Касалдан турган бемор ўзини шифокор ҳисоблайди.
* * *
Бир донодан бир доно етишгунича, юз нодондан минг нодон урчиб улгуради.
* * *
Ҳозирги замон қарғалари пишлоқни еб бўлгачгина тулки билан гаплашади.
* * *
Кўп нарсани билсанг қариб қоласан, дейишади, йўқ, кўп нарсага ақли етган одам қариб улгурмайди…
* * *
Дарёлар, океанлар, осмонўпар тоғлар на номини билади, на ўзига битилган мақтовларни тушунади — лекин яшайверади, камайиб қолмайди.
* * *
Тор хонада ўтирсанг ҳам дунёқарашинг кенг бўлиши мумкин.
* * *
Ўткир мулоҳазаларни миянгдан авайлаб чиқариб олмасанг, бошингга шикаст етказиши мумкин.
* * *
Ҳар нафас бир ҳикмат.
* * *
Йилнинг янгилангани яхши, одам эскилигича қолгани чатоқ.
* * *
Айрим кимсаларнинг қўлини ечиб юборсанг, сеникини боғлашга тушади.
* * *
Одам ўзини нодонроқ кўрсатиш учун ҳам ақл керак.
* * *
Оромкурси ҳам шимни тешади.
* * *
Жумласини ўқисанг тилинг чигаллашиб кетади.
* * *
Балиқ терлаб кетди.
* * *
Вайсақининг тили жиққа терга ботди.
* * *
Ўрдак — ғознинг паканаси.
* * *
Йўлда роман ўқиб юрма, ҳаётга туртиниб кетасан.
* * *
Вужуд ва руҳ ўртасидаги уйғунлик муҳаббатли эркак ва аёл муносабатларига ўхшайди.
* * *
Ақлли иш қилиш учун ақлнинг ўзи ожизлик қилади.
* * *
Комедия йўқлигининг ўзи комедия.
* * *
Инсон яралганидан илгари тўтиқушлар қайси тилда гапирган?..
* * *
Янги одамлар билан эски йўлдан юргунча, эски одамлар билан янги йўлдан юриш афзалроқ.
* * *
Ночорлик ҳалолликнинг дўсти.
* * *
Катта гаплар айтиш учун катта хоналарда ўтириш керак.
* * *
Фикринг қанчалик ўткир бўлса, тилингни шунчалик ёмон кесади.
* * *
Тўппа-тўғри йўлдан ҳам турли йўналиш топадилар.
* * *
Ҳаётий тажрибанг ортгани сайин жуда оз нарсани билишингни англайверасан.
* * *
Елкамга қоқиб қўйишди деб бошим осмонга етган эди, билсам — чангимни қоқишган экан.
* * *
Ғарқ бўлаётган одамга қутқарув камерасини ирғитиб, унинг калласини пўла қилишди.
* * *
Суҳбатдошинг вайсақи бўлса қулоқ бериб, унинг касалини зўриқтирма.
* * *
Ёмғир тинди, осмонда камалак товланди, ҳўкиз кавш қайтариб ётаверди.
* * *
Маъқул кўрган китобингни дуч келган одамга айтаверма — кимлигингни билдириб қўясан.
* * *
Саҳнадан тушмай ўйналаётган майнавозчиликни комедия деб аташганидан кулгинг қистайди.
* * *
Ажралишни расмийлаштиргунча анча вақт тинч-тотув яшашди.
* * *
Ҳаддан ташқари севиш қўлингга қанот, оёғингга ҳалқа боғлайди.
* * *
Виждон одамни кўп ҳолларда танг аҳволга солади, виждонсизлик эса энг танг ҳолатларда ҳам халос этади.
* * *
Қалби кўрнинг кўзи очиқлигига ишониш қийин. Қалби сўқирнинг очиқ кўзи тўғри йўлга бошламайди.
* * *
Об-ҳаво — табиатнинг самимий дил изҳори.
* * *
Эрталабки туманда қуёш аранг кўринаётган эди, беш ёшли Жамшид, «Қаранг, ада, қуёш тухумнинг сариғига ўхшайди» деди.
* * *
Қари дарахтнинг меваси майдалашиб кетади. Одам қаригани сайин майда гап бўла боради.
* * *
Кўзи ожизни етаклаб олган одам ён-атрофга ундан кўра кўпроқ хавотирда аланглайди.
* * *
Бўғзигача асалга ботирилган қошиққа азоб!..
* * *
Ҳидсиз гул — соқов.
* * *
Ота-бобонгиздан қолган тошойнага разм солинг — улар сизга қараб турган бўлишади.
* * *
Табиат адолатсизлик қилмайди, адолатсизлик табиатнинг табиатини тушунмасликдан келиб чиқади.
* * *
Нега қулоғимиз иккита, оғзимиз битта? Оз гапириб, кўпроқ тинглаш учун.
* * *
Яхшиямки ароқ шишасининг бўғзи тор…
* * *
Супурги кексайгани сайин қаттиқроқ ва тирнаб супиради…
* * *
Қармоққа илинмаган балиқ илинганидан каттароқ туюлади.
* * *
Олимнинг сиёҳи ёвузнинг қонидан қадрли.
* * *
Танқидий мулоҳаза айтиш учун бор жасоратингизни сарфлаб қўйманг, чунки танқид эшитиш учун ҳам жасорат керак бўлади.
* * *
Ёйни ихтиро қилган шўрликни ёғочни букишда айблаб сазойи қилишган.
* * *
Билимсизликдан фақат билимлилар азият чекадилар.
* * *
Кўз мошдай очилганда хижолатдан кўзинг юмилиб кетади.
* * *
Ўз фикрида қатъий қолиш — фикри билан ёлғиз қолиш демакдир.
* * *
Ўзининг фикри бўлмаган одам ўзга фикрлар ичида кун кечиради.
* * *
Бошқаларнинг фикри, таклифи дўкон растасида турган буюмдай нарса: уни тош-тарозига қўй, нарх-навосини суриштир — чоғинг келса оласан, йўқса — йўқ.
* * *
Пул танқислигида ақл ишга тушади.
* * *
Тасодифий омад ҳам бойга кулиб боқади.
* * *
Чарчаш ҳам гуноҳ.
* * *
Яхши одам бўлгунча, керак одам бўл.
* * *
Байроқ — бойроқларда.
* * *
Қонунни яхши билган одамнинг дўсти — қонун.
* * *
Ваҳшийлар орасида юввошлари ҳам бор.
* * *
Камбағалнинг бойлиги — сабр.
* * *
Ақлли бўлгунча, омадли бўл.
* * *
Журналистнинг тили узун, қўли қисқа.
* * *
Ақлли одамни алдаш осон.
* * *
Олим, бўлсанг — алам сеники.