Турли-туман зираворлар қаердан олинади?

Табиатда турли-туман ўт ўсимликлар бор. Шунинг учун уларнинг аксарияти тиббиётда ва атир-упа ишлаб чиқаришда қўлланаётганидан ажабланмаса ҳам бўлади. Ўт-ўланлар кенг қўлланиладиган яна бир соҳа кулинариядир. Ҳаммага маълумки, қиёмига етмай пиширилган таомни ҳам турли хил зираворларни қўшиш билан тансиқ неъматга айлантириб юбориш ҳеч гап эмас. Шу билан биргаликда, айрим зираворлар ўткир таъм ва ҳидга эгаки, уларни ишлатишда жуда эҳтиёт бўлиш керак. Дунёда зираворлар сон-саноқсиздир. Биз улардан Европада маълум ва машҳур бўлганлари тўғрисида бир-икки оғиз маълумот бермоқчимиз.

Райҳон — мулойим, бир оз ширин, таъми қалампирни эслатадиган зиравордир. У кўпинча салатлар ва аччиқ газакларга қўшилади.

Маврак ёғли овқатларга қўшилганда, яхши фойда беради. Унинг ҳиди жуда ўткир, кўпинча пишлоқ иштаҳани қўзғовчи ҳид бериш учун унинг япроқларига ўралади.

Бошқа бир зиравор чебрецнинг бир неча тури бор. Уларнинг ватани Ўрта Ер денгизи соҳилларида жойлашган мамлакатлардир. Чебрецнинг ҳиди ўткир, таъми ўзига хос, уни янги узилган ҳолича ҳам, қуритилган ҳолда ҳам ишлатиш мумкин.

Чиннигул ширин ва аччиқ таомларга солинади. Бу бир оз ширин ва хушбўй зиравор Молукка оролларида ўсадиган чиннигул дарахтининг гулидан тайёрланади.

Ялпизни билмайдиган киши бўлмаса керак. Унинг инглизча номи қадимги юнон нимфаси (табиат кучларининг аёл образидаги илоҳаси) шарафига қўйилган. Ривоятларда айтилишича, бир илоҳа ўз кундошини рашки зўрлигидан ялпизга айлантириб қўйган экан.

Ялпиз ҳам зиравор сифатида ишлатиладиган чебрец, райҳон, маврак, розмарин, майоран каби лабгуллилар оиласига киради. Ялпизнинг 20 — 25 тури бор, аммо турли таомлар тайёрлаш, сақичларга хуштаъм қўшимчалар қўшиш учун кўпинча боғ ялпизи ишлатилади.