Коинот ҳақида қанчалик кўп билганинг сайин уни тасаввур қилишинг шунчалик қийинлашиб боравериши ҳайратланарлидир. Бугун биз Коинотга Ер ва Қуёш системасининг бошқа сайёралари билан бир қаторда Қуёш системасининг ўзи ҳам кирадиган Сомон Йўли галактикаси, шунингдек, бошқа галактикалар ҳам киришини яхши биламиз. Фақатгина бизнинг галактикамизда миллиардлаб юлдузлар бор. Бошқа галактикаларда қанча юлдуз борлиги эса ёлғиз Яратганга аён. Инсон аҳли ҳамма нарсани билишга қодир эмас.
Қадим замонларда Коинот ҳақида тасаввурлар жуда жўн булган. Одамлар Қуёш, юлдузлар ва сайёралар Ер атрофида айланувчи майда жисмлар деб ўйлашган. Улар Коинотни ўзлари кўрмоқ истаган шаклда деб билишган, яъни унинг қоқ марказида улкан, текис ва ҳаракатсиз Ер турибди, унинг устида минг-минглаб чироқчалар билан безатилган осмон гумбази ястаниб ётибди.
Коинотни илмий жиҳатдан ўрганишга интилишлар илк марта Қадимги Юнонистонда пайдо бўлди. Аксарият юнон мунажжимлари ҳали-ҳамон Ер ҳаракатсиз ва Коинот марказида туради, деб ҳисоблашар эди. Бироқ машҳур олим Пифагор мелоддан аввалги VI асрда Ер шар шаклида, деб тахмин қилди.
Мелоддан аввалги III асрда яшаган Аристарх, Ер ўз ўқи атрофида, шу билан биргаликда ҳаракатсиз Қуёш атрофида айланади, деган фикрни илгари сурди. Орадан юз йил ўтиб, бошқа бир қадимги юнон мунажжими Птолемей «Альмагест» деган китоб ёзди. У, Коинот марказида Ер туради, деган янглиш нуқтаи назарга қайтиб, Қуёш ва бошқа сайёраларнинг орбитасини Ер атрофида тўхтовсиз ҳаракатда ҳолда тасвирлашга интилди. Коинотнинг у яратган манзараси Европа илм-фанида бир неча асрлар ҳукмронлик қилиб келди.
Фақат 1543 йилга келиб, Николай Коперник Коинотнинг марказида Қуёш туриши тўғрисидаги ғояни қайтадан олға сурди. Сўнгра телескоп кашф этилди ва астрономия фани тараққиёти тезлашиб кетди. Кейинчалик инсоният аста-секин бизни ўраб турган Коинот тўғрисида кўпроқ нарсаларни билиб ола бошлагач, у ҳақдаги замонавий тасаввурлар вужудга келди.
Бундан неча минг йиллар муқаддам мунажжимлар Қуёшни, Ойни ва юлдузларни ўрганиш учун Миср эҳромларидан, минора ва ибодатхоналардан фойдаланган бўлса ажаб эмас. Албатта, у вақтлар одамлар телескоп нималигини билишмаган. Вақт ўтиши билан астрономик асбоблар яратилди, асбобларнинг ўлчами ва миқдори ортиб боргани сайин уларни жойлаштириш учун расадхоналар қурила бошлади. Баъзи расадхоналар қурилганига минг йилдан ошиқроқ вақт бўлди:
Аввало, расадхона қуриладиган жойни тўғри танлаш лозим эди. У ерда об-ҳаво шароитлари қулай, температура мўътадил; қуёшли ва булутсиз кунлар кўп, туман, ёмғир ва қор имкон қадар кам бўлиши талаб этилар эди. Бу жой осмонни кучли ёритадиган ва кузатиш ишларига халал берадиган шаҳар чироқлари ва неон рекламаларидан узоқроқ бўлиши даркор.
Телескоплар билан бир қаторда уй-жойи ҳам бор бинолар мавжуд. Бундай биноларда асбоблар пўлат ва бетон конструкциясига ўрнатилади. Телескоп ўрнатиладиган бино икки қисмдан иборат бўлади. Унинг қуйи қисми ҳаракатсиз, юқори қисми — томи эса айланиши мумкин бўлган гумбаз шаклида бўлади. Гумбазнинг телескоп осмонга қараши мумкин бўлган «тирқиши» бўлади. Гумбаз айлангани сабабли бу тирқиш осмоннинг исталган йўналиши томон очилиши мумкин. Гумбаз ҳам, телескоп ҳам электромотор ёрдамида ҳаракат қилади. Замонавий лабораторияда мунажжим телескопни айлантириши учун бир неча тугмачани босиши кифоя.
Албатта, мунажжим доимо юлдузларни кузатиб туриши учун окуляр (оптик асбобнинг кўзга тутиб қараладиган томондаги шишаси) ёнида бўлиши, боз устига, ўша ерга фотоаппарат ўрнатилган бўлиши лозим. Шунинг учун айрим расадхоналарда пол баландга кўтарилади ёки пастга туширилади, баъзи ҳолларда эса у ерга созланадиган платформа ўрнатилади.
Мунажжимлар осмонни фақат кўз билангина кузатмайди. Уларда телескопга тиркаладиган фотоаппарат, спектроскоп, спектрограф ва спектрогелиограф сингари кўплаб мураккаб асбоблар ва мосламалар ҳам бор. Бу асбоблар уларни муҳим маълумотлар билан таъминлайди.