Қора чигирткалар хавфдан қандай огоҳлантиради?

Одамлар алоҳида уйларга, у хоҳ кулба ё сарой бўлсин, эга бўлишгач, ўзларини чақирилмаган меҳмонлардан муҳофаза этишга уриниб келадилар. Кимдир қоровул ёллайди, кимдир ит боқади, Японияда эса бурунги одамлар қора чигирткалар сақлашган. Улар қора чигирткаларни тутиб, қутичаларга жойлаб уйларига олиб келишган. Бу жуда оддий ва қулайдир. Унга на пул тўланади, на овқат ҳозирланади. Қора чигирткаларнинг ўзи ҳам хонадонлардан бошпана топади.

Улар хонадон соҳибларига кўникиб, эллашишлари билан кеч оқшомдан то эрта тонгга довур чириллаб чиқишган. Соҳиблар уларнинг тўхтовсиз чириллашига тез орада ўрганишган ва бора-бора унингсиз ухлай олмай қолишган.

Хўш, бундан нима наф? Наф эса йўқ. Қулоғинг тагида қора чигиртка мудом чириллаб турса, бошқа ҳеч нарсани эшитмайсан ва ўғрилар уйингни бемалол шипириб кетади. Ит бошқа гап: у уйга бегона одам яқинлашса, жиллақурса, вовуллаб қўяди.

Аён бўлишича, уйини қўриқлаш борасида қора чигирткалар итлардан қолишмас экан. Итлар бегона одам яқинлашиб келгандагина вовуллайди, қора чигирткалар эса аксинча, тинчиб қолади. Бунинг сири ҳам ана шунда. Тинчликдан безовта бўлиб, уйқудан турган одамлар чақирилмаган меҳмонларга қуролланган ҳолда пешвоз чиққанлар.