Томат билан помидор ўртасида қандай фарқ бор?

Гапнинг пўсткалласини айтганда, улар ўртасидаги фарқ вақтдангина иборат. Биз айнан бир хил ўсимлик — полизлар қироли хусусида сўз юритяпмиз. Келинг, гапни бир бошдан бошлай қолайлик.

Кимдир мева, бошқа биров эса реза мева деб атайдиган бу ўсимликнинг ватани картошканики билан бир хил: Жанубий Америка қитъасидаги Перу ва Чилининг шимоли ҳамда Галапагос оролларидир. Улар бугунги кунда ҳам ўша ерда ёввойи ҳолда учрайди. Ҳиндулар, инклар ва ацтеклар уни «томатль», яъни «катта реза мева» деб аташган. Бу ном ҳам ўсимликка, ҳам унинг мевасига тааллуқлидир. Помидорларнинг ўз ватанида ҳам бир йиллик, ҳам кўп йиллик турлари бор. Улар орасида буталар, тикка ўсадиганлари, ерда судралиб ўсадиган эгри-бугри поялиларини ҳам кўриш мумкин. Ҳатто бўйи беш метрлик улкан «томат дарахти» ҳам бор. У помидорнинг узоқ қариндошидир.

Испанлар XVI асрнинг ўрталарида Европага помидорни «поми дель Перу» — «Перу олмаси» номи билан олиб келишди. Испанияда помидордан манзарали, айрим ҳоллардагина доривор ўсимлик сифатида фойдаланилган. Итапияда эса у тез орада янги ва суюмли сабзавотга айланди. Баъзида у гоҳ ҳазил, гоҳ чин синьор — жаноб деб аталган. Помидор тасвири туширилган илк сурат «пома аморис» («муҳаббат олмаси») деган ном олган. Бу номни французлар берган, деган тахмин бор. Аммо барча номлар ичидан итальянча «помо д’ора» («олтин олма») яшаб қолди. У сал ўзгарган ҳолда бизнинг кунларимизгача етиб келди.

Яна бир қизиқарли далилга мурожаат қилайлик: помидор Шимолий Америкага кейинроқ ўз ватани қолиб, Европадан кириб борган. Уни Европадан бу ерга кўчиб келган итальянлар ўзи билан олиб келишган. У узоқ вақт заҳарли мева деб ҳисобланган, одамлар еб кўришга қўрқишган. 1870 йилнинг ёзида Италиядаги рус элчиси қиролича Екатерина II га анча мева-чева жўнатади, уларнинг аксарияти помидор эди. Помидорнинг ташқи кўриниши ҳам, нотаниш меванинг таъми ҳам сарой аъёнларига ёқиб қолади ва Екатерина помидорни муттасил келтириб туришни ва дастурхонга тортишни буюрди. Қиролича «муҳаббат олмаси» деб номланган помидор кўп йиллардан бери ўз салтанатининг Қрим, Астрахань, Таврида ва Гуржистон каби чекка ўлкаларида ўстирилаётганидан бехабар эди.

Помидор тез орада Россия полизларининг қиролига айланди. Помидор экилган майдонлар миқдори бўйича дунёнинг ҳеч бир мамлакати ҳали-ҳануз Чор Россиясига тенг кела олгани йуқ. Ваҳоланки, ўша вақтдан бери помидор экиладиган майдонлар миқдори ўн баробар ошди.