Фридрих Шиллер ҳикматларидан

Буюк қалблар изтиробларини сукут билан ўтказадилар.

* * *
Зулмни муросасиз ёмон кўрадиган кишигина эзгуликни чексиз севиши мумкин.

* * *
Ишни тезроқ тугаллаш ҳаракатида бўл.

* * *
Ирода инсон боласининг ўзига хос сифатидир, ақл эса иродани бошқариш учун ўзгармас қоидадир.

* * *
Ўз топқирлигидан завқланиб кулган кишининг аскияси кучини йўқотади.

* * *
Ишонган одам бошқаларни ҳам осон ишонтиради.

* * *
Шеърий асар ўзини ўзи ҳимоялаши керак. Ҳаракат гапирмайдиган жойда сўз фойда бериши даргумон.

* * *
Ишни ярим йўлда ташлаб, четга чиқиб оладиган ва энди бу ёғи нима бўлар экан, деб оғзини очиб қараб турадиган одам ҳақиқий аҳмоқдир.

* * *
Расмга маҳлиё бўлиб, уни чизган кишини бутунлай унутиб қўйганимиз, аслида, рассомга энг катта мақтовдир.

* * *
Ўзини бошқара оладиган одамгина эркиндир.

* * *
Ҳар қандай ғалабадан устун нарса кечиримдир.

* * *
Яхши актёрлар учун ёмон рол йўқ.

* * *
Мардоналик инстинктга қарши кураш ифодасидир.

* * *
Номус ҳаётдан азизроқ.

* * *
Тўғрилик ҳар қандай унвонни безайди.

* * *
Йўқотилган дақиқани ҳатто абадият ҳам қайтара олмайди.

* * *
Одам мақсадлари каттаргани сари улғайиб боради.

* * *
Миннатдорлик энг тез унутиладиган нарсадир.

* * *
Ота-оналар ўзларининг нуқсонларини болаларида кўрганларида кўпроқ жаҳлланадилар.

* * *
Табиатга қарши бўлган нарса ҳеч қачон яхшиликка олиб бормайди.

* * *
Ярамас ишларнинг охири вой: улар янги-янги қабиҳлик­ларни келтириб чиқаради.

* * *
Фақат қатъиятгина мақсадга элтади.

Ориф Толиб таржимаси

«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 4-сон