Тўтилар мавжуд қушларнинг энг қадимий турларидан бири ҳисобланади. Тўтиларнинг тарихгача бўлган даврга тегишли тош қолдиқлари топилган, минглаб йиллар ўтишига қарамай улар ўз қиёфасини сақлаб қолган.
Ҳозирги пайтда тўтиларнинг 600 дан зиёд тури бор, улар яшайдиган минтақа эса тропик ҳудудларга тўғри келади. Тўтилар Жанубий Осиёда, Шимолий Африкада, Австралия ва Малайя оролларида кенг тарқалган.
Тўтилар анча саботли қуш ва узоқ яшайди. Улар ҳар қандай шароитга тез мослашади. Мана шу сабабдан денгизчилар уларни ўзларига ҳамроҳ қилиб олганлар. Бу қушларнинг туси ёрқин ва аломатли, агар уларнинг гапира оладигани бўлса, атрофдагиларнинг анчагина вақтини хушлайди.
Тўти гарчи тропик қуш саналса-да, тутқунликда ҳам, совуқ об-ҳавода ҳам ўзини жуда яхши ҳис этади. Тўтилар ўз ватанларида гала-гала бўлиб, ўрмонларда яшайди.
Шу нарса маълумки, тўтилар жуда жасур ва ишончли қушлардир. Хавф туғилган чоғлар улар дарров бирлашиб, хавфни бартараф этишга киришади.
Тўтилар эт емас қуш бўлиб, мевалар, куртаклар, пальма ва анжир ёнғоқлари билан озиқланади. Улар маймунлар каби шохдан-шохга қўниб овқат излайди. Шохдан-шохга сакраётганда улар тумшуқлари ва оёқларидан ҳам фойдаланади. Агар сиз бирор гал тўтининг овқатланганини кўрган бўлсангиз, у оёқларидан қўл сифатида фойдаланишини биласиз. У танлаган овқатини тирноқларида чангаллаб, лаззат қилиб ейди.
Тўтилар ўз уяларини дарахтлар кавагига қўяди. Уларнинг тухуми оқ бўлади. Ота-оналари полапонларига жуда ғамхўр бўлади ва овқат топиш илинжида жуда узоқларга сайрга чиқади. Тўтилар юришни хоҳламайди, аммо улар жуда яхши сакрайди ва учади. Энг қобилиятли «гапирувчи» тўти — Африка кулранг тўтисидир, бунинг устига у энг ақлли қушлардан ҳисобланади.
Одамлар тўтининг гапиришига маҳлиё бўлишади: ахир бу ўзига хос эрмак-да. Аммо ҳозирга қадар бизга бу қушнинг одам нутқини қай тариқа ўхшатиши номаълум бўлиб қолмоқда!
Айримлар тўтининг тили узунлиги ва қалинлиги ҳамда унинг ўзига хос тузилиши туфайли гапира олади, деб ҳисоблайдилар. Балки, тилининг айнан шундайлиги унинг гапиришига имкон берар, аммо булар гапириш учун мажбурий шароитлар эмас. Бошқа «гапирадиган» қушлар, масалан, тропик чуғурчуқ-майна, қарғалар уникидай қалин ва катта тилга эга эмас. Қирғийлар ва лочинларнинг эса тили уникига ухшайди, аммо гапира олмайди!
Балки унинг гапиришига бошқа қушлардан кўра «ҳиссий» қобилияти юксаклиги сабабчидир? Бизнингча, бу ҳам унинг гапиришига сабаб бўла олмайди. Айтганча, кўп биологлар тўтилар ва бошқа гапира оладиган қушлар ўзлари айтган сўзнинг фарқини билмайдилар, муайян ифодалар ва ҳаракатлар ўртасидаги алоқаларни фаҳм этадилар, деб ҳисоблайдилар.
Тўтиларнинг «гапиришига» уларнинг эшитиш ва овоз механизмлари бошқа қушларникидан кўра секинроқ ишлаётгани сабабчидир. Одамнинг товуши табиат тўтиларга берган овозга ўхшашлиги ва бу унинг одам товушини ўхшата олишига имкон бериши ҳам мумкин.
Тўтиларнинг энг йириги какапо ёки бойўғли тўтидир. Унинг тик ҳолатдаги бўйи 60 сантиметрга етади. Какапо деярли учмайди, 20 — 30 метрга пастлаб учиши мумкин. Янги Зеландияда яшайдиган какаполар ҳозирги пайтда камайиб бормоқда. Улардан бор-йўғи 40 та қолган, уларнинг ҳам 12 таси макиёндир. Паррандашунос олимлар айни пайтда бойўғли тўтиқуши сонини ошириш устида иш олиб бормоқдалар.