Хуршид Дўстмуҳаммад, Маҳмуд Саъдий. ХХ асрнинг энг яхши асарлари

«Ҳуррият» газетасининг 1999 йил, 12-18 май сонида ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад ва мунаққид Маҳмуд Саъдий тайёрлаган «ХХ аср — китоб асри: муносабатлар, мулоҳазалар, фикрлар» материали чоп этилган эди. Жаҳон ва ўзбек адабиётидаги ХХ асрнинг энг яхши асарларини аниқлаш бўйича ўтказилган сўров натижалари икки саҳифада чоп этилган. Ана шу манба асосида ўзбек зиёлилари тавсия этган асарларни эълон қилишни бошлаймиз.

«Ҳуррият»нинг 1999 йилги сонида қуйидаги адиб ва олимлар фикр билдирган эдилар:

Озод Шарафиддинов (1929-2005) — адабиётшунос олим, профессор.
Салоҳиддин Мамажонов (1931-2005) — адабиётшунос олим, академик.
Муроджон Мансуров (1941-2014) — ёзувчи.
Омон Мухтор (1941-2013) — шоир ва ёзувчи.
Ҳожиакбар Шайхов (1945-2002) — фантаст ёзувчи ва публицист.
Иброҳим Ғафуров — мунаққид, таржимон ва ёзувчи.
Наим Каримов — адабиётшунос олим.
Нўъмон Раҳимжонов — адабиётшунос олим.
Умарали Норматов — адабиётшунос олим.
Тоҳир Малик — ёзувчи.
Норбой Худойберганов — мунаққид.
Сувон Мели — адабиётшунос олим.
Аҳмад Отабоев — мунаққид ва таржимон.
Абдулла Улуғов — мунаққид.
Қозоқбой Йўлдошев — адабиётшунос олим.
Раҳмон Қўчқор — адабиётшунос олим.
Азиз Саид — шоир.
Иброҳим Ҳаққул — адабиётшунос олим.
Муртазо Қаршибоев — мунаққид.

ЯНГИ МИНГ ЙИЛЛИК БЎСАҒАСИДА

Хуршид Дўстмуҳаммад: Асрда асрга, мингйилликдан мингйилликка ўтаётирмиз. Кўп нарсаларни сарҳисоб қилгимиз келади бундай пайтда. Кўпчиликнинг назарида оммабоп воситалардан бири бадиий адабиётдир. Халқнинг бадиий адабиёт ҳақида ўз тасаввурлари, ўз мезонлари бор. Ҳар бир одам бадиий асарга ўз савиясидан, дунёқарашидан келиб чиқиб баҳо беради. Шу нуқтаи назардан, тажриба тариқасида, бир сўров ўтказиш нияти туғилганди. Мана, бир қанча устоз адибларнинг, бошқа қаламкашларнинг жавоблари қўлимизда. Газетхонларимизга равшан бўлиши учун уларга берган икки саволимизни эслатиб ўтсак:

1. ХХ аср жаҳон адабиётининг 10 энг яхши асари деб қайси асарларни тилга оласиз?

2. ХХ аср ўзбек адабиётидаги энг яхши 10 асарни тилга олинг.

Маҳмуд Саъдий: Шу саволларнинг берилиши кўп қаламкашлар учун кутилмаган ҳол бўлди. Баъзиларнинг саволларга жавоб бергиси ҳам келмади.

Хуршид Дўстмуҳаммад: Бу табиий, бундай сўров ҳалигача ўтказилмаган. Иккинчидан, бизда социологик тадқиқотларга эътибор кам. Қолаверса, озгина ўзбекчилигимиз бор. Ўзингиз гувоҳ бўлдингиз, фалончилар қолиб кетяпти сингари андишаларга ҳам боришди айрим қаламкашларимиз. Бироқ барибир, бу ишнинг зарур, керакли эканини эътироф этдилар.

Маҳмуд Саъдий: Бу сўровимиз, менинг назаримда замонавий адабиётнинг 100 йиллик ўзига хос сарҳисоби бўлди. Албатта, жавоблар субъектив, лекин субъектив фикрлардан объектив умумлашма хулоса келиб чиқади. Бу ўринда яна бир нарсани таъкидлаш лозим бўлади. Агар биз сўровимизда фақат ХХ аср ўзбек адабиёти ёки, аксинча, фақат ХХ аср жаҳон адабиёти билан чекланиб қолганимизда тўғри бўлмас эди. Негаки, биз мустақиллик даврида дунё ҳамжамиятига тобора кенгроқ қўшилиб бормоқдамиз. Бинобарин, адабиётимиз ҳам дунё адабиётида кечаётган жараёнлардан четда ривожланолмайди.

Хуршид Дўстмуҳаммад: Ҳар бир халқнинг бадиий адабиёти, аввало, ўша миллатнинг маънавий мулкидир. Шу билан бирга, қайси халқники, қайси миллатники бўлишидан қатъи назар ҳар бир асар ким қадрига етса — ўшаники! Мисол учун, Озод Шарафиддинов “Тинч Дон”ни ўзига ёққан асарлар сирасига киритган экан, бу асар ўзбек Озод Шарафиддиновники. Энг яхши бадиий асар дейилганда адибларимиз муайян асарнинг бадиий баркамоллигидан, унинг таъсиридан, айни шу кунлардаги аҳамиятидан, айни шу кунимизга қай даражада хизмат қилаётганидан келиб чиқиб фикр юритганлар.

Бир қанча жавоб берувчилар ўзларига ёққан асарлар ўнтадан ошиб кетаётганини айтдилар (ўзбек адабиётидан ҳам, жаҳон адабиётидан ҳам). Буни ҳам тўғри тушуниш керак. Ахир биз ҳам ўн асар доирасига сиғмаган, лекин сара ўнликдан жой олишга даъвогар бадиий асарларнинг бадиий етуклигини шубҳа остига олмоқчи эмасмиз. Бу ерда тилга олинмаган яхши асарлар адабиётимизда кўп. Бунга ҳар бир ўқувчининг ўз жавоби бор, деб ишонамиз. Бироқ бир мулоҳазани ўртага ташлашга мажбурмиз. “ХХ аср жаҳон адабиётининг 10 энг етук асари қайсилар?” деган савол ер юзининг исталган мамлакатида берилса, ХХ аср ўзбек адабиётидан бирор асар шу ўнликка киролармикан?

Маҳмуд Саъдий: Эҳтимол кириши мумкиндир. Бунинг учун адабиётимизнинг энг яхши намуналарини дунёда танитиш ҳам керак бўлар…

Хуршид Дўстмуҳаммад: Хўш, у ҳолда нега шунча жавоб берувчидан биронтаси ўзбек адабиётининг бирор бир асарини ХХ аср жаҳон адабиётининг баркамол намуналари қаторига киритмади? Ҳатто бир қанча қаламкашлар сўровнинг ўзбек адабиётига доир қисмига жавоб беришга мойиллик кўрсатмадилар. Бундан улар адабиётни севмайдилар, деган маъно чиқмайди, албатта. Улар адабиётни яхши кўрганларидан, бадиий сўзни юксак қадрлаганларидан муаммога бадииятнинг юксак мезонлари билан ёндашдилар. Дунёнинг илғор мамлакатларида бу одатий ҳолдир. Шу ўринда бир мисол келтирай. Швецияда “Аср одами ким?” деган мавзуда жамоатчилик сўрови ўтказилганда болалар адибаси Астрид Линдгрен шу асрнинг энг буюк одами сифатида мамлакат халқи томонидан эътироф этилибди.

Маҳмуд Саъдий: Энди бир масала бор. Хўш, масалан, менга ХХ аср ўзбек адабиётидаги энг яхши асарлар сирасига қайси асарларни, албатта, киритган бўлардингиз, деб савол берилса, шундай дердим: сўровда келтирилган айрим асарлар билан бирга, мен Зулфиянинг “Қатра” шеъри ва “Хотирам синиқлари” достонини, Асқад Мухторнинг “Чодирхаёл”, Алишер Ибодиновнинг “Қуёш ҳам олов”, Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Дашту далаларда”, Назар Эшонқулнинг “Озод қушлар” ҳикояларини тилга олардим. Сиз-чи?

Хуршид Дўстмуҳаммад: Мен саволни “Қайси асарлар ўзбек адабиётида бурилиш ясади” деб ўзгартирар ва қуйидаги рўйхатни келтирар эдим:

Одил Ёқубов. “Муқаддас”, “Улуғбек хазинаси”.
Ўткир Ҳошимов. “Баҳор қайтмайди”, “Урушнинг сўнгги қурбони”.
Мурод Муҳаммад Дўст. “Галатепага қайтиш”, “Дашту далаларда”.
Темур Пўлатов. “Мулк”, “Тойибнинг иккинчи сафари”.
Мамадали Маҳмудов. “Боғдон қашқирлари”.
Олим Отахон. “Оқшом хаёллари”.
Назар Эшонқул. “Маймун етаклаган одам”.