Тимсоҳлар йиғлайдими?

Кўпчилигимиз «шайтон йиғиси», деган гапни эшитганмиз. Ҳар нарсага йиғлайвериб, сохта кўзёшлари тўкадиган одам ҳақида шундай дейишади. Хўш, тимсоҳлар ҳақиқатан ҳам йиғлайдими?

Тимсоҳлар ҳақида бисёр ривоятлар юради. Масалан, қадим юнон олими Элианнинг қайд этишича, тимсоҳ оғзига сув тўлдириб олиб, уни дарё бўйидаги сўқмоққа тўкади. Шу сўқмоқдан юрган одам ё ҳайвон сирпаниб йиқилса, у учиб бориб, ғиппа босган ва еб қўйган. Очиғини айтганда, тимсоҳлар ривоятларда акс этганидек қонхўр ва маккор эмас. Унинг фақат бир тури — тароқсимон тимсоҳгина одамларга мунтазам ҳужум қилади. Одамлар бошқа ҳайвонларга нисбатан айнан мана шу судралувчининг касридан кўп нобуд бўлади.

Тимсоҳлар ҳақида ҳақиқатга яқинроқ бир афсона бор: тимсоҳ одамнинг гавдасини еб бўлгач, негадир унинг бошини кўзёшлари билан ювади ва шундан сўнггина ўз базмига хотима қўяди. Кулгингиз қистайди, тўғрими? Бироқ буни тасдиқлайдиган гувоҳлар кўп.

Узоқ вақт бу жумбоққа жавоб топилмади. Швед олимлари Фанге ва Шмидт-Нильсон бу сирни очганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Улар тимсоҳлар ҳақиқатан ҳам йиғлашини исботлашди, нима учунлигини тушунтиришди. Маълум бўлишича, улар ўлжасига раҳм қилганларидан эмас, балки организмида зарарли қолдиқларнинг кўпайиб кетганидан йиғлар экан. Тимсоҳнинг улардан халос бўлиши учун айнан кузлари олдида ташқарига очиладиган махсус безлари бор. Безлар ишлаб кетиши билан тимсоҳлар иссиқ кўзёшларини тўка бошлайди.

Алқисса, «шайтон йиғиси» деган гап исботини топди ва афсонанинг тагида ҳақиқат борлиги аён бўлди.