб, унга ҳужум қилиб, кийикни чиқариб беришни талаб қилди. Қабийса унинг сиёсатидан қўрқмай, айтди:
— Эй йигит беҳуда сўзларни сўзлама, мендан паноҳ истаб чодиримга кирган бечора жониворни нечун сенинг қўлингга топширай? Қўлингдаги ўқ-ёй би-лан мени ўлдирсанг, ўшандагина кийикни олишинг мумкин бўлади. Агар мени ўлдирсанг қабилам аҳли сени тирик қўймайди. Кел, ўз жонингга раҳм қилиб, бу бечора жониворни қўлга олиб, ўлдириш савдосидан кеч. Агар ҳирсинг томири тинч турмаса, эшигим ёнида боғлиқ турган гўзал ва чопқир отимни эгар, жабдуғи билан сенга берай.— Баҳромгўр Қабийсанинг ҳамиятига таҳсину офарин қилди. Унинг отига илтифот қилмай ўз саройига қайтиб кетди. Эртаси куни Қабийсани ўз саройига чорлади, унга кўп илтифотлар қилиб, эъзозлади.
Байт:
Истагач бир қатра дарёдин паноҳ,
Айлади унга садафдан такягоҳ.