Норбой Худойберганов — мунаққид.
1. ХХ аср жаҳон адабиётининг 10 энг яхши асари деб қайси асарларни тилга оласиз?
Оллоҳ бандаларидан бири сифатида ҳур туғилиб, эркин ва мустақил яшаш, ижод қилишга, аниқроғи, кўзимни очиб, ўзлигимни англашга Кафканинг «Қўрғон», «Жараён», Чингиз Айтматовнинг «Қиёмат», «Асрга татигулик кун», Маркеснинг «Бузрукнинг кузи», «Ёлғизликнинг юз йили», Михаил Булгаковнинг «Уста ва Маргарита» романлари, Солженициннинг «Иван Денисовичнинг бир куни» қиссаси, Фридрих Дюрренматтнинг «Физиклар» пьесаси каби бугун дунё сўз санъатининг машҳур асарлари (улардан анчаси ўзбекчалаштирилган) жуда салмоқли таъсир кўрсатди ва шунинг учун бир умрлик маънавий, адабий-бадиий ҳамкорларим бўлиб қолди. Ўқиганларимдан хотирамда муҳрланиб қолганларини тилга олаяпман.
XX аср бадиий адабиётида бундан олдинги даврнинг даҳолари ҳисобланган Алишер Навоий, Шекспир, Толстой, Достоевский каби ижодкорлар анъаналари уларда ижодий ўзлаштирилиб, янгича усулу услубларда, хилма-хил товланишларда ривожлантирилганини алоҳида қайд этгим келади.
2. ХХ аср ўзбек адабиётидаги энг яхши 10 асарни тилга олинг.
Жаҳон адабиётининг ҳозир тилга олинган ва олинмаган намояндаларига муайян даражада ижодий ҳамоҳанглиги билан ажралиб турадиган Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз», Қодирийнинг «Ўткан кунлар», Абдулла Қаҳҳорнинг «Ўтмишдан эртаклар», Одил Ёқубовнинг «Диёнат», Омон Мухторнинг «Ф-фу», «Аёллар мамлакати ва салтанати» асарларини, шунингдек, Назар Эшонқулнинг бир қанча ҳикояларини, Шодиқул Ҳамронинг «Қора кун» қиссасини, айни чоғда Абдулла Ориповнинг «Тилла балиқча», «Оломонга», «Юзма-юз», Рауф Парфининг «Туркистонни кимлар севмайдир», Абдували Қутбиддиннинг «Хаёл кечаси», Баҳром Рўзимуҳаммаднинг «Давсаман» тўпламларини қадрлайман.
Албатта, жаҳон ва ўзимизнинг миллий адабиётимизда менга баҳра берадиган асарлар фақат шулардангина иборат эмас. Саволда ўн асар рўйхати берилсин, дейилгани учун анчаси бу ерда тилга олинмади.
Манба: «Ҳуррият» газетаси, 1999 йил, 12-18 май сони.