Ўсимликлар ўзини қандай ҳимоя қилади?

Ўсимликлар ўзини зараркунандалардан ҳимоя қила оладими? Айримлари ҳимоя қилиши мумкин экан. Американинг тропик ўрмонларида дунёдаги энг ғаройиб ўсимликлардан бири мовий пассифлора — эҳтирос гули ўсади. Унинг гуллари катта-катта ва ғалати тузилишга эга. Бу ўсимликнинг суратлари Янги Дунёдан Европага 1610 йили келиб қолган эди. Колумбнинг ортидан Америкага келган испан миссионерлари (ерли халқни христиан динига ўтишга тарғиб қилиш учун юборилган шахслар) гулнинг айрим жойларида «яратувчининг эҳтирос қуроли»ни кўришади. Унинг лотинча номи шундан олинган. У гўзал либоси туфайли «кавалер юлдузи» деб аталади.

Бу ғалати гул фақат ботаникларнинг эмас, рассомларнинг ҳам эътиборини ўзига тортиб келади. Унинг тасвири XVII — XIX асрларнинг буюк тасвирий санъат усталари чизган суратларда учрайди.

Аммо энг қизиғи, пассифлора ўзини ёвуз душманлардан ҳимоя қила олади. Бразилиянинг бу ўсимлик ўсадиган тропикларида капалакларнинг бир тури учрайди. Бу капалаклар фақат мана шу ўсимликнинг нозик новдалари япроғига тухум қўяди. Тухумдан чиққан капалаклар новдани еб битиради. Аммо бир нечта капалак ҳеч қачон битта новдага тухум қўймайди, чунки улар кўпчилик бўлса, озуқа етмай қолади. Пассифлора бу капалакнинг тухумларига ўхшаш нарса чиқаришни ўрганиб олди. Новда япроқларидан махсус фермент томчилари ажралиб чиқади ва кичик майда тухумчаларга ўхшаб қотиб қолади. Алданган капалак новда бандлигини кўриб, бошқа ўсимликка учиб кетади, пассифлора новдаси эса Қуёш нурига интилиб ўсаверади. Шундай қилиб, табиатда яшаб қолиши учун кураш абадий давом этаверади.