Қандай ўргимчаклар заҳарли?

Дунёда ўргимчаклар учрамайдиган жойни топиш амримаҳол. Уларни денгиз сатҳида ҳам, Эверест тоғларида ҳам, ўрмону майсазорларда, ботқоқликларда, саҳрою ерости туйнукларида ҳам кўриш мумкин.

Кўп одамлар ўргимчаклардан чўчишади, дарвоқе, ўргимчакларнинг баъзи турлари чиндан ҳам заҳарли. Икки туридан бошқа ҳамма ўргимчакларда заҳарли безлар бор. Заҳарли бези бор экан, демак, ўргимчаклар одамга хавф солиши мумкин, деган хаёлга борманг.

Ўргимчаклар ўз заҳарли безларини бошқара олади ва ундан алоҳида ҳодисалар талаб этганда фойдаланади. Мисол учун, ўлжаларини тўрида тутиб оладиган ўргимчаклар ўз заҳридан фойдаланмайди. Овга чиқадиганлари ёки гулга қўнган ҳашаротларни пистирмада кузатиб турадиганлари ўз ўлжасини тиши билан тутади ва ўлжасини заҳри ёрдамида ўлдиради.

Ўргимчакларнинг ҳаммаси заҳарларидан ўзларини муҳофаза этиш учун фойдаланади. Улар қопқонга тушиб, қочишга илож тополмай қолганларида заҳри сўнгги ҳимоя воситаси бўлиб хизмат қилади.

Бармоқ билан санарли ўргимчакларнинг заҳри ёмон бўлиб, одамга хавф туғдириши мумкин. Энг хавфлиси қорақурт ёки «қора бева»дир. Урғочисининг бўйи 2 сантиметрга етади, қорнида эса қумсоат шаклидаги қизил нишон бор.

Бу ўргимчак тишлаганда қаттиқ оғритади ва бетоб бўлиб қолиш ҳеч гап эмас. Ўргимчакларнинг инсонга хавф солувчи бир неча тури Австралияда яшайди. Катта бийлар ва банан ўргимчаклари чақса ўлдиради дейишади, аммо ҳозиргача ҳеч кимни ўлдирган эмас. Улар чаққан жойда шиш ҳосил бўлиши ва бир неча кун оғриқ бериб туриши мумкин.

Аксарият ўргимчаклар инсон учун ари ёки қовоғаридек хавф сололмайди. Аслида, кўпгина ўргимчакларни қўлга ушласангиз ҳам чақмайди. Демак, «қора бева»дан ташқари барча ўргимчаклар билан ўзингизни тўла хатарсиз ҳис этасиз.

Ўргимчакларнинг ҳайратга соладиган ўзига хослиги, шубҳасиз, уларнинг тўр тўқишидир. Тола ажралиб чиқаётган модда ўргимчакнинг ошқозон аъзосидаги махсус безларда пайдо бўлади, сўнг бу модда ошқозон учидаги кўп майда тешиклар орқали сизиб чиқади. Суюқ модда ҳавога чиқиши билан қотади.

Тўр тайёрланадиган модда таркиби ўргимчак турига қараб турлича бўлади. Ўргимчак уялари ҳам ҳар хил, ҳатто сувостида бўлиши мумкин!