Тўлқинлар қаердан пайдо бўлади?

Агар сиз челакдаги сувга қараб пуфлайдиган бўлсангиз, унинг юзасида тўлқин ҳосил бўлади. Денгиздаги тўлқинларни эса шамол қўзғайди.

Осойишта ва шамолсиз кунлар ҳам денгиз юзасидаги тўлқинларни кўрган бўлсангиз керак. Тўлқин ҳамиша узоқдан келиб, қирғоққа урилади.

Океан шамоли қирғоқдан олис жойларда эсади ва сувни бир жойдан бошқа жойга ҳайдайди. Шундай қилиб, сув юзасида мавж пайдо бўлади. Мавж кичик тўлқиндир. Сўнгра мавжлар устида оппоқ кўпиклар вужудга келади. Шамол кучайиши билан мавжлар кўтарилиб, улардан тўлқинлар ҳосил бўлади.

Шамол денгизга катта таъсир кўрсатади. Тўлқинлар баъзан ўзи пайдо бўлган жойдан 8000 км (5000 мил) нарига саёҳат қилиши ҳам мумкин.

Тўлқинлар сувнинг кўтарилиб тушиши натижасида, баъзида эса океан тубининг силкиниши ёки денгиз тубида вулқон отилишидан ҳам ҳосил бўлади. Ниҳоят, кучли зилзила ҳам тўлқин қўзғайди. Бундай тўлқинлар цунами деб аталади.

Цунами бир неча ўн метр баландликка ҳам сапчиши мумкин. У соҳилбўйи минтақаларига ёпирилиб, катта талофат келтиради, ўша ернинг аҳолиси учун жуда хавфлидир.

Цунами кўпинча Осиёнинг жануби-шарқий соҳиллари ва Япон оролларида содир бўлиб туради.