Скопа нима?

Қўшма Штатларда скопаларни «балиқхўр қирғийлар» деб аташ қабул қилинган. Бу ном қушнинг ҳаёт тарзига жуда мос тушган.

Унинг ўлжа тутувчи нигоҳлари жуда ғайриоддий. У 15—17 метр баландликда учаётиб, сув тагига назар солади. Иттифоқо, у сув сатҳига яқин сузиб юрган балиқни кўриб қолади. Балиқнинг туси сувдан яққол ажралиб туради ва буни одам соҳилда туриб пайқамаслиги мумкин, аммо балиқхўр қуш уни илғаб, пастга шўнғиганча типирчилаётган ўлжасини чангаллаб олади. Кейин ўлжасидан шошилмай-нетмай мазахўрак бўлиш учун дарахт устига қўнади.

Ов пайти скопа танлаган ҳудудида турли томонга қанотларини оҳиста қоқиб, гоҳ қоқмай учиб юради. Унинг пастга шўнгиши кутилмаганда рўй беради ва ҳамиша мўлжални аниқ олади. Қуш шиддатли куч билан ҳужумга ташланади, деярли сув тагига кириб кетади. Аммо у сув тагида туролмайди, чунки у сувда яшайдиган қуш эмас.

Скопанинг узунлиги тахминан 60 сантиметр, қанотлари силкинганда тахминан 1,5 метрга етади. У илмоқсимон тумшугидан ўлжасини тутиш ва ушлаб туришда фойдаланмайди. Бу жиҳатдан унга кучли панжалари ва тирноқлари ёрдам беради. Боши, бўйни ва томоғи оппоқ тусда, бошида қора йўл-йўл тарами бор. Елкаси ва қанотлари тўқ пушти рангда.

Скопаларнинг фақат бир тури бор. У Шимолий ярим шарда, шунингдек, Малайя ярим оролида, Австралияда ва Каледонияда яшайди. Унинг бирдан-бир таоми балиқ бўлгани учун сувга яқин жойда ҳаёт кечиради.

Скопаларнинг турмуш тарзига хос бир хусусият — улар уясини катта ва хунук қилиб қўяди. У ўз уясини кўринарли жойга қуради ва эски уясига ҳар йили янги материал қўшиб боради. Йил ўтган сари унинг уясига хивич, новда, қарағай пўсти ва игнасининг катта бир уюми ҳосил бўлади. Пировардида уя чуқурлиги 1,8 метрга етади ва вазни 315—450 килограммни ташкил этади. Уя қарағайнинг учида, қумлоқ пляж ёки шийпоннинг устида, мутлақ очиқ жойда ўрнашади. У турли материаллардан тикланади.