Ромен Роллан ҳикматларидан

Агар биргина сўз билан одамни бахтиёр қилиш мумкин бўлса, бу сўзни айтмаслик учун қанчалар разил бўлиш керак!

* * *

Виждон – эътиқоднинг ҳиссий қоровулидир.

* * *

Асов танасини бўйсундира олган иродадан кўра ҳавасни келтирадиган нарса йўқ.

* * *

Дўстлар орасидаги тушунмовчилик улар орасига учинчи одам тушмагунича у қадар кучли бўлмайди.

* * *

Адолатсизликнинг охири йўқ: бирини тўғрилаб, бошқасига имкон туғдиришинг мумкин.

* * *

Ёлғон қарши қаратилган одамдан олдин унинг эгасини ҳалок қилади.

* * *

Кечириш жазолашдан кўра кўпроқ жасорат талаб этади.

* * *

Иккиюзламачи – ҳамиша қул.

* * *

Кун вайрон қилганни тиклаш учун аср керак.

* * *

Ҳақиқий мағлубият, ўнгланмайдиган ягона мағлубиятни – душмандан эмас, ўзингдан топасан.

* * *

Ҳар бир жасоратли, ҳар бир адолатли шахс Ватанга шон-шараф олиб келади.

* * *

Соғлом бўлишни истаган одам биринчи галда ён-атрофидаги ҳавони тозалаши керак.

* * *

Ҳасадгўйлар – ўта юраксиз кишилардир. Оёғини босиб олганингизда ҳам юзингизга кулиб қараб тураверишади.

* * *

Инсоннинг энг биринчи бурчи аслидагидай бўлиши, “бу – яхши, бу – ёмон” деган гапни мардона айта олишидир.

* * *

Санъат ўз даври интилишларига ҳамоҳанг бўлади.

* * *

Қаҳрамон имкони бор ишни бажаради, бошқалар эса – йўқ.

* * *

Ҳаётга муҳаббат ўлим қўрқувидан айро эмас.

* * *

Санъатнинг биринчи қонуни: агар айтадиган гапинг бўлмаса, сукут қил; айтадиган гапинг бўлса, ёлғон аралаштирмай гапир.

* * *

Саломатлик ҳам касаллик каби юқумлидир.

* * *

Шеърият – қофиядош сўзларнинг шақир-шуқури билан эмас, кенг миқёсни эгаллайдиган, инсон кўзидан кўра чуқурроқ ва узоқроқни кўра оладиган руҳияти билан шеъриятдир.

* * *

Фикрни ўлдирадиганлар уч карра қотилдир.

Ориф Толиб таржимаси

«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 1-сон