Ҳасад

Айтишларича, Искандар Румий замонида бир жонивор пайдо бўлди, унга ким рўпара келса дарҳол ҳалок бўларди. Искандар донишмандлари бу балони даф қилиш учун ҳар қанча уринсалар ҳам, ҳеч нарса қила олмадилар.
Ниҳоят, бу балони даф қилиш чорасини Арасту ҳаким топди. Унинг буйруғи билан жуда ҳам катта ойна тайёрладилар, у ойна орқасида бир-икки кишининг бекиниб ўтириши мумкин эди. Ўша ойна сиғарлик жуда катта арава тайёрлаб, уни аравага кўтариб қўйдилар. Арасту ойна орқасида бекиниб ўтирди. Аравани у жонивор турадиган жойга яқинроқ ерга келтириб қўйдилар.
Жонивор одам исини олиб, арава томонига қараб кела бошлади. Аравага яқин келган эди, кўзи ойнага тушди, ойнада ўз суратини кўриб, дарров йиқилиб ўлди. Искандар бу ишдан жуда таажжубланиб Арастудан бунинг ҳикматини сўради. Арасту шундай баён қилди:
— Эй Искандар, бу жонивор ер остида неча йил ётган бадбўй буғлардан вужудга келганди, унинг кўзида заҳари қотил бор эди, кимга кўзи тушса, у киши дарров ўларди. Мен олдига ойна олиб бордим, унинг акси ойнада пайдо бўлди, назари унга тушди. У назар бу акс воситаси билан ўзига қайтди ва ўз назарининг асари ўзига уриб ҳалок бўлди,
Искандар Арастуга таҳсин ўқиди. Ҳасадининг ёмонлиги ўзига қайтади. Ўт куйдириш учун бирор нарса топмаса, ўзини ўзи куйдиради.