Ошиқ бўлган шогирд

Арастунинг бир шогирди бўлиб, устозининг ҳар бир дарсида ҳозир бўлар эди. Донишманд файласуф унга алоҳида эҳтиром кўрсатиб, барча шогирдларидан ортиқ ҳурматлар эди. Ёшлик чоғидан ёнида улғайтириб, унга ўзида бор махфий илмларни ўргатган эди. У олимнинг тўрт юз йирик донишманди орасида барчасидан ортиқ болиб, фақат Арастудан кам эди.
Донишманд ўзича мазкур шогирдини келажакда Искандарга яқин мулозим этишни хаёл қижарди. Ўзим бир ёққа кетсам, у лскандар ҳузурида фарзандим каби ўрнимни босади, деб ўйларди. Хуллас, бу шогирд ҳикмат бобида юксакликка эришиб, ҳатто йиғинларда Афлотун билан ҳам баҳслашадиган даражага етди.
Кунлардан бир куни у кўчадан ўтиб кетаётган эди, ногаҳон бировнинг ишқи унинг кўнгли томон йўл топди. Кофирлар ибодатхонасидан чиққан бу гўзал ой юзли ва кумушбадан, тошюрак кофирлар каби золим болиб, ноз билан юз динни талон-торож этувчи ва ҳикмат аҳлини зору шайдо қилгудек ниҳоятда чиройли қиз эди.
Файласуф шогирд унинг домига гирифтор бўлганидан сўнг, кўнгли унга ошиқи зор бўлди. Васлига етишмоққа бел боғлаб, орага кишилар қўйди. Ва ниҳоят, кўп молу маблағ сарфлаб, у дилрабони ўзига мойил қилди ҳамда ўз никоҳига олди. Бу бут (қиз) васли қўлига киргач, худди кофирлар каби бутпараст бўлди, яъни у гўзал қиз олдидан нари кетмади. Кечаю кундуз кўзини ундан олмасдан, унга мафтун бўлиб, китобга қарамай қўйди. У гўзал маҳвашга шу қадар мубтало бўлдики, ҳаттоки устозидан сабоқ олишни ҳам эсидан чиқарди.
Устоз унинг бу ҳолга тушганини кўриб, насиҳат йўли билан чорасини топмоқ истади. Кўп панд-насиҳатлар қилди, аммо бу насиҳатлар балонинг олдини олишда ёрдам бермади. Устоз қараса, илму ҳикматлари зоеъ бўлиб, неча йиллик чеккан заҳматлари бекор кетмоқда. Беназир файласуф ҳар қанча ўйлаб кўрмасин, бу дардни даволашнинг иложини топа олмади. Охири махфий чора қўллаб, у гўзалга кучли бир дори берди. Гўзал дорини ичгач, оҳу фиғон тортганча йиқилди, аҳволи вақт ўтган сайин тобора ёмонлаша бошлади.
Йигит уни тузатиш учун турли чоралар қўллаб кўрди, аммо улар ҳеч бир фойда бермади, санам касалликдан тузалмади. Бу мушкилотга мубтало бўлган йигит чора топмоққа ожиз қолгач, устози ҳузурига ғамгин бир ҳолда кириб борди. У бошини маломат билан қуйи солганча, кўп ҳижолат чекиб, ўз ҳолини баён қилди. Устоз шогирдининг бу хил эҳтиёжмандлигини кўриб, даволаш учун бемор қошига келди. У шогирдига деди:
.— Тур, сен бугун хизматга бор. Искандарга қуллигингни бажо келтир. Мен беморингни даволаб, париваш ёрингни, тузатаман.
Шогирд устоз сўзларини қабул қилиб, йўлга равона бўлди.
Устоз касални даволашга киришди. У меъдани тозалайдиган беҳад кучли бир дори тайёрлаб, касалга берди. Хаста бу дорини ичди. Устод ўз маҳрамларига, касалнинг ҳолидан воқиф бўҳб, тоғора ушлаб, эшик тагида туринглар; у нимаики қайт қилса, тўкиб юбормасдан, бир хумчада асранглар, деб буюрди. У шу сўзларни айтиб, ташқарига чиққани замон дори ўз кучини кўрсатди. Қиз ичидан касаллик келтириб чиқарган балғамларни суриб чиқарди. Қиз узлуксиз қайт қила бошлади. Бу пайтда устоз ташқарида эди. Хастанинг на бир мадори, на жисмида бир қатра қони қолди. Ундаги балғам, сафро, савдо ва қон даф бўлгач, суманбар мажолсиз бир ҳолга тушди.
Кечқурун йигит уйига қайтди. Донишманд унга: “Кириб, ёрингга боқ!”- деди. Шогирд уйга кириб, ўзининг аввалги шўх ва дилкаш ёрини кўрмоқ истади. Аммо қараса, маҳбубаси ўрнида буришиб кетган бир нохуш жисм ётибди. Йигит уни таний олмай: “Менинг ёрим қани? Сарв бўйли лоларухсорим қани? – деб сўради. Ҳамма нарсани чуқур билувчи донишманд олим буни эшитиб: “Мен берган идишни келтиринглар, нозанинни ошиқига еткаринглар”,- деди. Бу сўзни эшитганлар идишни олиб келдилар. Унинг ичи турли ахлат, макруҳ қусиқлар билан тўла бўлиб, сассиқ ҳид бурқсиб турарди. Шунда устоз шогирдига қараб:
– Ма, ол, сенинг паризодинг шудир! Гул юзли сарвиқоматинг ҳам шу! Сен мубтало бўлган шундан бўлак нарса эмас, сен шунга ошиқ ва мафтун бўлган эдинг,— деди.
Бу сўзларни эшитган йигит устоди олдида ҳижолатда қолди. Устоз уни бу қийин аҳволда кўриб, шундай деди:
– Эй фарзанд, эҳтиёж туфайли унга эмас, аслида сенга илож топдим. Сен яна ошиқсану у маҳбубангдир, у яна сени шайдо айлаган ёринг бўлиб қолади. Аммо бу хил ошиқлик, эй тушкунликка учраган киши, пок ишқ аҳли олдида уятлидир!

Алишер Навоийнинг “Лисонут-тайр” асаридан.