Тоғларнинг улкан салобатига боқиб, улар абадий турса керак, деб ўйлаб қоласан, киши. Аммо уларни тадқиқ қиладиган олимлар, геологлар, тоғлар ҳам ўзгариб туришини, абадий эмаслигини исбот қилиб бериши мумкин.
Ер юзасида рўй берган маълум бир ўзгаришлар нураб, эврилиб борувчи тоғларни яратди. Сувнинг музлаши тоғ ёнбағирларини нуратади, ёмғир ва сув оқимлари қоялардаги тупроқни ювиб кетади. Вақт ўтиши билан энг баланд
чўққилар ҳам тепалик ва текисликларга айланиб қолади.
Геологлар тоғларни пайдо бўлишига қараб, тўрт турга бўлишади. Шу билан биргаликда, тоғлар бундан бир неча миллион йиллар аввал Ер юзасида рўй берган кескин ўзгаришлар натижасида ҳосил бўлган.
«Бурма» тоғлар кучли босим таъсирида қисилиб, улкан бурмалар ҳосил қилган тоғ жинси қатламларидан иборат. Кўп жойларда равоқ ёки ботиқ линзаларга ўхшаб, эгилиб кетган тоғ жинси қатламларини кўриш мумкин. Бу Ер юзаси босими ва сиқувининг натижасидир. Бунга Аппалачи ва Альп тоғлари мисол бўла олади.
Гумбазсимон тоғларда тоғ жинслари юқорига гумбазлар шаклида кўтарилган бўлади. Катта босим остида Ер юзасига отилиб чиққан суюқ лава бундай тоғ жинси қатламларини ҳосил қилган. Бунга АҚШнинг Жанубий Дакота штатидаги тоғлар мисол бўла олади.
Ўркач-ўркач тоғлар Ер қобиғининг синиб ўпирилиши натижасида ҳосил бўлган. Ер қобиғининг кенг кўламли майдонлари, бутун бошли тоғ тизмалари қисқа вақт мобайнида кўтарилиб тушиб турган. Бунга бўйи 740 км, эни 150 км бўлган Сьерра Невада тоғ тизмасини мисол қилиб келтириш мумкин. У АҚШнинг Калифорния штатида жойлашган.
Вулқон тоғлари Ер юзасига отилиб чиққан лава, вулқон кули ва шағаллардан таркиб топади. Одатда, вулқонлар тепасида кратери бор конус шаклида бўлади. АҚШдаги Рейнер, Шаста ва Худ, Япониядаги Фудзияма, Италиядаги Везувий вулқонлари машҳур.
Кўпгина тоғ тизмалари қайд этилган усулларнинг бирикиши натижасида ҳосил бўлган. АҚШнинг Рокиз тоғларида қисилиш, синиш ва ҳатто лава эрозияси натижасида ҳосил бўлган тоғ тармоқларини кузатиш мумкин.