Яхши ёзувчи бўлиш учун, аввало, яхши ўқувчи бўлиш керак, деб таълим берарди улуғ устозлардан бири талабалик чоғларимиз. Яхши ёзувчилик мақомига эришишга орзуманд биз мурғак қаламкашлар бир куни юрак ютиб сўрадик: яхши ўқувчи бўлиш учун нима қилмоқ керак? Устоз жавоб берди: мутолаага диққат-эътиборни жамлаб, мулоҳаза-мушоҳада билан киришинг, қўлингиздаги асарнинг энг нозик жиҳатларини илғашга ҳаракат қилинг.
Муҳтарам устознинг панд-насиҳатларини кўнгилга тугдик ва шу баробарида яхши мутолаа учун яхши асарлар ҳам зарурлигини англадик. Диққат-эътиборимизни оҳанрабодай ўзига тортадиган, мулоҳаза-мушоҳадага чорлайдиган, нозик жиҳатлари кўнгилларни завқу шавққа чулғайдиган китобларгина бизни яхши ўқувчиларга айлантира олишини билдик. Бироқ худди шундай сифатларга эга асарни қандай аниқлаймиз? Бу, менимча, ҳар бир ўқувчининг ўзига, дидига, савиясига ҳавола. Биз, масалан, бир-икки кўйлак олдин йиртган ўқувчи сифатида ёшларга ўзимизда чуқур таассурот қолдирган, тўлқинлантирган, ҳаяжонга солган асарларни тавсия қилишимиз мумкин, холос. Фурсатдан фойдаланиб мен ҳам азиз журналхонларга, жумладан, бадиий ижодга иштиёқманд ёшларимизга бир неча жажжи асарларни мисол тариқасида, нисбий тарзда тавсия этишни лозим топдим.
Жек Лондон. Оқ сукунат (ҳикоя)
Оппоқ қорга бурканган совуқ ўлка. Қуюқ-қалин ўрмон. Осмонўпар қарағайзорлар. Мангу музликларга бурканган тоғлар, қоялар… Машҳур адиб Жек Лондоннинг олтин қидирувчилар ҳаётидан ҳикоя қилувчи деярли барча асарларида воқеалар худди шундай улуғвор табиат қўйнида кечади. Жек Лондоннинг қаҳрамонлари қимматбаҳо маъданлар излаб ўз ҳаётларини хавф-хатарга қўйишади, лекин аслида олтин-кумушлардан ҳам ноёброқ маънавий хазина топишади ёхуд йўқотишади. “Оқ сукунат” ҳам айни шундай асарлар туркумига киради. Бу ҳикояни инсон иродасига, дўстлик, садоқат каби олий инсоний туйғуларга қўйилган юксак ҳайкал деб аташимиз мумкин. Бу ҳайкал ўша қорли тоғлар, қалин ўрмонлар оша яққол кўриниб, ўқувчиларни ҳамиша тўлқинлантириб келади.
Габриэл Гарсиа Маркес. Атиргулнинг тикони (ҳикоя)
Бу муҳаббат ҳақидаги гўзал ва маҳзун асар. Унда бутун ҳаёти ҳашамга, фаровонликка бурканган соҳибжамол Нэна Даконте ва Билли Санчеснинг севги кечинмалари тасвирлаб берилган. Маркес деярли ҳар бир асарини сермазмун, серишора, қайсидир маънода муаллиф бадиий ғоясини ўзида мужассам этган сатрлар билан бошловчи адиблар сирасига киради. “Атиргулнинг тикони”да ҳам шундай аломатни кузатамиз: “Кечга яқин чегарага яқинлашганларида Нэна Даконте никоҳ узуги тақилган бармоғидан ҳамон қон томчилаётганини кўрди”. Асар персонажлари қизнинг кўнглидан кечаётган пок муҳаббат ҳисларидан эмас, уни ўраб турган бойлик, ҳокимият, дабдабали турмушдан кўпроқ ҳайратланишади. Нэна эса севги шаробидан маст. Қўлидаги жароҳатни ҳам кейин пайқайди. Ҳикоя фожиавий якун топса-да, ўқувчи кўнглига ёруғ бир туйғу кириб келади. Инсон умрининг баҳоси ҳашам, дабдаба ичида ўтганлиги билан эмас, бир лаҳза бўлса-да, покиза муҳаббат оғушида кечганлиги билан ўлчанишига яна бир карра амин бўлади. “Атиргулнинг тикони”ни ўқиш жараёнида буюк адибга хос теран ифодадан завқланамиз.
Хуршид Дўстмуҳаммад. Маҳсуна (ҳикоя)
Аслида бизни адабиёт ўраб олган. Ҳар бир манзарада, ҳар бир чеҳрада катта асарларга татигулик маъно-мазмун яширин. Фақатгина уларни чинакам ёзувчига хос нигоҳ билан кўриб, қоғозда ифодалаб беришимиз керак, холос. Атоқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад худди шундай кузатувчан, сермушоҳада ижодкор. У кишига хос бундай инжа хислатлар “Маҳсуна”да ҳам якқол кўринади. Ҳикоя қаҳрамони эндигина турмушга чиққан, гўзал ва ҳаёли бир келинчак. У ҳамма нарсани табиий қабул қилади. Чунки туйғуларига, орзу-умидларига ғубор қўнмаган. Бироқ эри жувоннинг кечинмаларига, нафис ҳисларига бироз бепарво. Уни ўзи билан ҳар хил зиёфатларга, кечки йиғинларга олиб бора бошлайди. Табиийки, бундай давраларда ичкиликбозлик, беҳаё гап-сўзлар, имо-ишоралар авжга чиқади. Маҳсуна бот-бот ташкил этиладиган худди шундай гаштаклар таъсирига аста-секин туша бошлайди. Аввалига бегона эркакнинг шунчаки кўз ташлаб қўйишидан ўзини қўярга жой тополмай қоладиган келинчак кейинчалик аллақандай семиз лошларнинг ўзига яқинлашиб, қулоғига сирли пичирлашларига ҳам кўника бошлайди. Ҳикоя якунига боравериб Маҳсунанинг бегона эркак билан хуфёна учрашишга ҳам руҳан тайёрлигини англаймиз. Кўнгилларда беихтиёр хавотир, афсус уйғонади. Энг аҳамиятли жиҳати шундаки, Хуршид Дўстмуҳаммад жувоннинг қалбида, хаёлотида, руҳиятида аста-секин содир бўлаётган фожиавий ўзгаришларни ғоят моҳирлик ва санъаткорлик билан очиб берган. Ёзувчи ўз қаҳрамонининг ҳар бир хатти-ҳаракатини, кечинмаларини чинакам руҳшуносларга хос тарзда таҳлил этади, бу борада нозик бадиий унсурлардан унумли фойдаланади. Айниқса, “Маҳсуна”нинг сўнгги сатрлари сирли, тилсимли манзара билан якунланиши ҳам ўқувчи эътиборини тортади. Жувонга бир пайтлар ўлиб кетган онасининг қўнғироқ қилиши бизнинг бадиий дунёмизга, тафаккуримизга ўзига хос туртки беради. Мулоҳаза-мушоҳадага ундайди. Ҳикоядаги табиийлик, бадиий жилвалар таъсиридан ҳатто марҳумлар ҳам қўнғироқ қилишига беихтиёр ишониб қоламиз. Аслида ҳикоядаги бу детал чуқур рамзий-тимсолий мазмунга эга. Ўша келинчакнинг қалтис қадамидан ор-номусни ҳамиша ҳар недан юксак қўйган аждодлар ҳам безовта эканлигига гўзал ишора этилган. Хуршид Дўстмуҳамаднинг “Маҳсуна” ҳикоясини ўзбек замонавий адабиётининг дурдоналаридан деб бемалол айтишим мумкин.
Стэн Барстоу. Қайдасан, Томми Флин? (ҳикоя)
Англиялик атоқли адиб Стэн Барстоу ХХ асрнинг 50-60-йилларида адабиёт оламида ўз асарлари билан адабий жамоатчилик эътиборини тортган эди. Ёзувчи асарларининг воқеалари Йоркшир деб аталмиш саноат ва ишлаб чиқариш юксак тараққий этган шаҳарчада кечади. Унинг қаҳрамонлари худди шу шаҳардаги завод-фабрикаларда меҳнат қилишади, дам олиш саотларини ичкиликбозлик, қартабозлик каби машғулотлар билан ўтказишади. Стэн Барстоу уларнинг ҳаёти, интилишлари, орзу-умидлари ҳақида қизиқарли ҳикоя қилиб бераркан, саноат, цивилизация мўриларидан чиқаётган дуд-қурум инсон қалбини тобора қоплаб бораётганини, маънавий тамойиллар емирилишга юз тутганини моҳирона, донишмандларга хос кўрсатиб беради. “Қайдасан, Томми Флин?” айнан шундай хусусиятлари билан ўқувчи эътиборини ўзига қаратади. Ҳикоя қаҳрамони – Кристи Уилкокс. Ҳар йилнинг куз фаслида унинг руҳий хасталиги хуруж қилади. (Унинг шундай дардга мубтало эканлигини ҳикоя охиридагина биламиз.) Ўша маҳал у бор-йўқ пулини чўнтагига солиб, кўча-кўйга савдойинамо бир алпозда чиқиб кетади. “Кечирасиз, Томми Флинни кўрмадингизми?” деб сўраб юради учраган кимсадан. Кўпчилик йигитнинг аҳволидан хабардор. “Томмини кўргандик, у фалон ерда ўтирибди” қабилида жавоб бериб Кристини масхаралашади. Айримлари унинг чўнтагидаги пулга кўз олайтиришади. Мурод-мақсади Томмини топиш бўлган Кристи бу йўлда борини аямайди. Ҳикоя давомида ўқувчи ўша қидирувдаги қаҳрамон бир пайтлар Кристини қутқарган олижаноб йигит эканлигини пайқайди. Унинг тезроқ топилишини истаб туради. Бироқ кутилган натижа рўй бермайди. Ўқувчи ҳикоянинг сўнгги саҳифасида онанинг полициячи билан суҳбатидан Кристи руҳий хаста эканлигини англайди. Мутолаа жараёнида дардчил адиб Ствэн Барстоу Кристи Уилкоксга қўшилиб Йоркширда олижаноблик, меҳр-оқибат, руҳий поклик излаб юрганини ҳис этамиз. Кристининг дўсти ҳақида, тўғрироғи, мардлик, халоскорлик ҳақида гап кетганда шоирона пафос билан сўзлашидан завқланамиз. Ҳикоя сўнгида Кристи эмас, аслида уни ўраб турган жамият руҳий хаста эканлигига ишонамиз.
Фозил Искандар. Чўлтоққўл (ҳикоя)
Рус тилида ижод қилган бу машҳур абхаз ёзувчисини ким ҳам билмайди дейсиз? Унинг енгил юмор, ҳазил-мутойибага йўғрилган, бироқ чўнг дард ва изтироблар юкланган асарлари бутун дунё бўйлаб кезиб юрибди. Юртимизда ҳам Фозил Исандар ижодидан таъсирланган адиблар кўп. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки Фозил Искандар маҳорати, ноёб истеъдоди ўқувчини беихтиёр ўзига тортади. Жумладан, буюк абхаз адибининг “Чўлтоққўл” ҳикоясида унга хос жиҳатлар якқол кўзга ташланади. Ёзувчининг худди бошқа асарларида бўлганидек, бу ҳикояда ҳам мағрур, мард, танти қаҳрамонлар билан учрашасиз. Уларнинг турмуш тарзидан, ўзларига хос дунёқарашидан завқланасиз. Энг муҳими, уларни яхши кўриб қоласиз. “Чўлтоққўл”нинг бош қаҳрамони – Мустафо, бир қўли майиб қария. Унинг ҳатти-ҳаракатларига, онг-шуурига Кавказ халқларига хос қадимий урф-одатлар, анъаналар сингиб кетган. Мустафо ор-номус масаласини ҳар недан ортиқ қўяди. Инсон ҳаёти, қадр-қиммати унинг ор-номуси билан ўлчанади деб ҳисоблайди. Ҳикоя мароқ билан ўқилади. Унинг сўнгги сатрларини мутолаа қиларкансиз, ширинликка тўймаган боладай яна тамшаниб қоласиз.
Хайриддин Султонов. “Ё, Жамшид!” (ҳикоя)
Ўтган асрнинг 80-йилларида илғор, намунали ишчи-деҳқонлар, пахтакорлар ҳаётидан чучмал асарлар кўпайгандан кўпайиб, адабий жамоатчиликни анча бездириб қўйган эди. Худди шундай дилгир кунларнинг бирида, ўзининг қатор ажойиб асарлари билан устозлар назарига тушган навқирон адиб Хайриддин Султоновнинг “Ё, Жамшид!” ҳикояси пайдо бўлди. Адабий муҳитда бамисли чақмоқ чақнади! Нима учун? Чунки Хайриддин Султоновнинг ушбу жажжи асарида ҳали ўзбек ўқувчисига хийла нотаниш олам – қиморбозлар ҳаёти қаламга олинган эди. Ҳикояда тасвирлар, ифода шу қадар тиниқ ва жонлики, ўйинда катта пул ютқазиб қўйган Ўринбойнинг уйига беихтиёр ўзингиз ҳам кириб боргандай бўласиз. Асар қаҳрамонлари, персонажлари, ҳар бири ўз характери, ўз хатти-ҳаракати билан шундоққина кўз олдингизда гавдаланади. Ўринбой қиморга бой берган. Қарзни эрталабгача тўлаши керак. Хонадонда ваҳимали сукунат. Қариндошлар йиғилишди. Ўша қарз пулни тўплаб бериш юзасидан маслаҳат бошланган. Ҳикояни ўқиш давомида ҳаётда қиморга ютқазишдан кўра қариндошлар ўртасидаги меҳр-оқибат, самимият, бағрикенглик йўқолиб бораётгани катта фожиа эканлигини англаб борамиз. Негадир ҳикоя қаҳрамони Ўринбойни яхши кўриб қоласиз. Унга хайрихоҳлик туйғуси пайдо бўлади. Бу, айниқса, ҳикоянинг якуний сатрларида яна бир карра кўринади. “Ё, Жамшид, халқим баҳамжиҳат бўлсин! Ё, Жамшид, йигитлар юзи ерга қарамасин!” деб ҳайқиргинг келади.
Эркин Аъзам. Анойининг жайдари олмаси (ҳикоя)
Бу мўъжаз асар беҳад завқ-шавқ билан ўқилади. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам услубига хос истеҳзо, ҳазил-мутойиба ҳар бир сатр ортидан сизга жилва қилиб туради. Ҳикоя қаҳрамони – Рамазон. У на Бойсунга, на Тошкентга сиғади. Мангу йўловчи. Бир пайтлар ўзи ҳарбий хизматни ўтаган Барновул томонларга кетишга шай. Аслида Рамазон ўзини, ўзлигини излаб юрган йигит. Ҳатто ўша Барновулда ҳам қўним топа олмаслиги кундай равшан. Унинг жайдари ва чапани феъли, самимияти шаҳар чанг-ғуборлари устига қўнган тонг шудринги монанд ёқимли. Рамазоннинг беғубор оламини англаш учун худди унинг ўзи каби самимий бўлиш лозим. Ҳикоя персонажаларидан бири Шоди гаранг: “Чантриморе! Калимакаторе!” деб ҳайқиради. Ёш-яланг бу шиорнамо сўзларни ёдлаб олган. Бир-бирларини кўрганда Шоди гарангга тақлидан қўл силташиб ҳайқиришади: “Чантриморе! Калимакаторе!” Бу сўзларнинг маъноси нима? Биз “Анойининг жайдари олмаси”ни мутолаа қилиш жараёнида уларнинг маъносини англагандай бўламиз: “Кел ёнимга, инсон! Оч, бағрингни, инсон!”. Аслида бу мангу чорловдир. Бу чорлов ўша пайтда кўксига ҳар хил нишонлар таққан фаоллар, жамоат арбоблари томонидан эмас, хаста бир одам томонидан тилга олиниши ҳам ҳикоянинг мазмундорлигини, таъсирчанлигини янада оширади. Ҳассос ёзувчининг нозик ишораларини англаб юзимизда маҳзун бир табассум пайдо бўлади.
Маъсума Аҳмедова. Шаҳарга саёҳат (ҳикоя)
Оддий нарсаларни мураккаб қилиб эмас, балки ўта мураккаб нарсаларни ҳам оддий қилиб ёзиш санъатдир. Донишмандлар шундай дейишган экан. Бу фикрга қўшилмасликнинг иложи йўқ. Зеро, бугун аллақандай мавҳум атама, истилоҳларнинг ортига яшириниб олиб адабий жамоатчиликни чалғитишлар одатий ҳолга айланди. Мен атоқли адиба Маъсума Аҳмедованинг ижодини кузатиб, юқорида қайд этганимиз донишмандлар ҳикмати нечоғлик тўғри эканлигига яна бир карра амин бўламан. Маъсума опа асосан оддий қишлоқ одамларининг ҳаётини қаламга олади. Уларнинг оғир турмуш шароитини тасвирлар экан, камтарона умргузаронлик қилаётган кишиларнинг маънавий олами нақадар бой эканлигини юксак пафосларда кўрсатади. Жумладан, “Шаҳарга саёҳат” фикримизнинг якқол далилидир. Ҳикоя қаҳрамони – оддийгина қишлоқ аёли. У кўпдан бери шаҳарга тушиш орзусида. Келгуси ҳафта ҳаво очиқ бўлиб турса, сени албатта шаҳарга олиб бораман, деб эри ваъда берган. Бу миттигина асар бош-адоқ ўша орзуманд аёлнинг кечинмаларидан иборат. Унинг ғоят соддалигидан, аммо юраги севгига, андишага лиммо-лимлигидан завқланамиз. “Шаҳарга саёҳат” қишлоқ аёлининг аҳволини, шу бароборида, юксак руҳиятини моҳирона чизиб берган ажойиб ҳикоядир. Маъсума Аҳмедова худди бошқа ҳикояларидаги каби “Шаҳарга саёҳат”да ҳам кичик жанрнинг улкан имкониятларини, катта оламини кўрсатиб бера олган. Баъзан ёнимга ёш ижодкорлар келиб ижодий сабоқлар сўрашади. Мен уларга кўпинча Маъсума Аҳмедова ҳикояларини ўқиб-ўрганишни тавсия қиламан. Чунки маҳоратли адибамизнинг ижоди ёш қаламкашлар учун мактаб бўла олишига ишонаман.
Зулфия Қуролбой қизи. Тафаккур (ҳикоя)
Ҳар ким ҳам ўз халқи, ўз миллати билан мақтанади, фахрланади. Ўзи мансуб миллатнинг ютуқларини кўкларга кўтариб, камчиликларини яширишга ҳаракат қилади. Аммо ҳаёт биз бекитган иллатларни ҳам баъзан ошкор этиб қўяди. Аслида ютуқлар ўзимизники, чўнтакдаги нақддай гап, кўпроқ қусурлар ҳақида гапириб, уларни бартараф этиш ҳақида ўйлаш зарур. Ўзбек насрининг истеъдодли вакилларидан бири Зулфия Қуролбой қизининг “Тафаккур” ҳикоясини ҳар гал ўқиганимда негадир хаёлимдан шундай ўйлар кечади. Бу ҳикоя ноёб қобилиятли ўспириннинг қисмати ҳақида. У шахматга қизиқади ва бу борада бир неча бор ўз иқтидорини кўрсатади. Аммо ота ўғлининг бундай “бекорчи” иш билан машғул бўлишидан норизо. Унингча, мол боқиш, томорқага қараш чинакам эркакларга хос. Ота ўз жоҳиллиги туфайли ўғлини шахматга муҳаббатидан воз кечтириш учун ҳар хил шафқатсизликларга қўл уради. Аммо ниятига етолмайди. Шу баробарида, мавжуд муҳит, нодон раҳбарлар ҳам ўша ноёб қобилият эгасини қўллаб-қувватлаш ўрнига уни маҳв этишга бел боғлайди. Охир-оқибат, машъум режа ғалаба қозонади. Шахматсевар йигит бир умр ногирон бўлиб қолади. Бироқ ажойиб кунларнинг бирида у яна шахматга қайтади. Йигитнинг яна тафаккури уйғонади. Бу ҳикоя жаҳолат ва маърифат, зиё ва зулмат ўртасидаги курашга бағишланган асар. Зулфия Қуролбой қизи инсонларни огоҳликка чорлайди. Эзгулик, тафаккур ҳамиша ғолиб чиқишига комил ишонч билан қалам тебратади. Ушбу ҳикоя ҳар бир ўқувчининг кўнглида олам-олам завқ-шавқ уйғотади.
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 2-сон