Тошбақалар қандай бўлади?

Денгиз, чучук сув ва қуруқликда яшайдиган тошбақаларнинг ҳаммаси ташқи зирҳ билан қопланган, тангачасимон териси ва дағал, қотиб кетган бурни бўлади. Уларнинг ҳаммаси ўпкаси билан нафас олади ва икки: ташқи ва ички қисмдан иборат зирҳга эга. Мана шу оралиқда тошбақа боши ва бўйнини, дум ва панжаларини ташқарига чўзиб чиқариши мумкин.

Тошбақаларнинг кўзи, таъм ва ҳид сезгиси ўткир бўлади, аммо жуда ёмон эшитади. Тошбақаларнинг аксарияти ҳар хил овқатларни ейди. Урғочи тошбақалар шипиллайдиган овоз чиқарса, нарлари қандайдир «ангиллаган» товуш чиқаради. Айрим катта қуруқлик тошбақалари ҳатто ириллай олади!

Мавжуд тошбақаларнинг энг каттаси денгизда яшайдиган, териси қалин тошбақадир. Унинг оғирлиги 450 килограммга яқин бўлади, энг йирикларининг бўйи 2 метргача етади ва 680 килограмм тош босади.

Тошбақа шўрвани денгиз тошбақаларига мансуб саналган яшил тошбақа гўштидан тайёрлашади. У тропик денгизларда яшайди ва 250 килограмм тош босади. Каретта деб номланган бошқа бир денгиз тошбақасининг мугуз зирҳи жуда қимматбаҳодир. У денгиз тошбақалари орасида энг кичигидир, бир метрдан ошадиганларини жуда кам кўрасиз. Унинг зирҳи алоҳида-алоҳида, тарам-тарам сариқ йўлли шаффоф тўқ пушти мугуз лаппаклардан ташкил топган.

Шимолий Америкадаги энг йирик тошбақа гриф тошбақаси саналиб, Миссисипи дарёси бўйларида яшайди. Унинг оғирлиги 70 килограммгача чиқади, думлари узун ва оғир, жаглари кучли ва ўткир.

Шимолий Америка қуруқликларида ўрмон тошбақаси кенг тарқалган бўлиб, унинг териси оч қизил тусда. Уни қўлга ўргатса бўлади, қўлдан овқат ейди. Тошбақалар қишда ариқлар тубида ва ердаги уяларида уйқуга кетади. Тошбақалар 200 йил ва ундан ҳам кўпроқ яшаши мумкин!