Сумалаклар қандай ҳосил бўлади?

Уйларнинг томидан осилиб турган сумалаклар қандай ҳосил бўлишини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

Улар қачон ҳосил бўлади: эрувгарчилик пайтими ёки совуқ пайтми? Агар эрувгарчилик пайтида бўлса, нега сув нолдан юқори даражада музлаб қолади? Агар совуқ пайт бўлса, томда сув қаердан пайдо бўлади?

Демак, бу саволга жавоб бериш унчалик осон эмас. Сумалаклар ҳосил бўлиши учун бир вақтнинг ўзида икки хил: эриш учун нолдан юқори, музлаш учун нолдан паст температура керак.

Аслида ҳам шундай. Қуёш нури тушиши билан уйларнинг томидаги температура нолдан юқори кўтарилиб, у ердаги қорни қиздиради, оқиб тушаётган сув томчилари эса томнинг четига, тунука тарновларга тегиб, музлаб қолади, чунки бу ердаги температура ўша пайт нолдан паст бўлади. Эриган сув томдан оқиб тушаётиб, унинг четига осилиб қолади. У том остидаги температура нолдан паст бўлгани учун музлаб қолади. Музлаган томчи устига яна бир томчи етиб келиб, музлаб қолади ва ҳ.к.; шу тариқа кичик муз бўртиги ҳосил бўлади. Бошқа бир куни бошқа томчилар қўшилиб музлаб қолиши натижасида бўртик янада узаяди ва алал-оқибат ер ости ғорларидаги оҳактош сталактитлари (оқиқ томчилари)га ўхшаш сумалак ҳосил бўлади. Шундай қилиб, саройлар ва, умуман, иситилмайдиган биноларнинг томларида сумалак пайдо бўлади.