Ўлик денгиз нима?

Ўлик денгиз Ер юзидаги ўзига хос сув ҳавзасига инсон берган ғалати номлардан биридир.

Бу денгизни илк марта юнонлар «ўлик», Қадимги Иудея аҳолиси эса «шўр» деб атаган. Араб муаллифлари уни «бадбўй денгиз» деб тилга олишган.

Бу денгизнинг ўзига хос жиҳати нима? Ҳақиқатда у Иордания ва Исроил ўртасида жойлашган катта ва шўр кўлдир. Денгиз минтақадаги мавжуд чуқурлик ёки Ер қобиғи ёриғида пайдо бўлган.

Ўлик денгизнинг бўйи 75 км.га яқин, эни эса айрим жойларда 5 км.дан 18 км.гача етади. Қизиғи шундаки, Ўлик денгизнинг юзаси дунё океани сатҳидан 400 метр пастдир. Унинг жанубий қисми нисбатан саёз, шимолий қисмидаги айрим жойларнинг чуқурлиги 400 метргача етади.

Бошқа кўллардан фарқли ўлароқ, Ўлик денгиздан бирорта ҳам дарё оқиб чиқмайди, аксинча, шимол тарафдан Иордан дарёси унга қуйилади. Бундан ташқари теварак-атрофдаги қирликлардан ҳам жилғалар денгизга оқиб тушади. Ошиқча сув буғланиб чиқиб кетади. Шунинг учун ҳам денгиз суви таркибида ҳаддан зиёд ош тузи, карбонат ангидридли калий (ишқор), хлорид, магний бромиди ва бошқа минерал тузлар йиғилиб қолган.

Ўлик денгиз дунёдаги энг шўр денгиздир. Унинг суви таркибидаги тузлар миқдори океан суви таркибидаги туз миқдоридан 6 марта кўп. Бу сувнинг зичлигини шу қадар ошириб юборганки, унда чўмилаётган одам ҳеч бир заҳматсиз сув юзасидаги пўкакдай сузиб юради. Денгиз қимматли моддалар манбаи бўлиб хизмат қилиши мумкин. Унинг таркибида 2 000 000 тоннадан ошиқ эриб кетган ишқор бор. Ундан ўғит ишлаб чиқаришда фойдаланиш мумкин.