Банги қаландар

Карахтликдан донг қотган бир қаландар бўлар эди. У эртаю кеч банг истеъмол қиларди. Кўринишдан бу оламдан этак силкиган дарвишларга ўхшар, аммо бутун сир-асрори ёнидаги банг идиши – журъадонида яширинган эди. Банг тортган дамларида ўзини қўярга жой топа олмай, ҳар доим айш қилмоқ ҳақида турли хаёллар сурарди.
Кунлардан бир куни у бир вайронага кириб, бангдан, одатдагидан кўпроқ тортди. Бузуқ деворга суянганча сирлар оламида сайр қила бошлади. Ўзини хаёлан гўзал гулшан ичра шод ҳолда кўрди. Атрофида айшу ишрат ашёлари муҳайё эди, гўё ётган маскани бир олий қаср бўлиб, бу қаср биноси машҳур мусаввир Моний суратхонасидек безатилган эмиш. Ўзи тахт узра Жамшиддек хуррам, ёнида офтоб жамолли бир гулчеҳра ҳам бор эмиш. У олиймақом подшо айшу ишрат билан машғул бўлиб, ҳар лаҳза гулчеҳра ёридан баҳра олаётган эмиш. Шу хаёллар билан у ўзини кошонада ҳис қилиб, вайрона ичида ётар эди.
Вайронада ниши устида ажал заҳрини сақлагувчи бир чаён бор эди. У вайронани айланиш учун чиқиб, нишини ҳар томонга санчган ҳолда у ёқ-бу ёққа юрар эди.
Хомхаёл қаландар алаҳсираган ҳолда хаёлий гулчеҳрасининг лабидан бўса олаётиб эди, шу пайт лабига чаённинг найзаси санчилди.
Қаландар беқарор ҳолда чинқирганча ўрнидан турди, изтироб ва алам ичра қараса, ёнида на гулшан, на қасру тахт ва на хушбахт соҳибжамол бор эди. Шу тарзда унинг беҳуда хаёллари барҳам топди, бироқ у лабидан ажал нишини еган эди. Қилган барча ишлари хато эканлигини англади, аммо бу пушаймонлик унга фойда келтирмади.
Сен ҳам ўшанга ўхшаш аҳволга тушгансан, миянгни бўлмағур хаёллар чулғаб олган. Аммо бир кун ажал нишжни еб, сесканганингча ғафлат уйқусидан уйғонасан. Бироқ у пайт қанча зору фиғон кўтарма, қилча наф етмайди. Ўшанда ўзингнинг кимдан йироқ тушганингни яхши англайсан, лекин жонингда айрилиқ доғи муҳрланиб қолади.

Алишер Навоийнинг “Лисонут-тайр” асаридан.