Ўрдакбурун нима?

Ўрдакбурун — шундай ғаройиб мавжудотки, дастлаб одамлар унинг борлигига ишонгилари келмаган. Британия олимлари 1799 йилда ўрдакбурунлардан бирини кўрганларида уни сохтага чиқаришган.

У нимаси билан ғаройиб? Ўрдакбуруннинг тумшуғи ўрдакникига, думи сув қундузиникига ўхшайди, танаси қалин юнг билан қопланган бўлади. У тухум қўяди, тухумни қушлар каби босиб ўтиради, аммо болаларини сут эмизувчилар каби сут билан боқади! Унинг оёқлари пардали ва у сувда ҳам, қуруқликда ҳам яшай олади.

Ўрдакбурун Шарқий Австралияда ва Тасманияда яшайди. Унинг ташқи қулоқлари йўқ, бурун тешиклари юмшоқ резинадек тумшуғининг учига жойлашган. Ўрдакбурун тумшуғининг учини чиқариб, бутун танаси билан сувга ботиб тура олади.

Ҳайвоннинг олдинги оёқлари сузишга мослашган, ўрдакбурун ерда юрганда пардалар оёқ кафти тагига яширинади ва тирноқлар ташқарига чиқади. Урғочиси биттадан учтагача тухум қўяди. У тухумни болалари очиб чиқмагунча босиб ўтиради.

Болалар сут безларидан сизиб чиқувчи она сутини ялайди. Болалар тишли туғилади, аммо тез орада улар тушиб кетади ва ўрдакбурунлар тумшуғининг ён томонларида жойлашган қаттиқ мугуз бўртиқлардан тиш ўрнида фойдаланади.

Дунёда ягона заҳарли сут эмизувчи — бу эркак ўрдакбурундир. Унинг ёнбош тарафида махсус заҳарли безлар мавжуд. Бу безлардан узун найчалар орқа оёқлардаги тарновсимон ўсимта томон чўзилиб боради. Заҳар илон заҳрига жуда ўхшаб кетади. Эркак ўрдакбурунлар ундан жуфтлашиш даврида бир-бирлари билан бўладиган курашда фойдаланади.

Ўрдакбурунлар тунда ер чувалчанглари, сув ҳашаротлари ва дарё қисқичбақаларини тутиб озиқланади. Кундузи ҳам улар лойқа жойлашган уяларига кириб олади.