Гюстав Флобер ҳикматларидан

* * *

Ёзувчининг бутун истеъдоди охир-оқибат сўз танлаши билан ўлчанади.

* * *

Драматик санъат мусиқага ўтган геомет­риядир.

* * *

Аёллар эркакларни буюк ишларга илҳомлантирадилар, бироқ уларни амалга оширгани вақт қолдирмайдилар.

* * *

Китоб – тирик жон. Бегона қўл билан қилинган ҳар қандай жарроҳлик амалиёти, ҳар қандай ўзгариш уни майибга айлантиради. Балки у яхшиланар, лекин барибир илгариги китоб бўлмайди!

* * *

Агар режа жуда узоқ вақт ва синчиклаб тузиладиган бўлса, у охир-оқибат йўқ бўлади.

* * *

Умидсизланганингда ҳамиша умид қилишинг, умидланганингда эса шубҳаланишинг керак.

* * *

Виждонни тоза сақлаш учун уни бошқаларнинг виждонидан баланд тутиш керак.

* * *

Агар истеъдодингни қадрласанг, оммани мафтун этадиган воситалар кетидан чопмайсан.

* * *

Англаш иштиёқи – ёруғ қалблар учун буюк қувончлар манбаидир.

* * *

Статистика – ноаниқ фанларнинг энг аниғидир.

* * *

Хотиржам бўлиш – ҳазилакам гап эмас, бу – деярли бахтли бўлиш демакдир.

* * *

Баҳслашиш тушунишдан кўра осонроқ.

* * *

Омадсизликка учраган ерингда бир аҳмоқнинг муваффақият қозонаётганини кўришдан кўра оғирроқ камситиш йўқ.

* * *

Ёлғизликни хотиралар билан тўлдириб бўлмайди, улар танҳоликни чуқурлаштиради, холос.

* * *

Яхши ёзилган асар ҳеч қачон зериктирмайди. Услуб – ҳаётнинг ўзи, у фикрларнинг югурик қонидир.

* * *

Ёзувчи салоҳиятининг бош белгиси – нимани ёзмасликни билишидир.

* * *

Муҳаббат бахт бериши керак. Бахт йўқми, демак, адашибсан.

* * *

Фикрнинг аниқлиги ифоданинг аниқлигига замин яратади.

* * *

Мавзу танланмайди. Шоҳ асарнинг сири шунда: мавзу – ёзувчининг мижози ифодасидир.

Рус тилидан Ориф Толиб таржимаси

«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 12-сон