Машҳур халифа Хорун ар-Рашиднинг замондоши Баҳлулни девонавор ҳаёт кечиргани учун «Девона Баҳлул», ҳикматли сўзлари билан машҳурлиги учун «Доно Баҳлул» дер эдилар. Хорун ар-Рашид Баҳлулни ҳурмат қилар, у билан суҳбатлашиб, ҳазиллашарди. Бир куни Хорун ар-Рашид гўристондан ўтар экан, эшик ёнида Баҳлулнинг бир девона билан суҳбатлашиб турганини кўриб қолди. Маҳрамларига:—уларни саройга олиб боринг,— деди. Хизматчилар девонани олиб кетдилар. Хорун ўз саройига қайтиб келгандан кейин ҳар икки девонани ҳузурига келтириб, Баҳлулга:
— Бағдод шаҳрида сиз икки девонадан бошқа девона қолгани йўқ, энди иккингизни ҳам ўлдириб, Бағдодни девоналардан тозаламоқчиман,— деб ҳазил-лашган эди, Баҳлул девона:
— Бизларни ўлдирсангиз, учинчи девона бўлиб ўзингиз қоласиз. Бағдодни девоналардан тозалаш керак бўлса, ўзингиз ҳам биз билан бирга у дунёга мархамат қиларсиз деб ўйлаймиз,— деди. Хорун ар-Рашид Баҳлул билан ҳазиллашганидан уялди. Кулиб ҳар икки девонага инъом эҳсон қилди. Ножўя ҳазил кишини уялтиради-да!